САНЖАР
Санжар, чимилдиқни кўрмаган Санжар, Менга тегмасмиди сенга теккан ўқ.
Номус азобида юрагим санчар, Дунёда номусдан ёмон нарса йўқ.
Энди ўқлар тингач, тингач паймона, Жонсиз танинг узра ким у парвона? Энди ширин сўзлар бари афсона, — Ёлғон муҳаббатдан ёлғон нарса йўқ.
Бормай ётоғингга қўлгинанг чўзиб, Ётарсан тош йўлда сочларинг тўзиб. Руҳинг чирқирайди дунёни бузиб,
Сенинг арвоҳингдан сарсон нарса йўқ.
Ажал бўйнин силаб дўстларинг ётар, Бири қон беради, бири қон ютар.
Бир кун уларнинг ҳам уволи тутар, Толиб уволидан ёмон нарса йўқ.
Сен ўлдинг,
Мен қайта туғилган куним,
Қўлимда қаламмас, бу — ханжар, иним, Ай, Санжар инима —
Ай, Санжар иним,
Ўзбекнинг жонидан арзон нарса йўқ!
МАРҒИЛОНДА ...
Марғилонда нима ғавғо, Марғилонда, Қон изига кўзим тушди дастурхонда. Нима айб бешиқдаги гўдак жонда,
Ўзбек билан туркни кимлар уриштирди.
Эй, қоракўз оғажоним, отма мени, Отиб қўйиб гуноҳларга ботма мени. Ёв тўқиган ёлғон гапга сотма мени...
Ўзбек билан туркни кимлар уриштирди.
Ким қайғурсин — оғаси бир, иниси бир, Эл қийраса элати бир, улуси бир,
Оғир кунда азаси бир, йиғиси бир — Ўзбек билан туркни кимлар уриштирди.
Қондош эдинг, ноланг менинг нолам бўлди, Онанг менинг онам, боланг болам бўлди.
Кирқ йилдан сўнг қара, қизиқ олам бўлди, Ўзбек билан туркни кимлар уриштирди.
Дунё ўйинларин ўйлаб ўйим ёнди,
Сенинг уйинг эмас, менинг уйим ёнди. Минг йиллик бўз кўйлагим, тўним ёнди, Ўзбек билан туркни кимлар уриштирди.
Марғилонда нима ғавғо, Марғилонда, Кўзим тушди қон изига дастурхонда. Нима айб бешикдаги мурғак жонда,
Ўзбек билан туркни кимлар уриштирди.
ТЎН ҲАҚИДА ШЕЪР
Ўзбекнинг тўнининг енглари узун, Ўзбекнинг жўнининг енглари узун.
Енги узун кўйлак кийманглар, қизлар, Маданият даргоҳида ўқисангизлар.
Тили узун бўлсин инсон деганнинг, Эътиқод деганнинг, иймон деганнинг. Қошга ўсма қўйманг, қўйманглар қизлар, Маданият даргоҳида ўқисангизлар.
Иякдан кўзгача суринглар упа, Қулоқ тагига ҳам уринглар упа. Европачасига бўялсин юзлар, Маданият даргоҳида ўқисангизлар.
Сизга ҳам гапим бор, аҳли эркаклар, Дўппи киймай юринг, кийманг телпаклар. Кийин бўлар сизга шляпасизлар,
Маданият даргоҳида ўқисангизлар.
Турсунали полвон, Лочин полвонлар, Сизни кутар бунда минг имтиҳонлар. Муаллим гапини қонун денг сизлар, Маданият даргоҳида ўқисангизлар.
Бу шеърим шунчаки ёзилгани йўқ, Ёзилса ҳам ҳали босилгани йўқ.
Тўнимизга кимлар осилгани йўқ — Маданият даргоҳида ўқисак бизлар!
Do'stlaringiz bilan baham: |