СЕН ПАХТА ТЕРАРДИНГ
Сен пахта терардинг етти букилиб,
Пайкалингда эдинг, эй онажоним. Ўзбекмисиз, дея ғалати кулиб,
Мендан сўраб қолди бир танноз хоним.
Таннозлар билан не ишим бор. Ёраб,
Аммо тушундим бу ишорасига. Қаршимда турарди у эрмакталаб, Малика боққандек фуқаросига...
Мана, газеталар чиқди қўйнидан, Ҳаммаси ўзича қилади талқин.
Тиллолар топилган эмиш уйингдан, Олтинга кўмилиб қолибсан, халқим.
Сен нега Қримга бормайсан ёзда, Ёки сен отангнинг ўгай ўғлисан?! Сўкса индамайсан, кўйми-тўқлисан, Урса йиғламайсан, демак — ўғрисан!
Саҳардан шомгача мўлтираб, кўзинг Кўрмай қолгунича чопдинг далангни. Ўғирлик қилмасанг, айт ахир ўзинг, Қандай боқаяпсан шунча болангни.
Хоним нигоҳидан уққанларим бу,
Кўнглимдан кечганин билиб туради. Ясама юзида ясама қайғу,
Ўзбекмисан, дея кулиб туради...
Бир боплай дедиму тилимни тийдим, Майли, одам қуриб шунга сўз дейми. Ўзбекни ер танир,
Осмон танийди.
Таннозлар қаёқдан билсин ўзбекни!
БОБОДЕҲҚОНИМ
Ер айланар, Ер айланар,
Ер югуриб тинмайди,
Яктагингнинг енгларидан Тер югуриб тинмайди, Қўлинг тегмай бу дунёда Битта гиёҳ унмайди,
Тин билмаган жоним менинг, Бободехқоним менинг.
Офтоб чиқар, Офтоб ботар,
Чўғлар сочиб танангга,
Бир кунгина бормай қўйсанг Нима қилар далангга?..
Бир шонача парвоналар Бўлолмайсан болангга,
Ташнаи нолоним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Иш дегани фақат сенга Чиққанми ё эй мўмин,
Қора меҳнат йўргагингдан Юққанми ё эй мўмин?
Онанг сени пахтазорда Туққанми ё эй мўмин?..
Қадоққўл-товоним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Ёруғ юзим, Кўк ёришиб
Кетгайдир бир жилмайсанг, Дунёларни оққа ўраб
Қўйганингни билмайсан, Уйингда ҳам,
Тўйингда ҳам Пайкалингни ўйлайсан,
Содда дил — имоним менинг, Бободеҳқоним менинг...
Ким толиқди чўл бағрида Бўстонларни яратиб, Қора денгиз бўйларида
Ким кезар жон яйратиб, Минбар тўла гапга чечан Нотиқларни сайратиб, Ўзи безабоним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Шийпонларда ўлтирардинг Кўтаролмай белингни,
Семиз вакил мактабидан Ҳайдаб келди ўғлингни, Кеч куз эди, ечиб бердинг Эгнингдаги тўнингни:
Ол, кийвол, полвоним менинг... Бободеҳконим менинг.
Болажоним,
Сен-ку келдинг,
Жонинг ачиб отангга, Ҳатто сенинг меҳнатингни Билмадилар, аттанг-а...
Пўчоқни ҳам пахта қилиб Топширганлар Ватанга!.. Топгани талоним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Олам яралгандан буён Деҳқон кимни алдабди,
Деҳқон қўлин қабартирган Кетмон кимни алдабди, Ўзбегимнинг пешволари Ўзбегимни алдабди...
Оҳ, лолу ҳайроним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Соддадилим, Сен-да суйиб
Ишонгандинг уларга,
Тонгин тонгга улаб меҳнат Қилдингми тулкиларга,
Бир қўлингнинг фурсати йўқ Бир қўлингни силарга,
Меҳнати армоним менинг, Бободеҳқоним менннг.
Жоним бобом, Гапир сен ҳам
Бундоқ ҳолу аҳволинг, Балиқ бўлиб уватларда Сузиб юрар хаёлинг,
Сени сотган олчоқларга Йўқмиди бир саволинг?..
Эҳ, оғир карвоним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Нега хомуш ерга боқдинг, Бўйингдан айланайин,
Шу топда кўнглингдан кечган Ўйингдан айланайин:
Арпа эккан — арпа ўрар, Буғдой эккан — буғдойин!.. Ҳалол тузу ноним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Замин аро тирикликни Бор қилгувчи ўзингсан. Ё гулизор
Ё ташнаи
Зор қилгувчи ўзингсан, Оби ҳаёт таратгувчи Буюк сувчи ўзингсан,
Тинчликка посбоним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Сен ҳамиша ҳақ томонсан, Сен ҳақиқат томонсан
Инсон зотин ёруғликка Етакловчи сорбонсан, Ўзинг бемор,
Ўзинг табиб,
Ўзинг малҳам, дармонсан, Бағри кенг осмоним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Ер айланар, Ер айланар,
Ер югуриб тинмайди,
Сенинг ойдек юзларингдан Тер югуриб тинмайди,
Қўлинг тегмай бу дунёда Битта гиёҳ унмайди,
Тин билмаган жоним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Элим ризқи мудом сенинг Пешонангнинг терида, Элим ризқи етилгайдир Юрагингнинг қўрида, Савлат тўкиб ўтирганим Қурултойлар тўрида — Беқасам чопоним менинг, Бободеҳқоним менинг.
Мен ҳам сенинг тузу нонинг Ичиб юрган болангман,
Шоирман деб қушдай қўниб, Учиб юрган болангман, Ўзинг билан пайкалда сув
Кечиб юрган болангман — Сенга бу достоним менинг, Бободеҳқоним менинг...
Do'stlaringiz bilan baham: |