3 - §. Миллий ғоя ва мафкура фанининг ўрта ва ўрта махсус.
касб-ҳунар таълими муассасаларида ўрганилиши
Мустақиллик қўлга киритилгач мустақилликнинг аҳамияти ва моҳиятини ғоявий – мафкуравий воситалар орқали халқнинг онгига етказиш, уларни истиқлолни мустаҳкамлаш учун фидойилик билан меҳнат қилишга сафарбар қилиш ҳаётий эҳтиёжга айланди. Ана шундай шароитда Ўзбекистон мустақиллигининг ташаббускори И.А.Каримов биринчилардан бўлиб жамиятда маънавий покланишни амалга ошириш, эски ақидалардан ҳоли бўлиш зарурлигини, шу асосда миллий истиқлол ғояси ва мафкурасини яратиш лозимлигини пайқади ва куннинг долзарб вазифаси қилиб қўйди. Бу масалада Президентимиз 1992 йил 2 июлда Олий Кенгаш Х сессиясида қилган маърузасида алоҳида уқтириб ўтди.
Миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг биринчи назарий асоси Президентимизнинг 1992 йили нашр этилган «Ўзбекистон ўз истиқлол ва тараққиёт йўли» асари ҳисобланади. Шунингдек Президент Конституциямизнинг бир йиллигига бағишланган тантанали йиғилишида (1993 йил 7 декабр) нутқ сўзлаб, миллий ғоя ва мафкурани миллий эҳтиёж даражасига кўтариш зарурлигини таъкидлади. Барчанинг диққат-эътиборини ана шу муҳим масаланинг ҳал этилишига қаратди ва «Мафкуравий масалани ҳал этмасдан, уни амалга тадбиқ этмасдан туриб, Конституция белгилаб берган мақсадларга эришиш, ўз олдимиздаги қўйилган талабларга жавоб бериш мушкул бўлади. Миллий мафкурани онгимизга сингдирувчи амалий дастурни йўлга қўймоқ керак » деган фикрни илгари сурди.
Миллий истиқлол ғояси ва мафкураси Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ва истиқлол ютуқларини мустаҳкамлаш ҳақидаги сиёсий, илмий, назарий, тарихий, фалсафий ва диний қарашлар мажмуи, халқни келажакка ишонч, эътиқод руҳида тарбияловчи назарий ва амалий қурол, барча тоифа кишиларини шу мақсад йўлида бирлаштирувчи ғоят қудратли маънавий омил ҳисобланади.
Миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг асосий моҳияти қуйидагилардан иборат:
- халқимизнинг азалий анъаналарига, удумларига, руҳиятига, тилига, динига мос қарашлар асосида одамлар онгига келажакка ишонч, меҳр-оқибат, инсоф, сабр-тоқат, адолат, маърифат туйғуларини сингдириш;
- миллий истиқлол ғояси ва мафкураси орқали халқимизда ўзининг қудрати ва ҳимоясига суянган ҳолда, умуминсоний қадриятларга асосланиб, жаҳон ҳамжамиятида, илғор давлатлар орасида тенг ҳуқуқли ва муносиб ўрин эгаллашга интилиш ҳиссини тарбиялаш;
- соғлом, маънавий бой, комил авлодни шакллантириш.
Миллий истиқлол ғояси ва мафкураси негизини ватанпарварлик, эркинлик, миллий ифтиҳор, инсонпарварлик, байналминаллик ва шу каби бошқа хусусиятлар ташкил этади.
Демак, миллий истиқлол ғояси ва мафкурасини ўз моҳияти ва негизларига кўра мустақилликни мустаҳкамлашга, барча имкониятларимизни буюк мақсад сари йўналтиришга қаратилган.
Ўзбекистон жамиятининг миллий истиқлол мафкураси халқимизнинг асосий мақсад-муддаоларини ифодалайдиган, унинг ўтмиши ва келажагини бир-бири билан боғлайдиган асрий орзу-истакларни амалга оширадиган ғоялар тизимидир.
Миллий истиқлол мафкураси кенг халқ оммасининг манфаатларини, мақсад ва идеалларини ифода этади. «Миллий истиқлол мафкураси, ўз мазмун-моҳиятига кўра Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий тараққиётига хизмат қилади, барча сиёсий партиялар, гуруҳ ва қатламларнинг – бутун халқимизнинг умумий манфаатларини ифодалайди».
Мафкура – миллий ўзликни англатувчи кучдир. Миллий истиқлол мафкурасининг асосий таянч нуқтаси ҳам ана шунда. Миллий ўз-ўзини англаш деганда ҳар бир миллат (элат)нинг ўзини ҳақиқий мавжуд субъект, муайян моддий ва маънавий бойликларни ифодаловчи эканлигини, ягона тил, урф-одатлар, анъаналар, қадриятлар ва давлатга мансублигини, манфаатлар ҳамда эҳтиёжлар умумийлигини тушуниб етишга айтилади.
Ҳар бир кишининг жамият ҳаётидаги фаолияти, юрти, миллати, ўзи ва оиласи олдидаги бурч ва маъсулиятини қай даражада ҳис этаётгани ва бажараётганини белгилайдиган маънавий мезон ҳам миллий истиқлол мафкурамизнинг мазмунини ташкил этади.
«Янги мафкуранинг асл маъноси – деб ёзади Президентимиз, эскича ақидалардан ҳоли бўлган, мустақил ва янгича фикрловчи кишиларни тарбиялашдан иборатдир. Бусиз жамиятни демократик тараққиёт йўлига олиб чиқиб бўлмайди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг биз сохта мафкуранинг якка ҳокимлигидан қутилдик. Маънавиятни, мафкурани зуғумлардан озод қилиб, эркин фикрга, миллий тафаккурга кенг йўл очдик. Эндиги асосий вазифа кишиларимизнинг мустақил фикрлашга ўрганиши, ўзига ишонч ортиб боришидир. Чунки тафаккур озод бўлмаса онг ва шуур тазйиқдан, қулликдан қутилмаса инсон тўла озод бўла олмайди».
Шу сабабли ушбу фанни узлуксиз таълимнинг барча бўғинларида ўқитиш йўлга қўйилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |