Мунис АЪЗАМОВА
ОТА
Ишдан чиқиб, ширинлик дўконига кирдим. Кичкинам уч кундан буён «Ойи, торт олиб келинг», деб зорланади. Пулим оз эди,
шу сабаб боламга яраша кичкина торт бўлаги сотиб олдим. Уйга қайтишимда йўлимдан отам чиқди. Салом бериб,
уйга таклиф
қилдим.
– Неварангиз торт деганди. Юринг.
– Тезроқ олиб бор, қизим. Йўлингни пойлаб ўтиргандир.
Отам орқамдан қараб қолди. Уйга келгач, тортни кенжатойимнинг олдига қўйдим.
– Бобом келяптилар, – деди у деразадан кўчага қараган катта ўғлим.
Ҳайрон бўлиб, отамни кутиб олдим. Ичкарига бошладим, лекин кўнмади. Остонадан туриб қўлимга бир қутини узатди.
– Бу нима, ота?
– Торт. Эсингдами, болалигингда тортни яхши кўрардинг. Қўлингдаги кичкина тортни болангга илиниб, ўзинг емаслигингни
биламан. Шунинг учун сенга ўзим торт олиб келдим. Сен болангни хурсанд қилаётганингни кўриб, мен ҳам шундай қилгим
келди.
Йиғлаб юбордим. Охирги пулимга боламга ширинлик олдим. Эҳтимол, отам ҳам шундай қилгандир...
Дилрабо
Жумаева
АКС-САДО
− Дадаси, мен бозорга чиқиб келай, уйда нон қолмабди.
− Майли, борақол!
У эшик ортидан ёпилганини эшитибоқ таниш рақамларни терди:
− Жоним, роса соғинтириб юбордингиз-ку! Яхшимисиз?.. Ҳа-а-а, хотинимми, бозорга кетди, бемалол гапираверинг...
Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади.
− Эээ, кимдир келди, хотиним қайтган кўринади. Майли, яна гаплашамиз.
Гўшакни қўяркан энсаси қотди: «Нега бунча дарров қайтди, бундоқ бозор айланмайдими?»
Остонада қўлида катта сумка, кўзида ёш билан синглиси турарди:
− Тинчликми? − сўради у.
− Ака, куёвингизнинг иккинчи оиласи бор экан...
Оқил Тўрақул
ЁЛҒИЗЛИК
Аёл уйғонибоқ соатга қаради: «яна кеч қоладиган бўлдим». Ўзини койиганча апил-тапил нонушта қилди, бекат томон шошилди.
Шаҳарда машиналар қатнови сийрак, бекатда ҳам одам йўқ эди. Аёл бирдан бугун якшанба − дам олиш куни эканини эслади.
Аввалига ўз устидан обдон кулди, сўнгра маъюсланди, кўзлари ёшга тўлди.
Беҳруз Олимжонов
ДЎСТ
Уни тушунадиган биргина дардкаш дўсти бор эди.
Мактабда камситишганида, барча каби эмаслигидан қийналиб ўз жонига қасд
қилмоқчи бўлганида, ҳатто институтга кириб бедор кечалари дарс тайёрлаб юрган кезларида фақат шу дардкаши билан суҳбат
-
лашарди. Мана бугун у етук мутахассисга айланиб, ишхонасидан илк маошини олиб, биринчи бўлиб ўша дўстини йўқлаб келиб
мақтанди.
Суҳбати якунида эса «Сен энг яхши дўстимсан» деб, ўз аксини кўрсатиб турган тошойнадан узоқлашди...
Отабек Манглиев
АКС-САДО
Қўшни қизни сўраб келганларга у ҳақдаги шалоқ гапларни жавраб қайтариб юборган аёл ўзида йўқ севинаркан, невараси хаёли
-
ни тўзғитиб юборди: «Бувижон, биз энди бутунлайга келдик».
Музаффар ИКРОМОВ
ОҚАР СУВ
Менинг орзу-мақсадларим катта эди. Бугун эмас, эртадан бошлайман дердим.
Йиллар ўтди, эрта ҳам келди...
Кўзгуга боққанимда ундан бир мўйсафид қараб турарди...
Муҳаббат Убайдова
БИР ҚАДАМ...
– Аямни урманг, дада!
Даврон чўчиб уйғониб кетди.
Хонасида, ўз жойида ётганини билиб, кўнгли бироз тинчиди. Ҳар кунги шунақа тушлар жонига
теканиданми, йиғлаб юборди. У тушидан эмас, виждон азоби, боласини юролмай қолишида ўзининг айбдорлигидан ўкиниб
йиғлади. Аммо энди кеч эди. Ҳаммаси юз бериб бўлган. Айни пайтда унинг кимгадир дардини тўкиб солгиси, ҳаммасига
ичкилик айбдорлигини айтгиси ва боласини қанчалик яхши кўришини исботлагиси келарди. Аммо ёнида ҳеч ким йўқ. У ёлғиз.
Тўғри, нариги хонада рафиқаси ва якка-ю ягона унинг борлиғи ва мудҳиш хатоси – ўғли бор. Лекин уларнинг ёнига бора олмай
-
ди. Бунга юрак йўл қўймайди!
Эзо Исматова
ИЛТИМОС
− Йиғладингми?
− Қаердан билдинг?
− Илтимос, бу гал дафтаримни нари суриб йиғла... Сенга ёзган хатларим бўялиб кетибди.
ҚАҲВАХОНАДА
− Сенга чойми ёки қаҳвами?
− Қаҳва.
− Қанақасидан?
− Сен билан бирга ичадиганидан...
Лайло Собир қизи
АЙРИЛИҚ
У кечки овқатни сузмоқчи бўлса, ҳар доим 8 та қошиқни дастурхонга қўярди. Бир йилдан ошди, у қўядиган қошиқларнинг сони
биттага камайган...
Достон Мусаев
АЖРИМДА
– Онангни танлайсанми, меними, қизим?
–
Сиз мени танлайсизми, укамними?..
Шоҳруҳ Рашид
ЙЎЛАКДА
– Ҳайитбоева! – дея бир кекса киши бақирди.
Ёш олима бу қариянинг ёнида тўхтаб, унга бир назар солди ва йўлида давом этди...
Устоз: «Танимади, шекилли...»
Ёш олима: «Бу кишига нима керак экан, йўқловчилар ҳам кўпайиб кетди...»
Кенжа ЎҒИЛ
ЯНГЛИШИШ
Қари қайнонага аталган «дори» беш ёшли ўғлининг ошқозонидан жой олди.
Худойбердига яшаш учун вақт етмади. Онасига эса бойлик...
Абдулазиз Аҳмад
ЭҲТИЁТСИЗЛИК
Яйловда чорвани ўтлатиб юрган вақтда ҳолдан тойган онани тўсатдан новвос сузиб олди.
– Кўзга қараш керак эди, ойи, – деди барзангидай ўғил тўшакка михланган онага...
Маҳфуза Ашурова
АРМОН
Ҳар сафар тилларанг тутқичли эшик олдидан ҳавас билан ўтиб кетаман. Уч қаватли данғиллама бу ҳовли кимни ҳам беэътибор
қолдирарди?
Бир кун ишга шошиб кетаётсам, бу уй яқинидаги катта йўл бўйида уч ёшли қизча ёлғиз ўйнаётган экан. Ўтиб-қайтаётган маши
-
налар туфайли хаёлимга нохуш ўй келди-ю юрагим шув этди. Қизчани кўтариб олиб, уй томон юрдим. Эшик очиқ, кираверишда
йигирмага яқин эркаклар пойафзали қаторлашиб турибди. Ҳаммаси янги ва қимматбаҳо. Оёғимдаги эскирганидан йиғлаворай
деётган туфлимдан уялиб кетдим.
Менга томон ногиронлар аравачасидаги ўттиз ёшлар атрофидаги хушбичим йигит яқинлашди.
− Қизимни олиб келганингиз учун раҳмат, ака, – деди у.
− Ука, уйда шунча киши бўла туриб нега бунга ҳеч ким қарамаяпти? Ахир ёш бола бўлса? – дедим пойабзаллардан кўзимни
узмай.
− Узр, ака, уйда аёлим Иродахон, мен ва Мадина қизимдан бошқа ҳеч ким яшамайди. Аёлим иш билан чиқиб кетганди, –
жавоб
берди у ва пойафзалларга термилиб энтикди. – Булар – менинг армонларим.
Устимдан бир челак муздай сув қуйилгандай бўлди. Оёқларим ҳам, эски туфлим ҳам кўзимга олтиндай кўриниб кетди...
Меҳригиёҳ Бозорова
ЗИҚНАЛАР
Дарвозанинг қаттиқ чертилиши хонадон аъзоларини хавотирга солди.
-Светдандир...
-Газдандир...
-Ишқилиб гадой ҳам бўлмасин, пул бергим йўқ...
-Ваҳима қилмасдан бориб очсаларинг, биламиз,-деди уйнинг каттаси ўдағайлаб.
-Бобо, қўрқманглар, қўшни маҳалладаги Ориф ака вафот этибди, жанозага айтгани келишибди,-деди эшикка қараган болакай.
Ҳамма баравар чуқур нафас олиб бир овозда жўр бўлди:
-Худога шукр...
Хуршид Абдурашид
АВВАЛ ЎЗИНГГА БОҚ...
Турсунбой автобусда катталарга жой беришдан қочиб ўзини ухлаганга соладиганларни ёқтирмайди, уларга нафрат билан бир
ўқраяди-ю, бошини ойнага қўйиб уйқусида давом этади.