Шаҳар –– Давлат
Муҳаммад Мадинага илк бор қадам қўйганда ёлғиз расулиллоҳ –– пайғамбар эди. Сиёсий ҳокимиятга эга эмасди. Ўшанда Ясриб ягона бошқарув иродасига эга бўлмаган шаҳар эди. Бу ерда ўз бошича мустақил турли қабилалар яшар ва улар орасида доимий низо ва жанжаллар бўлиб турарди.
Муҳаммадни барча ягон йўлбошчи сифатида тан олгач, у турли–туман қабилаларни бирлаштиради ва Мадинани шаҳар –– давлатга айлантиради. Бу ернинг тупроғи унумдор, экин–тикин қилишга қулай эди. Мадина ўзини ўзи боқа оларди. Бирлашган ва ўз–ўзини таъминлай олувчи Мадина тезда кучайиб, Маккадан ўзиб кетади. Кўп ўтмай, шаҳар–давлат –– йирик давлатга айланади, кейинчалик эса бутун Арабистонни эгаллаб, Фаластин ва Ироқнинг жанубий вилоятларини ҳам ўз ичига олган салтанат бўлиб майдонга чиқади.
Муҳаммад моҳир ташкилотчи эди. Мадина марказлашган давлатнинг пойтахти бўлиб, мусулмончиликни қабул қилган ҳар бир қабила ери мамлакатга янги вилоят бўлиб қўшилади. Пайғамбар ҳар гал вилоят ҳокимини ерли халқнинг ўзидан тайинлайди. Бу, бир томондан, давлатга қулай бўлса (чунки, сарф–харажат озроқ бўларди), иккинчи ёқдан, ўз юрти шароитини яхши билган ҳокимга ҳам қулай эди, кўп қабилалар бегоналарнинг ўзлари устидан ҳукмронлигини ёқтиришмасди.
Бу муҳим масалаларни ҳал этишда пайғамбар кўпчиликка суянишга, ҳар бир киши фикрини инобатга олишга интиларди. Масалан, бир гал жангда ўлжа олиш масаласи кўтарилганда у барча вилоят ҳокимларига ҳар бир аскарнинг бу борадаги фикрини билишни тайинлаган эди. Сўнг яна шу асосда маълум бир қарорга келишган эди. У ана шу йўсинда ҳамиша халқчил йўл тутарди, ҳамма билан теппа–тенг муомала қиларди. Пайғамбар барча масалада сўнги ҳакам эди. Шу туфайли қабилалар ўзаро ҳақиқат талашмас, ҳамиша Муҳаммаднинг фикрига суянишар, унинг холислиги ва одиллигига шубҳа қилишмасди.
Мадинадаги масжиди жомега туташ «суфа» ёки «мактаб» халқ дорилфунуни вазифасини ўтар, бу ерда одамларга яшаш дарси ўқитиларди. Пайғамбар талабаларга Каломи Шариф –– Қуръонни талқин этарди. Мактабнинг икки–уч хизматчиси бўлиб, улар чироқларни ёқиш, ҳамма ёқни супуриб–сидириб, озода–саришта тутишга мутасадди эдилар.
Дастлаб исломни қабул қилганларни Пайғамбарнинг ўзи рўйхатга олган, кейинчалик мусулмонлар сони кўпайиб кетгач, бу ишга бир неча котиблар жалб этилганди.
Авваллари бирор нима инъом этишса Пайғамбар уни дарҳол бева–бечораларга тарқатарди. Кейинчалик «Байтул мол» номи билан махсус иморат қурилди, ақча, мева–чева, қўй ва эчкилар шу ерда сақланадиган ва муҳтожларга бўлиштирилиб бериладиган бўлди. Хизматчилар сони сони ошиб бораверади. Чорвани боқишга ёлғиз чўпонлар эмас, уларни ҳисоб–китоб қилувчи соноқчилар ҳам етишмай қолади. Аҳоли учун закот жорий этилади, Мадинага мол олиб кирувчи савдогарларга бож–хирож солинади. Аҳоли кўпайгани сайин бозорлар гавжумлашиб, уларга махсус нозирлар тайинланади. Шундай нозирлардан бири Шифо бинт Абдулла деган аёл эди.
Жисмоний тарбия ва ҳарбий машқларга қизиқиш ортади. Камонда ўқ узиш бўйича доимий мусобақалар ўтказилиб, ғолибларга совринни Муҳаммаднинг ўзи топширади. Воқеанавислар ҳам ички, ҳам ташқи аҳволдан уни яхши хабардор қилиб туришади. Чунончи, Маккада, Тоифда, Сурия ва бошқа жойларда қандай воқеалар кечаётгани Пайғамбарга мунтазам етказилиб борилади.
Вақт ўтиши билан даромад, сарф–харажат, хайрия, жанг, маъмурият ва адлия девонлари тузилиб, улар учун муҳрлар ўйилади ва муҳрдорлар тайинланади.
Пайғамбар мусулмончилик учун бешта нарсани фарз деб кўрсатади:
1) Худога, унинг китоби ва пайғамбарига имон келтириш;
2) Ҳар куни беш вақт намоз ўқиш;
3) Рамазонда бир ой рўза тутиш;
4) Хайри–худойи йўлида закот тўлаш;
5) Имкон борича бир бор Макка зиёратига бориб, ҳаж расмини адо этиш.
Одатда жангда қўлга киритилган ўлжалар Байтул молга топширилар эди. Аммо Ҳунайн жангида қўлга киритилган бир мунча ақча ва ўлжаларни Муҳаммад қурайшларга қайтаради. Ансорлар бундан норози бўлишади. Бу гапни эшитиб Пайғамбар ранжийди: «Сизга қўй–эчкилар керакми ёки худонинг расулими?» –– деб сўрайди Муҳаммад. «Худонинг расули, –– деб жавоб беришади ансорлар. –– У бизга ҳамроҳ экан, ҳеч нарсага муҳтожлигимиз бўлмагай».
Пайғамбар иккинчи йил Маккада экан, бир куни ибодат чоғи унга тўсатдан ваҳий келади. У Қуддусга қараб намоз ўқиётган эди. Худонинг амри билан юзини Каъбага буради. Шу–шу бутун дунё мусулмонлари Маккага қараб намоз ўқийдиган бўлишади.
Пайғамбар худо сўзларини инсонлар орасига ёйиш учун куч–ғайратини аямайди. У Абиссиния, Византия, Миср ва Эрон подшоларига элчилар йўллаб, уларни ягона худога сиғинишга ундайди. Негус Аллоҳга имон келтиради, Миср подшоси ҳурмат–эҳтиром изҳор этиб, совға–саломлар юборади. Бу совға–саломлар орасида Арабистонда ғоят нодир ҳисобланган оқ тулпор ҳам бор эди. Уни «дулдул» деб аташарди. Византия императори айрим масалаларни сўраб–суриштириш учун вакил жўнатади, аммо Эрон шоҳи Хусрав Парвез пайғамбар мактубини йиртиб, бурдалаб ташлайди.
«Яхши иш қилмапти», дейди буни эшитиб Муҳаммад. Орадан кўп ўтмай, Хусрав Парвезнинг ўғли Шеруя исён кўтариб, отасини қатл этади. Эрон тупроғи узоқ йиллар ўзаро уруш–талашлар гирдобида қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |