2. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фанининг методологик илмий-назарий асослари ва усуллари.
Ҳар қандай фан каби Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани ҳам ўзининг методологик илмий-назарий асослари ва тамойилларига эга. Булар Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фанининг асосини ташкил этиб, уни ривожланиши, жамият ва миллат манфаати йўлидаги нуфузининг ортиб бориши учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, илмий-назарий тамойиллар Ватан тарихининг ҳаққоний ёзилиши, тарихий ҳақиқатни юзага чиқишига хизмат қиладилар.
Агар тарих инсоният яшаб ривожланиши учун ижтимоий зарурият ва маънавий-маърифий эҳтиёж бўлса, тарих фани эса, бу эҳтиёжларни рўёбга чиқиши учун маъсул бўлган юксак интеллектуал илмий-амалий фаолиятдир. Бунинг самарали бўлиши, яъни тарих фани ривожланишида методологик илмий ғоя ва назариялар ҳамда усул ва услубий тамойилларнинг аҳамияти бениҳоя каттадир. Чунки булар тарихнинг мазмун ва моҳияти ҳамда фалсафасини чуқурроқ очиб беришга, шунингдек, тарих фанининг мақсад ва вазифасини тўлароқ рўёбга чиқишига бевосита ёрдам беради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон тарихи фанининг методологик илмий-назарий асослари, ғоя ва таълимотлари нималардан иборат бўлиши ўта муҳим масала ҳисобланади. Биринчи Президент Ислом Каримов тарихнинг энг муқаддас миллий ва умуминсоний хотира ҳамда қадрият эканлигини таъкидлаб, «Тарихий хотирасиз келажак йўқ", "Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади”, "Тарих халқ маънавиятининг асосидир" деган тарихий ҳақиқатни тўғри англатувчи ўта теран тарих фалсафасига оид фикрларни олға сурди.
Бу каби тарих фалсафасига оид юксак хулосаларни ўз вақтида буюк миллатпарвар жадидлар ҳам жуда аниқ англаган ҳолда Ватанни озод этиш, миллатни ижтимоий ғафлат уйқусидан уйғотиб тараққий эттириш учун асосий эътиборни тарихга қаратдилар. «Тарихи йўқнинг ўзи йўқ» деган фалсафий тушунчага амал қилиб, тарихда илк бор тарихни ўзлари ташкил этган жадид мактабларида ўқита бошлаши билан, миллатни ўз тарихидан баҳраманд қилишдек ўта буюк маърифат ишига тарихда биринчи бор асос соладилар.
Буюк жадид Абдулла Авлоний сўзи билан айтганда, жадидлар умуман тарбияни, шунингдек, тарих таълими тарбиясини миллат учун «ё ҳаёт- ё нажот, ё ҳалокат - ё саодат, ё фалокат масаласидир» деб билдилар. «Қайси миллат яшашни (равнақу, тараққиётни) истаса, - дейди Абдурауф Фитрат - тарихини билиши лозим бўлади, зеро, тарих бир кўзгуга ўхшайди».
Тарих фалсафаси тарих фанининг методологик илмий-назарий асослари тўғри ва ҳаққоний белгиланишида ўта муҳим аҳамиятга эга. Тарихчи олимлар тарих фалсафасини қанчалик чуқур ва тўғри англасалар, улар тарих фани методологиясини шунчалик мукаммал қилиб белгилай оладилар.
Тарих фалсафаси тарих ва умуман тарихий жараён олимлар томонидан ақлан ҳар томонлама тўғри тасаввур ва ҳис этилишидир. Янада аниқроқ айтсак, тарих фалсафаси тарихий жараённинг мазмуни ва моҳияти ҳамда ривожланиш қонуниятларини ўзида акс эттириш билан бирга, уларни билиш ва ўрганиш, ёзишнинг энг қулай, тўғри ҳамда мақсадга мувофиқ йўли-усулларини белгилайди. Умуман олганда, тарих фалсафаси тарих сабоғи ва тажрибасидан келиб чиқиб, белгиланган объектив хулосадир. Лекин, бу объективлик субъектив характер ва мазмун ҳамда моҳиятга эга бўлади. Чунки бари бир субъект, яъни олим ўз интеллектуал билим салоҳияти, тафаккур доирасидан келиб чиқиб, объективликка ҳаракат қилади.
Бунинг учун эса, тарихчи олимлар бутун инсоният, миллат, халқ ва ўрганиш объекти (маълум мавзу) эволюциясини, унинг маъно ва мазмунини тўғри билиши, таҳлил қила олиши керак. Агар тарих фалсафаси тарихий воқеаликлар таҳлилидан келиб чиқадиган ҳақиқат (хулоса)ларнинг сўздаги аниқ ифодаси бўлса, тарих фани методологияси ана шу тарихий ҳақиқатларни рўёбга чиқиши - тарих ҳақиқий ёзилиши учун бирдан-бир тўғри йўл кўрсатувчи дастурамалдир. Энг қисқа ва тушунарли қилиб айтсак, умуман методология фанларнинг фани яъни дирижёри.
Дастлабки пайтда ҳозирги мустақил давлатлар ҳамжамияти таркибидаги собиқ иттифоқдош мамлакатлар, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ғоявий-назарий, мафкуравий-фалсафий бўшлиқ пайдо бўлди. Бу эса, ўз-ўзидан бошқа мамалакатларда бўлганидек, бизнинг Ватанимиз - Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани услубияти (методолгияси) қайта ишланиши, аниқроғи, бутунлай янгидан яратилишини илмий-ҳаётий заруриятга айлантириб қўйди.
Бу ўта муҳим илмий амалий масалани ишлаб чиқиш, ўз-ўзидан тарихчи ва бошқа олимлар эски, мажбуран, қон ва қатағонлик билан сингдирилган коммунистик ғоя, таълимот ва мафкурадан ҳоли бўлиши учун тарихан ўтиш даврини талаб этиши табий бир ҳол бўлди. Мана шунинг учун ҳам истиқлолдан сўнг тарих ва бошқа гуманитар фанлардан ёзилган дастлабки дарсликларда бу фанларнинг методологик илмий -назарий ва ғоявий асослари ҳамда усулларини кўрсатишнинг иложи бўлмади.
Ўтган истиқлол йилларида тарихчи олимларимиз Ватанимиз тарихини бутунлай янгидан ўрганди ва ўзлаштирди, уни дарсликлар асосида қайта ёзишга муваффақ бўлдилар. Бир қатор монографик асарлар ёзилди ва энг долзарб мавзуларда ўнлаб илмий тадқиқот ишлари олиб борилди ҳамда диссертациялар ҳимоя қилинди.
Буларнинг самараси ўлароқ, кейинги пайтда Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани методологиясини яратиш имконияти пайдо бўлди. Аввало, методология ҳақида тўхталсак, методологиянинг луғавий маъноси грекча «methodos» ва «logos» деган икки сўз бирикмасидан иборат бўлиб, методяъни усул тадқиқот олиб бориш усули (йўли), назария, таълимот, логияэса фандеганидир. Демак-ки, методология, яъни услубият илмий тадқиқот олиб бориш ёки бирор бир масалани илмий ўрганишнинг энг қулай усуллари, энг тўғри ва мукаммал ғояси, назарияси ва таълимотлари мажмуйидан иборат бир бутун фандир. Бошқа маънода эса, методология илмий билиш ёки маълум бир илмий фаолиятни ташкил этиш ва амалга оширишда қўлланиладиган усуллар ҳақидаги фандир. Демак, тарих фани методологияси тарихни ўрганувчи ва ўқитувчиларни аниқ мақсад сари тўғри етаклайди, яъни тарих ҳаққоний ёзилиши ва ўрганилишига йўл-йўриқ кўрсатади.
Тарих фанининг ривожи, унинг методологияси ривожига боғлиқ бўлганидек, тарих фани методологияси юксак даражада такомил топиши тарих фани қай даражада эканлигига ҳам боғлиқ. Бу ҳолдаги узвий икки томонлама боғлиқлик умумий қонуниятидир. Мана шу ўзаро алоқадорлик қонунияти, қадим мумтоз тарихшунослигимиз ва ҳозирги замон тамаддуни цивилизациясига асосланган ҳолда Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани методологиясини қуйидаги икки қисмга бўлиш мумкин.
1. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фанининг услубий (методологик) илмий-назарий,ғоявий-мафкуравий ва фалсафий асослари. Бунга қуйидагилар киради:
- дин билан дунёвийлик ўртасида мўтадил муносабат бўлиши ва дунёвийлик асло даҳрийлик эмаслиги;
- тарихни миллий, умуминсоний, муқаддас ҳодиса ҳамда қадрият деб тушунмоқ;
- тарихга ҳозирги замон цивилизацияси нуқтайи назари ва бағрикенглик асосида ёндашиш;
- тарихий тараққиёт асосини эволюцион тадрижий йўл ва ислоҳотчилик ташкил этади деб англамоқ;
- тарих ва жамият тараққиётини марксча - ленинча сохта инқилобий таълимотга боғлаш, мутлоқ хато, ёввоийлик, аксилинсоний ҳатти-харакат бўлган деб тушунмоқ;
- тарих, жамият ва табиат ҳамда инсоният (барча тарихий воқелик ва жараёнлар) диалектика (Гегель) ҳамда синергетика (Пригожин) қонуниятлари асосларида ривожланиши ҳақиқат эканлиги;
- тарих миллий ва умуминсоний хотира миллат ва халқларнинг жони, тани ҳамда ғоявий-мафкуравий муҳофаза қуроли эканлиги.
2. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фанининг методологик (услубий) илмий-усул ва тамойиллари қуйидагилардан иборат:
• илмий холислик (объективлик);
• тарихий таҳлилийлик;
• мантиқий узвийлик;
• ворислик ва изчиллик;
• хронологик изчиллик;
• ғоявийлик ва ватанпарварлик;
• ҳалоллик ва холислик;
• қиёслаш ва кузатиш;
• кузатиш ва умумийлаштириш;
• бахслашиш, мунозара юритиш ва исботлаш;
• математик ҳисоблаш;
• шакллаш ва моделлаштириш;
• айримликдан умумийликка (индуксия) ва умумийликдан айрим(жузъий)ликка (дедуксия);
• этнография, археология, антропология, генеология, математика ва бошқа фанларнинг ютуқлари ҳамда усулларидан ҳам кенг фойдаланиш;
Бизнинг тарихимиз ҳам, жаҳон тарихи ҳам дин (аниқроғи динлар) тарихи билан узвий боғлиқ. Ижтимоий ҳаётни диндан, динни ижтимоий ҳаётдан ажратиб бўлмайди. Агар ажратилса, тарихга ҳам, динга ҳам мантиққа ҳам зид бўлади. Маълумки, совет тарих фани тарихни сохталаштирди, дин илмга зид. Тарихий тараққиётга тўсқинлик қилади деган даҳрийликка амал қилди. Тарих қандай бўлса, уни шундайлигича ўрганиш устивор бўлмоғи керак, шунинг учун ҳам у дин билан мўтадил, мутаносиблик асосида ўрганилмоғи ҳозир энг асосий зарурият бўлиб турибди. Бу эса, ёшларни ҳар хил дин ниқобидаги динга алоқаси йўқ террористик гуруҳларга адашиб кириб қолишларининг олдини олади, шунингдек, тарихимизни ҳаққоний ва тўла ёзилишига имкон беради.
Тарихий-танқидийлик илмий усул тамойили тарихимизда қадимдан муарриҳлар томонидан қўланиб келинган энг қулай усул ҳисобланади. Бу усул тарихий воқеа ва ҳодисаларнинг нечоғлиқ тўғри ҳамда нотўғрилигини аниқлашга, тарихни ҳаққоний ва тўғри ёзилишига яқиндан ёрдам беради.
Истиқлол туфайли ўз тарихимизни ўзимиз ёзиш ва тарих фани методологиясини ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлдик. Ўтган давр ичида Ўзбекистоннинг янги тарихи ёзилди ва тарих фани тез ривожланди. Бутунлай янги руҳ ва мазмундаги илмий қараш (консепция)лар пайдо бўлди, ўқув қўлланма ва дарсликлар, тарихий асарлар чоп этилди. Бу ўринда юқоридаги методологик илмий-назарий асос ва уларнинг аҳамияти катта бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |