II-БОБ. АФҒОНИСТОНДА МИЛЛИЙ ОЗЧИЛИК МУАММОЛАРИ (ўзбеклар мисолида)
2.1. Афғонистонда ўзбеклар миллий озчилик сифатида
Ҳозирги замон Афғон ҳудудида биринчи турк тилларга мансуб қабилаларнинг пайдо бўлиши, яъни ҳозирги ўзбекларнинг авлодлари V асрнинг иккинчи ярмида эфталитлар ва хионийлар давлатининг таркиб топишига бориб тақалади.
Баъзи бир тадқиқотчиларнинг фикрича, эфталитлар давлатининг пойтахти Бамиан бўлган, иккинчи пойтахти эса Балх ҳисобланган. Эфталитларнинг ерлари шимолий ғарбий Ҳиндистон ҳудудида (ҳозирги Покистонда) бўлган ва улар маъмурий маркази Сакала бўлиб, у ҳозирги Сиолкота яқинида жойлашган.
VI аср ўрталарида эфталитлар давлати инқирозга юз тутиб, парчаланиб кетганидан сўнг, бу давлат ҳудудларининг каттагина қисми сосоний эронларининг чегарасига бириктирилди. Амударёнинг юқори ва ўрта оқимида жойлашган шимолий ва шимолий-шарқий ҳудуд ерларини эса турк хоқонлари бошқара бошлади. Илк этник бирлашув, эфталит давлатининг пайдо бўлишига сабаб, эҳтимол шарқий эрон қабилалари бўлган. Лекин мазкур бирлашувга шунингдек турк ва туркий қабилалар ҳам киришганлигидан археологик ва лингвистик материаллар далолат беради17. Эфталитлар мамлакатининг кенгайиши билан, унга ҳинд-орийлар этник элементлари ва шунингдек Тяньшань ва Еттисойнинг кўчманчи Хун қабиласи бириктирилди. Академик А.Н.Кононовнинг таъкидлашича, «турк» термини биринчи-йиғувчи ном билан кўпгина турли этник ва ирқий қабилаларни бирлаштирувчи сифатида хизмат қилган. Яна VI асрда Зарафшоннинг шимолини эгаллаган барча кўчманчи аҳолини хам турк деб аталганлиги истисно бўлмайди. қадимги турк қабилалари жойлашган асосий туманлар: Муғулистон ва Байкал орти (оғуз, уйғур ва тардуш қабилалари), Олтой (карлуқлар қабиласи), жанубий Сибир ва Саян (биринчи қиргизларнинг жойлашган ерлари), ҳозирги қозоғистоннинг жанубий шарқий қисми-Еттисой (тюргешейлар қабиласи) бўлган.
Эфталитлар босиб олган ерлардаги қабилалар уларга қарам бўлиб, бир қисми шимолда жойлашган ерларга, қолган қисми эса Ҳиндиқушнинг жанубига кўчирилган. Уларнинг ҳозирги Афғонистон ерларига юборилиши, бу давлатнинг этногенези ва этник тарихида катта рол уйнади. Бу нафақат туркий, балки бошқа кўпгина шундай қабилаларга ҳам ўз таъсирини ўтказди.
Шундай қилиб туркий қабилалар, у қабилаларнинг бирлашувига сабаб бўлган хонаж қабиласи пуштун миллатининг пайдо бўлишига сабаб бўлди (пуштунлар қабиласининг энг каттасидан бири гилзоилар генетик томондан келиб чиқади). Келиб чиқиши шарқий пуштунлар қабиласидан бўлган торклоний қабиласи ҳам туркийларга мансубдир, уларнинг асосий қисми Покистоннинг шимолий-ғарбийдаги Баджаур ваколатхонаси ҳудудларида ўрнашишган. Бу ердаги туркий оилалар баъзи шарқий пуштунлар қабилалари таркибига киради, бунга мисол, хаттаклардир. Пуштунларининг этногенезида туркларнинг муҳим ролини ўзининг илмий ишида М.Г.Асланов қайд қилиб ўтган18. Туркий қабилаларнинг афғон ҳудудига кўчиши бир вақтда кечмаган. V асрнинг иккинчи ярмида бошланган бу жараён қарийб XI асргача давом этган.
Ўзбекларнинг этногенези билан шуғулланувчи тадқиқотчилар, бу борада уч асосий босқич ёки кўчиш жараёнини ҳисоблайдилар. Энг биринчи кўчганлар-карлуқлар ҳисобланадилар, VIII асрда улар Амударёнинг юқори қисмида жойлашаганлар, келгуси катта оқим XIV-XV асрга тўғри келади. Шу вақтда шимолий Афғонистонда барлос ва мўғул қабилалари (мўғулларнинг турклашган авлодлари) пайдо бўлди19.
Ниҳоят, XVI асрда дашти кипчоқ ўзбеклари Муҳаммад
Шайбонийхон (1500-1510) даврида каттахон, минглар, сарой,
дурмон ва бошқаларнинг кўчишларига тўғри келади. Муҳаммад
Шайбонийхон босиб олган ерларини бирлашуви феодал давлатининг пайдо бўлишига олиб келди ва унинг асосий қисмини шимолий афғон ерлари ташкил этган.
Унинг ўлимидан сўнг, жанубда Ҳиндиқуш ва Амударёнинг ўрта қисмидаги ҳудудлари учун қарийб 80 йил давомида (1510-1589) Шайбонийлар ва Темурийлар авлодлари ўртасида шафқатсиз жанг бўлди. Бир неча бор бу ерга Эрон шоҳлари ҳам даъво қилишганди. Бу жанг XVII асрда ҳам давом этди. 1637-1647 йилларда буюк мўғуллар сулоласи (бобурийлар салтанати кўплаб хорижий тадқиқотчилар томонидан «Буюк Мўғуллар империяси» сифатида атаб келинган)нинг подшоҳи Шоҳжахон (1627-1658) ҳозирги Афғон ерларини ўзига буйсундиришга ҳаракат қилди.
1646 йилда унинг аскарлари Балхни вақтинча босиб олди, аммо бир оз фурсатдан сўнг, улар чекинишга мажбур бўлдилар. Бухоро, Эрон ва Буюк мўғуллар ўртасидаги рақобат жанубий Афғонистон ҳудудларида жойлашган ўзбекларнинг мустақил давлати кучсизланишига олиб келди. XVI асрнинг 80-йилларида бу ерда кучли Балх хонлиги вужудга келди ва унинг Эрон, Буюк Мўғуллар империяси ва Бухорога қарамлиги фақатгина номинал характерга эга эди.
Фақатгина 1737 йилда бу ер Эрон шоҳи Нодиршоҳ Афшар (1736-1747) томонидан босиб олинган эди. 1747 йил Нодиршоҳ ўлдирилганидан кейин, Амударёнинг чап қирғоғида бир нечта катта бўлмаган ўзбек хонликлари Балх, Шибирғон, Андхой, қундуз, Маймана вужудга келиб, 1750-1752 йилларда афғон давлатининг асосчиси Ахмадшоҳ Дуррони томонидан босиб олинди.
Балх шаҳри афғон ўринбосарининг қароргоҳига айланди, бошқа хонликларда эса маҳаллий ҳукмдорлар қолди. Аммо, Дуррони давлати беқарор бўлиб, 1756 йилга келиб Ахмадшоҳ бу ерга ўзини кучли ҳарбийларини юборди. Ахмадшоҳнинг ўғли ва вориси Темуршоҳ (1773-1793) жанубий Туркистонга ўзининг 4 та ҳарбий экспедициясини жўнатишга мажбур бўлди.
Аммо бу юришлар омадсиз бўлиб, қундуз-қарийб мустақил, Балх ва Ахча қобулнинг кучли давлат эканлигини тан олсада, афғон ҳукмдорларига товон тўлашдан бош тортдилар.
XIX асрнинг бошида ҳамма ўзбек хонликлари (юқорида айтилганидан ташқари, Мазори Шариф, Маймана, Андхой, Шибирғон ва Хулм) бутунлай мустақил бўлишди. Бу хонликлар ичида энг нуфузлиси қундуз хонлиги ҳисобланган.
XIX асрда Аҳмадшох Дуррони томонидан яратилган империя инқирозга юз тутди ва афғон давлатининг янги бирлашуви фақатгина XIX асрнинг ўрталарида, амир Дўстмуҳммадхон даврида юз берди. XIX асрнинг 50-йилларида у Амударёнинг чап қирғоғи ҳудудларини забт этиш мақсадида ўзининг ўғли Муҳаммад Акрамхон бошчилигидаги қуролли кучларни жўнатди. Ўзбек хонликлари (бир-бири билан низода бўлган ўзбек хонликлари бирлаша олмай, уларга қарши туриша олмасдилар) ўзларининг мустақилликларини йуқотдилар.
Уларнинг ерлари ўша ерда ташкил топган афғон Туркистони ерларига бириктирилди ва бу ерларга Дўстмуҳаммад Афзалхонни ўринбосар этиб тайинлади. Дўстмуҳаммаднинг босиб олиш сиёсатини унга Ҳиндистондаги инглиз колониал ҳукумати қўллаб қувватлади, улар амирни қурол-яроғ, маблағ билан таъминлаб, бу билан улар Ўрта Осиёда ўзларининг таъсирини кенгайтириш мақсадини кўзлаган эдилар. Афғонларнинг босқинчилик юришларида маҳаллий аҳолининг ҳосилдор ерлари кўчиб келган пуштунлар томонидан тортиб олинарди. Шу сабабли ўзбеклар шимолга, Амударёнинг ўнг қирғоғига ёки чиқиш қийин бўлган тоғли туманларга қочишига тўғри келди.
Бу жараён ушбу ҳудудларнинг пуштунларнинг мустамлакасига айланиши ва шимолий Афғонистоннинг этник харитасига муҳим ўзгаришлар киритилишига сабаб бўлди. Фақат 3 йилнинг ўзидаёқ 1884-1886 йилларда (1884 йил апрелда афғон ҳарбийлари Майманани босиб олишди, бу ўзбекларнинг охирги мустақиллигини сақлаб қолган хонлик эди) амир Абдураҳмоннинг (1880-1901) фармони билан бу ерга жанубий Афғонистондан 18 минг пуштун оиласи билан кўчирилиб келинди. Бу сиёсат, бир неча йиллар давом этди.
Айниқса, XIX асрнинг 80-90 йилларида Абдурахмонхон ўзбек ерларига, маҳаллий аҳолидан тортиб олинган ва давлат мулки деб эълон қилинган ерларга, гилзои қабиласидан бўлган пуштунларни фаоллик билан кўчириб келди. Абдураҳмонхон ўз рақиблари гилзоиларни кучсизлантиришга ҳаракат қилар ва бир вақтнинг ўзида (жанубнинг бегона ерларида) гилзоиларни марказий ҳокимиятнинг таянчига айлантирди. Бу мақсад томон йўналтирилган сиёсатнинг натижасида жанубий Афғонистондаги ўзбек ерларида бир неча пуштунлар анклави пайдо бўлди.
Буларнинг энг йириги қундузнинг жанубий-ғарбида, Мазори Шарифнинг шимолий-ғарбида, Маймананинг ғарбидан то Ҳиротнинг шимолигача чўзилган ҳудуд бўлиб, бу ерларда пуштунлар, суламонхеллар, носирийлар ва бошқалар ўрнашган эдилар. Маймананинг ғарбида, Туркманистоннинг чегараси яқинида, дуррони қабиласидан чиққан аҳоли билан пуштунлар анклави ташкил этилди.
Файзиободнинг шимолий шарқида, яна бир йирик анклав пайдо бўлди. Яна шу билан бирга амир Абдураҳмоннинг фармонига кўра, 12 минг ўзбек оилалари ўз ерларидан улар учун, этномиллий томондан бегона бўлган муҳитга, қобул ва Жалолободга кўчирилди20.
Яна шуни таъкидлаш керакки, ҳозирги шимолий Афғонистонда яшаган ўзбеклар ерларини афғон ҳарбийлари томонидан истило қилиниши, жамоат тартибини бузиш, босқинчиларнинг бу ерда қилган ишлари, бу ҳудуддаги аҳолининг уларга қаршиликларининг сустлашига олиб келиб, нафақат ўзбек, балки, туркманлар ва тожикларни ҳам, Амударёнинг ўнг қирғоғига кўчишига ва шунинг билан бирга бир неча марта босиб олганларга қарши қуролли чиқишларга сабаб бўлди.
Бу қўзғолонларнинг энг машҳури Муҳаммад Исҳоқон ва Иброҳимбек Лақай номи билан боғлиқ. Муҳаммад Исҳоқон, амир Абдураҳмоннинг амакиваччаси бўлиб, шимолий Афғонистоннинг 4 вилоятининг ўринбосари бўлиб, ўша даврда Мазори Шариф марказий маъмурий шаҳар эди. 1888 йил 18 июлда Муҳаммад Исҳоқон Чор вилоятини мустақил деб эълон қилди. Майманалик ва шунингдек Андхойнинг ўзбеклари қўзғолон жараёнида ўз мустақилликларини эълон қилиб, Туркистондаги маъмуриятга Россиянинг қарам давлати сифатида ўзларининг ички автономиясини қабул қилишга интилиб, ўзларини рус фуқаролигига қабул қилишларини сўраб мурожаат этишади. Аммо, Туркистондаги рус ҳукумати Афғонистонинг ички ишларига аралашмаслик сиёсатига амал қилишади ва 1888 йил кузда амир Абдураҳмонхон бу қўзғолонни бостиради.
Маҳаллий аҳолига нисбатан қаттиқ жазо чорасининг қўлланилиши, ўзбекларнинг кўп қисмини (шунингдек туркман ва тожикларни ҳам) Амударёнинг шимолий қирғоғига кўчишига сабаб бўлди. 1930-1931 йиллар Иброҳимбек Лақай бошчилигидаги ўзбеклар қўзғолони (унга Амударёнинг жанубида яшаётган туркманлар ва тожиклар ёрдам кўрсатишган эди) ҳақида жуда кам маълумот мавжуд.
Ҳозирги вақтгача, айнан шунга бағишланган ягона маълумот, бу Ю.В.Панковскийнинг 1994 йилда чоп этилган мақоласидир21. қўзғолоннинг асосий қуролланган иштирокчилари ўзбеклар бўлсада (авваламбор маҳаллий ва Собиқ итифоқдан келган муҳожирлар қатнашган), юқорида айтилганидек унда шунингдек тожиклар ҳам қатнашиб, Иброҳимбекка қурол аслаҳа ва озиқ-овқат таъминотида ёрдам кўрсатишади. Бунга Иброҳимбекнинг Нодиршоҳ (1929-1933 й.) ҳукумати билан курашишдан мақсад сифатида «афғон тузумини тўнтариб ташлаб, қаттағон ва Бадахшонда мустақил ўзбек ва тожик давлатини барпо этиш» эканлигини эълон қилиши билан боғлиқдир.
Қўзғалоннинг биринчи босқичида (1930 йилнинг ёз ва кузида) Иброҳимбек қўшинларига омад кулиб боқди, Хонобод ва Алиободда улар афғон қўшинини мағлуб этиб, бунда афғонлар фақат ўлганлар ҳисобида 980 та кишини йўқотишади. Афғон қўшинидан озод этилган ҳудудларда Иброҳимбек ўз маъмуриятини ташкил қилди. Фақат 1930 йил охири 1931 йил бошида Афғонистоннинг ҳарбий вазири Шоҳмаҳмудхон (М.Нодиршоҳнинг укаси), қўзғолончилар билан курашнинг бевосита бошлиғи сифатида барча мавжуд кучларини сафарбар этган ҳолда, Иброҳимбекнинг қўшинларини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди.
Юқорида келтирилган маълумотлар ва улар билан боғлиқ
кўчишларга қарамасдан, XX асрнинг ғарб тадқиқотчилари
таъкидлаганларидек, «ўзбек аҳолиси барибир афғон Туркистонининг асосий аҳолиси» бўлиб қолди.
Ўзбеклар яшайдиган ҳудуднинг чегаралари ғарбда Майманадан шарқда Файзиободгача, шимолда Амударёдан Белчигархагача, жанубда Сарипул ва Пули-Хумригача эди. Каттағон асосан ўзбеклардан иборат эди. қундуз, Толиқон, Нохрейн, Ишкашимда ҳам анчагина ўзбеклар аҳолиси яшарди.
Шимолий Афғонистоннинг ўзбеклари каттагина ҳудудларни
эгалаб турганларини совет тадқиқотчилари ҳам тасдиқлаган. Совет
тадқиқотчилари ўзбеклар яшайдиган вилоятлар сифатида Маймана,
Мазори-Шариф, Балх, Шибирғон, Хонобод, Қундуз, Тошқўрғонларни билишди. Шунингдек улар Бадахшонда, Об туманида (Ҳирот шаҳри) ва Мукур (Ғазна шаҳри)да ҳам ўзбек аҳолисини кузатишди.
Афғонистонда ҳеч қачон замон талабига жавоб берадиган даражада аҳоли сонини қайд қилинмаганлиги, у ердаги ўзбек аҳолисининг (шунингдек бошқа миллатлар ҳам) сони ҳақида аниқ маълумот йўқлигига сабаб бўлиб, мавжуд маълумотлар фақат тахминий характерга эга эди. Ўз ишининг мутахассиси бўлган А.Е. Снесарёвнинг 1921 йилда ёзишича: «менинг тахминимча улар(ўзбеклар) 800 мингта». А.А.Полякни фикрича, Афғонистонда ўзбеклар 1960 йилда қарийб 1.2 млн. ҳисобланган22.
С.И.Брук 1986 йил бу давлатда ўзбекларни 1500 минг ҳисоблаган. Покистонлик муаллифлардан бири А.В.Гамрани 1975 йил 581 мингта деб ёзган. Америкалик эксперт З.Халилзод 1981 йил (тадқиқотчи А.Жанатага эргашган ҳолда) ўзбеклар Афғонистоннинг 10 фоизни ташкил этади ва уларнинг сони 100 мингта (таъкидлаб ўтиш керакки, иккала автор ҳам С.И.Брукнинг 1955 йил қилган тадқиқотларига суянган ҳолда тахмин қилишган) деб ҳисоблаган23.
Америкалик афғоншунос тадқиқотчи Л.Дюпре 1980 йилда ёзишича, ўзбекларнинг сони қарийб бир миллион бўлган. 70 йилларда М.Гулжонованинг йиққан маълумотларига кўра Афғонистоннинг 4 та вилояти (Балх, Фарёб, Самангон, Жузжон)да ўзбекларнинг сони 479 минг бўлиб, улар аҳолининг 23.7 фоизни ташкил қилган24.
Самангоннинг маъмурий маркази бўлган Ойбек шаҳри аҳолисининг кўпчилигини ўзбеклар ташкил қилган. Жанубда Шибирғонда (60 фоиз), Жузжоннинг марказида ва яна Фарёб вилоятининг баъзи бир жойларида ҳам ўзбек аҳолиси каттагина миқдорни ташкил қилган. Шунингдек шимолий Афғонистондан ташқари, ўзбеклар бошқа вилоятларда ҳам яшаган.
Мисол учун: 1987 йил қобулда 10 минг ўзбеклар яшаган. Мутахассисларнинг фикрича, Афғонистонда кўп йиллар давом этган фуқаролар уруши, у ердаги аҳолининг жойлашувини ўзгаришига олиб келди. Давлатнинг шимолий вилоятларида яшаётган пуштунлар нисбатан тинч туманларга кўчишга қарор қилдилар. Шу вақтнинг ўзида шимолий шаҳарлардан чиққан афғонлар яъни ўзбеклар, тожиклар, туркманлар ва бошқа миллат вакиллари ўз вилоятларига Ҳиндуқушнинг шимолига қайтишди. Шу сабабли, 1979-1986 йил Фарёб шаҳрида ўзбек аҳолисининг сони 39,9 фоиздан 55,9 фоизга кўтарилди.
Сиёсатшунос олимлар Р.Т.Абрамович, А.А.Поляков, Н.И. Семёновларнинг ўтказган тадқиқотларининг хулосаларига таяниб А.Шомансурова 60 йил охирларида шимолий Афғонистонда ўзбек аҳолисининг сонини 1,661 минг деб кўрсатган. Унинг айтишича, Амударё водийси ва Ҳиндиқушнинг тоғли районларининг асосий қисми ўзбеклар бўлган25.
БМТ маълумотининг охирги натижасига кўра, ҳозирги вақтда шимолий Афғонистон вилоятларига 1.7 миллиондан кўпроқ ўзбеклар яшайди, лекин шимолий Афғонистондаги ўзбеклар таркибининг келтирилган кўрсаткичи бирмунча нисбийдир, чунки буни амалий текшириб бўлмайди. Масалан, Тошкентдаги Афғонистон элчихонасининг маданий ишлари буйича атташе Ф. Аймак фикрича, «келтирилган рақамлар ҳақиқатга яқин эмас»26. Унинг таъкидлашича, «Фарёб вилоятининг ўзида икки миллионга яқин этник ўзбеклар мавжуд. Бундан ташқари шимолий Афғонистондаги яна саккиз вилоят аҳолиси таркибининг асосий қисмини ҳам ўзбеклар ташкил қилади».
Шу билан бирга Марказий Осиё тадқиқоти бўйича Европа жамоатчилиги (ESCAS) вакили Г.Р.Палечек белгиладики, Афғонистондаги ўзбеклар миқдори ўсмоқда ва ҳозир, «баъзи маълумотлар бўйича, мамлакат жами аҳолисининг 10 фоизга яқинни ташкил этади»27. Аммо, бунинг аниқ кўрсаткичини фақатгина Афғонистондаги аҳоли сонини расман ҳисоблагандан сўнг аниқ айтиш мумкин.
Ўзбекларнинг шимолий Афғонистондаги сонини ҳисоблашда, яна шуни айтиш керакки, 20-30 йилларда ўзбеклар сони Ўрта Осиё республикаларидан келаган мухожирлар ҳисобига ўсди. /арб тадқиқотчилари, 1976-1977 йилларда қундузда ўтказилган текширувига кўра, Фарғонадан келган ўзбек мухожирлари ва уларнинг авлодлари (ўзларини мусулмон «мухожирлар» деб аташган) бу шаҳар аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилган. Бундай катта оқимнинг келишига сабаб, Ўрта Осиёда 1918-1925 йил (босмачиларга қарши кураш ва фуқаролар уруши); 1928-1932 йил (босмачиларнинг қайта ҳаракати); 1937-1938 йил (30 йилларнинг оммавий репрессияси) воқеалари сабаб бўлган.
А.Шомансурованинг илмий хулосаларига кўра 1960 йиллар атрофида Афғонистон ва Ўрта Шарқнинг бошқа давлатларида 250 минг Ўрта Осиёлик мухожирлар ва уларнинг авлодлари яшаган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, кўп миллатли Афғонистоннинг кўҳна тарихи шундан гувоҳлик берадики, Афғонистондаги ўзбеклар ўзининг кўп асрлик тарихига эга бўлиб, уларнинг турмуш тарзи ўзига хос характерга эгадир. Шу билан бирга таъкидлаш керакки, сиёсий бошқарувда ҳам уларнинг ўрни алоҳида бўлиб, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини белгилашда ўзбек диаспораси фаол қатнашиб келмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |