Ғўзани униб чиққандан гуллаш давригача суғориш. Ғўзанинг дастлабки ривожланиш фазасидан гуллашгача ўсув органлари ва илдиз тизими шаклланади. Бу даврда ўсув органларини бир меъёрда ўсишини ҳамда илдиз тизимини нисбатан кучли ривожланишини таъминлайдиган суғориш тартибини қўллаш жуда муҳим ҳисобланади.
Ўсимликнинг илдиз тизими ривожланган қатламда тупроқ намлигининг ҳаддан ташқари кўп бўлиши, ғўза бўйининг чўзилиб кетишига, бўғин оралиқларини 4-5 см. ўрнига 6-8 см. га етишига,
шоҳлар юқори жойлашиб, ҳосилга путур етишига олиб келади.
Гуллаш-мева тугиш даврида суғориш. Бу даврда ғўза гулга кириши билан барглар юзаси ошади, илдиз тизими кучли ривожланади, 1 метр ва ундан кўпроқ чуқурлашади. Вегетатив органларни ўсиб бориши билан мева органлари шаклланади. Ғўза тупи тобора кўп сув буғлатади. Бу вақтда бир гектар даланинг сув сарфлаши суткасига 70-90 м3 гача ва ундан ҳам кўпга ошади. Шу боисдан кўп миқдордаги сув ва озиқ моддалари талаб этилади. Бу даврда ғўзани шундай суғориш керакки, токи генерация жараёни вегетация жараёнидан устун келсин, остки ва ўрта ярусларда имкони борича кўп ҳосил элементлари сақланиб қолсин. Суғоришни озгина бўлсада кечиктирилиши ва баргларнинг тўқ тус олиши ғўза тупининг биринчи ва ўрта ярусларидаги шона, тугунчаларнинг кўплаб тўкилишига сабаб бўлиб, ҳосилни пасайтириб юборади.
Ғўзага ҳосил тугиш даврида ҳаддан ташқари ортиқча сув бериш ҳам хавфлидир. Чунки ғўза зўр бериб ўсиб, обдон барглайди ва ғовлаб кетади. Ғўзани ғовлаб қалин сояланиши ҳамда тупроқнинг ортиқча намланиши натижасида шона ва тугунчалар кўп тўкилади. Оқибатда кўрак пайдо бўлиши ҳам, ҳосилнинг шаклланиши ҳам кечикади. Суғоришни шундай ўтказиш лозимки, токи гуллар ўсув нуқтаси томон аста-секин кўтарилсин, бош поянинг бўйи эса кўпи билан 90-100 см, бўғим оралиғи қисқа (4-5 см.) бўлиб, ётиб қолмасин. Ҳосил пишиши давридаги суғоришлар. Ғўза етилиш даврига кириши билан унинг ўсиш жараёнлари секинлашади. Бу вақтда озиқ моддалар барглар ва поялардан кўсаклар томон зўр бериб ўтади; траспирацияга ва тупроқ юзасидан буғланишга кунига хар гектар майдондан 30-40 м3 сув сарфланади. Кечиктирилган ёки катта меъёрлардаги суғоришлар натижасида тупроқ совуб, қаторлардаги ҳавонинг намлиги ошади, шоҳлар қайта ўса бошлайди, тупларнинг
ётиб қолиш эҳтимоли ошади, ҳосилнинг пишиши секинлашади.
Сув ғўза ҳаётида энг муҳим омиллардан биридир. Биринчидан, сув етишмаса ғўза маромида ўсиб ҳосил бермайди, иккинчидан, тупроқ ва ҳавонинг ортиқча намлигига чидаш бера олмайди (айниқса ҳарорат паст бўлганда). Ортиқча намлик ва паст ҳароратда ғўза
замбуруғли касаллик ва зараркунандалар билан кучли зарарланади. Битта кўсак шаклланиши учун 1 м3 сув талаб этилиши аниқланган. Ғўза кам сув ичганда ўсиши секинлашади, кам кўсак ҳосил бўлади, уларнинг кўпи тўкилади, кўсаклар эрта очилади, чигити пуч бўлиб қолади. Ғўза гуллагунча ўртача суткалик сув сарфи гектарига 35-40 м3, гуллаш-ҳосил тугиш даврида 60-90 м3, ҳосил пишиш даврида 35-50 м3 ни ташкил этади.
Ғўза навларида транспирация коэффициенти бутун ўсув даврида ўртача 600-700 дан 1000 гача бўлади. Лекин, ўсимликнинг ўсиш шароитига қараб кўпинча 400 билан 800 орасида ўзгаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |