* * *
Отдим вақт юкини елкадан оша,
Йўлдан сурдим темир панжарасини, Кўзимга ёш олиб қилдим томоша, Ҳазрат Баҳовиддин мақбарасини.
Бухорои шариф, муқаддас бешик, Не-не алломалар дунёга келган.
Бунга шоҳлар кирган кавушин ечиб, Бу жойга амирлар пиёда келган.
Мен бир ғариб шоир, мен шоҳ эмасман, Айбим ҳам эмасдир бўлолмаганим.
Фақир бўлиб ҳам бегуноҳ эмасман, Гуноҳим — ўттиз йил келолмаганим!..
* * *
Асли дунё надир — Саҳрои кабир, Агар азиз эрса одам-да, азиз.
Дунёга келдингми, дардингдан гапир, Умринг ўлчаб қўймиш саробни хасис.
Мен бобом руҳини зиёрат айлаб
Карвонидан ажраб келган бўтаман.
Карвон Вақт турибди йўлимни пойлаб, Изимни совутмай изимга қайтаман.
Лекин руҳим қолар шу харобада,
Руҳимнинг руҳларга йўл — йўлаги бор. Аждодим кўмилган ҳар сардобада,
Менинг жонимнинг ҳам бир бўлаги бор...
Отдим Вақт тош юкин бошимдан оша, Йўлдан сурдим темир панжарасини, Кўзимга ёш тўлиб қилдим томоша, Ҳазрат Баҳовиддин мақбарасини.
* * *
Ҳофизларнинг билмагани йўқ. Айниқса, мен билган ҳофизнинг. Чунки у жаҳонгашта. У айтдики, Бухорода бир мақбара бор.
Кимки қандай ният қилиб, ихлос билан атрофидан етти бор айланса тилаги бажо бўлгай!..
Мақбарада тумонат одам. Бироқ, ҳатто бухороликлар ҳам бу ҳикматни билишмас экан. Ҳофизга қараб ғалати жилмайдим. У астойдил ҳафа бўлди. Шу асно бир автобус ажнабийлар келиб қолди. Фаранглар экан.
Ҳайратимни ошириб улар мақбарани етти мартадан айлана бошлашди-ку.
Ёш-яланглари хиёл кулимсираб, ҳазил аралаш, аммо ёши улуғлари жиддий ва ихлос ила айланишди.
Фарантлар кетишди. Ҳофиз ҳикмати яна ҳикматга айланди. Мақбара эса нураб бораётир.
Бухоро, сен буюк ҳикматсан. Ўз боланг ҳам қадрига етмаган ҳикмат.
Сени тўкилаётганинг шундан эмасми?
* * *
Биз сув ичган қудуқ ёдингиздами, Баланд меҳробдаги муқаддас калом? Лабимда минг йиллик ҳарорат таъми, Мен бошқа одамман,
Мен бошқа одам.
Қаърига қарадим — кўзларим тинди. Йўқ, кўзим очилди — қўйдиму қадам. Ҳайратим қудуққа тўкилди, энди
Мен бошқа одамман, Мен бошқа одам.
Мен сени ахтариб йиғлаб юрувдим, Имоним, сен менинг топилган болам. Чашмаи зилолда юзимни ювдим,
Мен бошқа одамман, Мен бошқа одам...
Олисда солланар қуш босган боғлар, Бунда хўрсинар бир қуриган бодом. Беэга масканлар бағримни доғлар, Мен бошқа одамман,
Мен бошқа одам.
Қанча қуш кўрмадим кириб шу ёшга, Ҳаммаси сайроқи, хаммаси ҳотам.
Улар ҳам булбулу қудуғи бошқа, Сиз бошқа оламсиз,
Сиз бошқа одам...
Ҳеч ким ёполмас бу кўҳна қудуқни, Бу қудуқ ёнидан ўтгай бор олам.
Юракка жойладик илоҳий ишқни, Биз бошқа одаммиз,
Биз бошқа одам.
Do'stlaringiz bilan baham: |