2. Трансформация Трансформация – молиявий ҳисоботни тузиш учун зарур бўлган маълумотни олиш мақсадида синов балансидаги ҳисобварақлар қолдиқларини ўзгартиришдир. Бухгалтерия баланси ҳисобот даврига корхона активлари, мажбуриятлари ва капитали, фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисобот эса – маълум даврга корхонанинг барча даромадлар ва харажатлари ҳақидаги маълумотларни акс эттиради. Аксарият операциялар нафақат ҳисобот даврига, балким битта ва ундан ортиқ даврларга тааллуқли бўлгани сабабли, трансформация жараёнига зарурият пайдо бўлади.
Трансформация жараёни Трансформация тузатиш (трансформациявий) ўтказмаси деб номланган бухгалтерия ёзуви билан расмийлаштирилади. У битта ёки бир нечта доимий (баланс) ҳисобварақларда ёзувлар ҳамда бир ёки бир неча вақтинчалик (фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисобот) ҳисобварақлардаги ёзувлардан иборатдир. Трансформация муддатни узайтириш ёки ҳисоблаш шаклида амалга оширилади.
Муддатни узайтириш – тўланган харажатлар ёки пули олинган тушимни тан олиш муддатини кечиктиришдир.
Ҳисоблаш – пайдо бўлган харажатларни ёки ишлаб топилган, аммо рўйхатдан ўтказилмаган даромадларни тан олиш.
Даромад ва харажатларни икки ёки ундан кўпроқ ҳисобот даврига ўтказиш (муддатни узайтириш) Аввалдан тўланган харажатлар бир даврда пули тўланади ва бир неча келгуси даврларда тан олинади. Бундай харажатларга ижара ҳақи, таълим харажатлари, суғурта харажатларини киритиш мумкин.
Эскириш ёки асосий воситаларнинг эскиришига кетган харажатлар – фойдали хизмат муддати ичида асосий воситаларнинг қийматини даврлар бўйича тақсимлашдир.
Эскириш ҳисобланганда эскириш харажатларининг ҳисобварақлари дебетланади ва жамғарилган эскириш ҳисобварағлари кредитланади. Ушбу ҳисобварақлар контрҳисобварақ деб аталади - ушбу ҳисобварақнинг қолдиғи, бухгалтерия балансини тузишда, тегишли ҳисобварақлар (ушбу вазиятда асосий воситалар ҳисобварақлари) қолдиғидан айириб ташланади.
Контрҳисобварақлар ушбу вазиятда икки сабабдан қўлланилади: улар асосий воситаларнинг дастлабки қийматини сақлаб қолиш ва асосий воситаларнинг эскиришини ҳисоблаш имкониятини яратади. “Асосий воситалар” ҳисобварағида ҳисобга олинган асосий воситаларнинг дастлабки (тарихий) қиймати ва “Жамғарилган эскириш” ҳисобварағида ҳисобга олинган эскириш орасидаги фарқ ҳисобот давридаги асосий воситаларнинг соф қиймати ҳисобланади. Ушбу қиймат шунингдек баланс ёки китоб қиймати деб ҳам аталади.
Ишлаб топилмаган даромадлар – бу ҳали харидорларга товарлар жўнатилмасдан ва хизматлар бажарилмасдан туриб, улардан бўнак сифатида олинган тушимдир. Бу мажбуриятлар ҳисобварағидир. Ишлаб топилмаган даромадларга тааллуқли намунавий мисолларга чипталарни аввалдан сотиш, обуна ҳақини олдиндан олишларни киритиш мумкин.