1-Модул. Индустриал иқтисодиётнинг умумий асослари. Саноат -
миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоғи
1-мавзу. «Индустриал иқтисодиёт” фанига кириш.
Режа:
1.1. “Индустриал иқтисодиёт” фанининг объекти, саноатнинг таърифи ва
тавсифи
1.2. “Индустриал иқтисодиёт” фанининг предмети ва бошқа фанлар билан
боғлиқлиги
1.3. “Индустриал иқтисодиёт” фанини ўрганиш методологияси ва усуллари
1.4. «Индустриал иқтисодиёт” фанининг демократик бозор иқтисодиёти
шароитига ва ислоҳотлар талабига мос вазифалари
1.5
Саноатнинг миллий иқтисодиёт ривожидаги роли ва ўрни
1.6
Саноат тармоқлари ва уларнинг ривожланиши
Қўлланиладиган педогогик технологиялар: Маъруза, «ақлий ҳужум»,
намойиш этиш.
1.1. «Индустриал иқтисодиёт” фанининг объекти саноатнинг таърифи
ва тавсифи
Ҳар қандай фан ўзининг ўрганиш объектига эга бўлади. Шундай объектнинг
бўлиши у ёки бу фаннинг дунёга келиши, шаклланиши ва ривожланишининг
муҳим шартидир. «Индустриал иқтисодиёт” фани ҳам ўз объектига эга.
Унинг объекти умуман саноат, хусусан, Ўзбекистон саноати ҳисобланади.
Шу боис энг аввало, ушбу фаннинг объекти ҳисобланган саноат ҳақидаги
таълимот билан танишиш зурурияти туғилади.
Саноат ижтимоий-иқтисодий категориядир. Демак, сано¬ат объектив реаллик
(борлиқ)нинг инъикоси ва юксак умумлашмасидир. Унинг алоҳида тармоқ,
яъни ижтимоий ишлаб чиқаришнинг алоҳида соҳаси бўлиб юзага келиши
ишлаб чиқариш кучлари ва ижтимоий меҳнат тақсимотининг ривожи би¬лан
тарихий жиҳатдан боғлиқдир. Саноат ҳам объектив борлиқнинг муҳим
ҳодисалари қаторида маълум давр (вақт ва фазо)да дунёга келган, муайян
қонун ва қоидалар асосида ривожланган, маълум миқдор ва сифатларга,
зарурат ва имкониятларга эга бўлган ҳамда зиддиятлар қурбони ҳам бўлган.
Ўзбекистон саноати ҳам ўз тараққиёти жараёнида қатор босқичларни босиб
ўтган. Энг аввало, уй саноати, сўнгра, ҳунармандчилик, яъни хонаки саноат,
кооперация, мануфактура, фабрика каби шакллари юзага келган. Бу эрда:
ҳунармандчиликнинг жуда кўп турлари, яъни кулолчилик, дурадгорчилик,
тоштарошлик, бинокорлик, ўймакорлик, каштадўзлик, кўнчилик, тўқувчилик
ва тикувчилик, темирчилик, мисгарлик ва заргарлик, дегрезлик, рихтагарлик,
зардўзлик, бўёқчилик, тунукасозлик ва бошқалар кенг тарқалган.
Ҳунармандчилик ("хонаки саноат") бронза асрида деҳқончиликдан ажралиб
чиққан. Милоднинг дастлабки асрларида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида
анчагина ҳунармандчилик марказлари ташкил топган.
IХ-Х асрларда ип, мато, гилам бўйича ХIVа ва Шош, мис ва темирдан аслаҳа,
пичоқ тайёрлаш бўйича Фарғона, шойи матолар, шиша маҳсулотлар
тайёрлаш бўйича Бухоро дунёга танилган. ХII-ХIII асрларда ривожланиш
пасайиб, Темурийлар давлатининг вужудга келиши билан ҳунармандчилик
яна ривож топган. Бухоро, Самарқанд, ХIVа, Тошкент, Шахрисабз каби
шаҳарларнинг ишлаб чиқариш муносабатларида ҳунармандчилик алоҳида
аҳамият касб этган.
ХVIII асрнинг 60-70-йилларда Англияда рўй берган саноат тўнтарилишидан
кейин Ўзбекистонда аста-секин мануфактурадан машиналашган индустрияга
ўтиш бошланди. Хом ашёга
бирламчи ишлов берадиган саноат соҳалари (пахта тозалаш, ипак
тортиш, вино, консерва, мой заводлари) вужудга келди.
XIX аср охирига келиб, Ўзбекистонда ҳунармандчиликнинг 30 га яқин тури
ривожланган. ХХ аср бошларида эса ҳунармандчиликнинг асосий қисми
артелларга, кейинчалик завод ва фабрикаларга, бадиий буюмлар
корхоналарига айлантирилган.
XX асрда Ўзбекистон саноатида жуда катта ўзгаришлар рўй берди. Агар
аср бошларида саноат маҳсулотининг энг му¬ҳим турларидан 5-10 хили
(пахта толаси, хом ипак, ўсимлик мойи, узум виноси, ғишт, ганч ва
бошқалар) ишлаб чиқарилган бўлса, аср охирига келиб юзлаб-минглаб
турлари тайёрланган.
Саноат моддий ишлаб чиқаришнинг асосий ва етакчи тармоғидир.
Саноатнинг вужудга келиши ва ривожланиши ишчилар сонининг ошиши ва
унинг жамиятдаги мавқеининг кўтарилишига олиб келади. Мустақиллик
даврида жамиятни тарихий жиҳатдан янгилашда ишчиларнинг авангардлик
роли тўғрисида сўз юритилар экан, фақат ишчилар синфигина меҳнаткашлар
оммасининг бирлашуви, жипслашуви ва истиқлолни ҳимоя қилиш,
мустаҳкамлаш ва уни узил-кесил таъминлашга ёрдам бера олади, дейиш
мумкин. Ана шу фикрни Ўзбекистон воқеалиги кун сайин тасдиқламоқда.
Ўзбекистон ишчиси республика ялпи ижтимоий маҳсулоти, миллий
даромаднинг асосий қисмини бунёд этмоқда, мамлакат ижтимоий-иқтисодий
салоҳиятини юқори даражага кўтаришда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ишчилари қиёфасида ҳам барча ривожланган
мамлакатлар ишчиларидагидек, онгли индустриал меҳнаткаш ва инсонлар
муносабатининг юксак меъёрлари ва умуминсоний тамойилларини,
қадриятларини қарор топтирувчи, янги ҳаёт учун илғор курашчи ҳислатлари
бир бутун бўлиб мужассамлашган.
Саноат тараққиётининг муҳим қонуниятларидан бири са¬ноат
ходимларининг маданий-техникавий, маънавий-маърифий даражасининг
ўсиши, ишлаб чиқариш малакаси ва тажрибасининг тинмай ошиб
боришидир.
Ўзбекистон меҳнаткашларининг билим ва кўникмаси, иш¬лаб чиқариш
малакаси ва маҳорати, маданий ва маърифий сави¬ясини юқори даражага
кўтариш бўйича амалга оширилаётган ишларда ҳам саноатнинг юқори ўрин
тутишини кўриш мумкин.
Саноат мамлакат мудофаа қобилиятининг моддий асоси, эл-юртда тинчлик
ва барқарорликни сақлашнинг муҳим омили, қўшни мамлакатлар
мустақиллигини, ҳамкорлиги ва бирдамлигини таъминловчи муҳим соҳадир.
Ўзбекистон давлати мудофаасини кафолатлашда саноатнинг роли бебаҳодир.
Саноат шундай тармоқки, барча мамлакатларнинг сиёсий, иқтисодий ва
ташкилий интилишлари, уларнинг хўжалик жиҳатдан бирлашиши, яъни
иқтисодий интегратсия тавсифида ўз ифодасини топади. Натижада барча
мамлакатларнинг табиий, меҳнат ва молиявий ресурсларидан, фан-
техниканинг барча ютуқларидан оқилона фойдаланиш имкониятлари юзага
келади.
Саноат, айниқса, оғир саноат бутун ижтимоий ишлаб чиқаришни
индустрлаштириш муаммоларини ҳал этиш калитидир. Шу сабабли
жамиятнинг моддий-техника асосини қайтадан қуриш ишини ўзбек халқи
Президент раҳбарлигида умуман са¬ноат, хусусан, унинг энг муҳим
соҳаларини ривожлантиришдан бошлади. Чунки бу соҳалар Ўзбекистон
Республикасининг иқтисодий қудрати, халқ фаровонлигини янада
оширишнинг пойдевори ҳисобланар эди, бундан кейин ҳам шундай бўлиб
қолаверади.
Меҳнатни ижтимоий ташкил этишнинг энг олий тури - Консентрациянинг
юқори даражаси билан кичик бизнес ва тадбиркорликни уйғунлаштириш
асосида ижтимоий ишлаб чиқаришни уюштиришнинг илғор усуллари -
ихтисослаштириш, диверсификациялаш, кооперативлаштириш ва
маҳаллийлаштириш ҳам саноат соҳасида ҳукмронлик қилади ва яхши
самаралар беради.
Ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришни таъ¬минловчи буюк
ҳаракатлантирувчи куч - рақобат, яъни беллашув, рақиблар кураши ҳам
саноат соҳасида ривож топади. Илғ¬ор техника ва технологиялардан
фойдаланиш, материалларнинг янги турларини яратиш, меҳнат
унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг
рақобатбардошлигини юқори да¬ражага кўтариш, ишлаб чиқаришнинг
бошқа бир қатор техник-иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш асосида унинг
самарадорлигини кўтариш учун ҳаракат ва бошқа меҳнат анъаналари ҳам
аввало, саноат соҳасида вужудга келган ва келмоқда.
Мустақилликнинг афзалликлари ва давлатнинг иқтисодий сиёсати
саноатнинг етакчи ўрнини янада оширмоқда. Ислоҳотларнинг асосий
йўналишлари ва уларнинг ечимини топиш даставвал саноат соҳасида амалга
оширилмоқда ва яхши самара бермоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |