Ўткир ҲОШИМОВ
ОТАЛАР ВА БОЛАЛАР
У оддий одам эди. Ҳаммолчилик қиларди. Тўрт қиз, уч ўғилни оёққа турғазди. Ўғилларини уйлантирди. Қизларини чиқарди.
Ҳаммасини уйли-жойли қилди.
Кўз юмаётганида «ҳаммаларингдан мингдан-минг розиман», деди...
Қарашса, кафанлиги йўқ экан...
«НАСЛДОР БУҚА»
– Анави Ҳусан полвоннинг ўғли институтни битирганидан кейин ҳам уч-тўрт йил уйланмай, ота-онасини кўп куйдирди. Полвон
суриштириб кўрса, гап бошқа ёқда экан. Ўғли ёши элликдан ошган бойвучча хоним билан «кантрактний никоҳ»дан ўтган экан.
– Ия, энди бунақаси ҳам чиқибдими? «Кантрактний» дегани нима бало экан?
– Бу дегани шуки, куёв билан келин олдиндан шартнома тузиб оларкан. Полвоннинг айтишича, «келин пошша» «куёв тўра»
-
га машина «падарка» қипти, уй олиб берибди. Унинг вазифаси шу экан. Куёвнинг «юмуши» эса, «эрлик» вазифасини вақтида
бажариб туриш экан...
– Оббо, эррайим-эй! Наслдор буқа бўпкет-а! Кампир хотини бир-иккита бузоқ туғиб берибдими, ишқилиб?
НОСҚОВОҚ
− Саксонбой ота! Ойниса бувим анчадан бери кўринмайдилар. Яхши юрибдиларми?
− Юрган бўлса керак. Қизиникига кетган.
− Нега кетадилар?
− Носқовоғим йўқолиб қолган эди. Шуни сен йўқотгансан, деб дўқласам, «сизга мен керакми, носқовоқми?» деб гап қайтарди.
«Носқовоқ керак», десам, аразлаб қизиникига кетиб қолди...
− Ие, чатоқ бўпти-ку! Кампирингизсиз қийналиб қолгандирсиз?
− Қийналишга қийналдим. Келинимга «таҳорат суви иситиб бер, деёлмасам...»
− Носқовоқ топилдими ахир?
− Топилди. Белбоғимга тугиб юрган эканман.
− Бўпти-да! Бувини обкемайсизми энди?
− Йўқ! Йигит кишининг гапи битта бўлади: менга носқовоғим керак!
АҚЛЛИЛИК БАЛОСИ
− Биласан, ўртоқ, мен ёшлигимдан отни яхши кўраман. Шу... кейинги пайтда отим кўп касалланадиган бўлиб қолди. Мол
дўхтири муолажа қилса, анча ўзига келади-да, кейин тағин мазаси қочади. Ҳайронман, отим кўп оғрийди-ю, эшагимга бало ҳам
урмайди...
− Нимасига ҳайрон бўласан! Жониворлар ҳам одамга ўхшайди. От – ақлли жонивор, кўп ўйлайди, эшак эса ғирт аҳмоқ. Шунинг
учун касал ҳам бўлмайди!
ГУМРОҲ БАНДАЛАР
Одамларга ҳайронсан. Ота-онаси тириклигида икки оғиз ширин сўзни текинга айтмайди-да, улар ўлганидан кейин минг-минг
пул сарфлаб, ўша сўзларни қабртошга ёздириб қўяди...
«ТУТИНГАН» ЎҒИЛ
Амал курсисида ўтирганингда ким энг кўп товонингни яласа, курсидан тушганингда ўша биринчи бўлиб сендан юз ўгиради,
деганлари қанчалик тўғри эканига ўзим ишонч ҳосил қилдим.
Бир қадрдоним бор эди. Кунора қўнғироқ қилиб, ҳафтада келиб турар, шифохонага тушиб қолсам, «овора бўлманг», дейишимга
қарамай ҳаммадан аввал етиб борар, таътил пайтида Ўзбекистоннинг қайси бурчагига дам олмай, топиб борар, «бир чўқимги
-
на» ош қилмаса, кўнгли жойига тушмас эди... Буниси ҳам майли, икки гапнинг бирида «мен сизни отам деганман, сиз менинг
отамсиз», деб, Худони ўртага солиб қасам ичарди...
Мансабим жиндай ўзгарган эди, «болам»ни йўқотиб қўйдим. Суриштирсам бошқа ота излаб юрган экан...
«ОТЧОПАР»ДА
«Отчопар» бозорида эски дўстимни учратиб қолдим. Математик... Олим... Сигарет сотиб ўтирган экан... Мени кўриб кўзини
яширди. Мен ҳам бурилиб кетдим...
Иккаламиз бир-биримиздан нега уялганимизни билмайман. Негадир... йиғлагим келди...
СУРАТ
Дунёнинг ишлари доим шошилинч. Одатдагидек тик турганча нонушта қилаётган эдим. Онам одатдагидек қистарди:
– Ўтирсанг-чи, болам. Бирпас ўтиргин.
– Бўлди, кетдим.
– Шошма, болам. – Онам кўзимга одатдагидан бошқача, қандайдир мунг билан термилди. – Гап бор.
Типирчилаб соатга қарадим: ҳали бензин олиш керак, ишга бориш керак, кейин нашриётга ўтиш...
– Нима эди?
Онам кўзимга ҳамон маъюс термилиб ўтирарди.
– Суратга тушайлик, – деди тўсатдан.
Ажабландим.
– Нега?
– Яқинда мен ўламан.
Онам бу гапни худди: «Қўшниникига чиқиб келаман», дегандек оҳангда айтди. Кулиб юбордим.
– Қўйсангиз-чи, ойи.
Шундай дедим-да, чиқдим кетдим.
Орадан икки ҳафта ўтди-ю...
Кечалари уйғониб кетаман, ўйлайман. Ўйлайман: сен номард, сен аҳмоқ нимага, нимага ўшанда кулдинг? Суратга тушишга
вақтинг йўқмиди? Керак бўлса топасан-ку! Китоб учун, журнал учун, иш устида, боғда, кўчада... Нима, сен киноюлдузмисан?
Жаҳоншумул шахсмисан? Ана, бир даста суратинг ётибди. Ҳар хил. Ҳар ерда... Фақат... Онанг билан тушган суратинг йўқ!
КИТОБ
Бугун китобим чиқди.
Ҳар гал янги китобим чиқиши билан биринчи нусхасини онамга атар эдим. Ҳар гал бир хил сўз ёзиб берардим: «Биринчи ўқи
-
тувчим – онамга!» Онам китобни кўриши билан кўзлари қувончдан порлаб кетар, узундан-узоқ дуо қилар, пешонамдан ўпиб,
яккаш битта гапни такрорлар эди.
– Сен менинг суянган тоғимсан, ўғлим...
Кейин худди биров олиб қўядигандек, китобни ёстиғининг тагига яширарди.
Шунда мен китобим чиққани учун ўзимдан кўпроқ онам қувонганини билиб турардим.
Бир куни маҳалланинг нариги чеккасида турадиган нонвойникига кириб қолдим. (Нима юмуш билан борганим эсимда йўқ.) Қа
-
расам, ёғоч сўрида китобим ётибди. Варақлари титилган, офтобда сарғайиб кетган. Қизиқиб қўлимга олдим. Ўқисам, ўзимнинг
дастхатим: «Биринчи ўқитувчим – онамга!»
Ўшанда нима учун бундай аҳволга тушганимни билмайман. Худди биров мени масхара қилаётгандек бўлиб кетди. Келиб онамга
тўнғилладим:
– Китобни етти маҳалла нарига ташлаб келинг, деб берганмидим сизга!
Онам айбдор қиёфада маъюс жилмайди.
– Мавлу ҳеч қўймади-да, болам. «Битта ўқиб бераман», деди.
– Мавлудагача яна мингта қўлдан ўтгани кўриниб турибди, – дедим зарда билан. – Мақтангансиз.
– Ўзингни сиқма, жон болам. Ҳозир олиб келаман.
Чиндан ҳам, ўша куни китоб қайтиб келди...
Ҳар гал китобим чиқса, онам бир гапни айтарди:
– Сен менинг суянган тоғимсан, ўғлим...
Билмаган эканман, мен онамнинг эмас, онам менинг суянган тоғим экан. Тоғим тўсатдан қулаб тушди. Бугун янги китобим чиқ
-
ди. Биринчи нусхасини эмас, битта нусхасини эмас, олтмиш минг китобнинг ҳаммасини онамга бағишладим. Лекин...
УМР
Танишдилар... Севишдилар... Турмуш қурдилар... Фарзанд кўрдилар...
Тўнғичи нимжонроқ эди. Касал бўлиб, кўп куйдирди... Ўртанчаси ўйинқароқ эди... Қамалиб чиқди...
Кенжаси қиз эди... Эркароқ ўсди. Турмуши бузилди...
Бир куни эркак кечаси уйғониб кетди. Узоқ ўйлаб ётди. Қараса, аёли ҳам уйғоқ экан.
– Онаси, – деди. – Дунёга келиб нима кўрдик ўзи?
– Билмасам, – деди аёли хўрсиниб...
...Боботоққа борганимда қуриб қолган иккита дарахтни кўргандим. Иккаласи бир-бирига суяни-и-иб турарди...
ОРЗУ
Қани энди, қайтадан гўдакка айланиб қолсанг-да, ўйлаганингни қўрқмасдан айтаверсанг.
Do'stlaringiz bilan baham: |