Сийдик–таносил йўллари микрофлораси
Нормалда буйрак, сийдик йўли, уруғдон стерил бўлади. Уретранинг ташқи қисмида пептококк, пептострептококк, коринебактерия, бактероид, M. smegmatis, M. hominis, грамманфий нопатоген бактериялар учрайди. Аёлларнинг сийдик йўлларидаги микрофлора сифат ва миқдор жиҳатидан эркакларникига нисбатан камроқ бўлади.
Бачадон, тухумдон стерил ҳисобланади. Қинга микрофлора туғилиш жараёнидан бошлаб тушади, булар, асосан, лактобактериялар (Lactobacillus acidophilus, L. fermentum, L. сasei ва бошқалар) бўлиб, бир неча ҳафтагача сақланиб қолади, чунки бу даврда бола организмида онадан тушган эстроген гормонлар ҳисобига сутачитқи бактериялари учун жуда қулай шароит яратилган бўлади.
Соғлом аёл қин микрофлораси тозалигининг 4 даражаси тафовут қилинади: 1 даражасида қин секретининг рН нордон (рН–4,0–5,5) бўлиши ҳисобига жуда кўп Додерлейн таёқчалари топилади, бошқа микроблар кам учрайди; II–III даражаси — кучсиз нордон ёки кучсиз ишқорий. Додерлейн тайёқчаларининг сони камаяди ва бошқа микроорганизмлардан стрептококк, стафилококклар топилади, лейкоцитлар учрайди; IV даражаси — ишқорий муҳит, лейкоцитлар сони кўпаяди, Додерлейн таёқчалари онда-сонда учрайди, стафилококк, стрептококк, энтеробактерия, бактероид ва бошқа микроблар аниқланади.
Тана микрофлорасининг одам ҳаётидаги аҳамияти. Одам организмининг нормал ишлашида эволюция жараёнида юзага келган тана микрофлорасининг аҳамияти жуда катта. Масалан, меъда-ичак йўллари микрофлораси ичак шиллиқ қавати морфологик тузилишининг шаклланишига ва унинг адсорбция қилиш хусусиятига таъсир этади. Улар ҳар хил ферментлар ишлаб чиқариб овқат ҳазм қилиш жараёнида қатнашади. Оқсил алмашинувида ҳосил бўлган моддалар (фенол, индол) ичак перистальтикасини яхшилайди.
Ичак микрофлораси кальций, витамин Д, темир каби моддаларнинг сўрилишига ёрдам беради. Бундан ташқари, аминокислота, оқсил, В1, В2, В3, В5, Вс ва К каби организм учун зарур бўлган витаминларни ишлаб чиқаради.
Ичакдаги бифидум ва лактобактериялар организмга тушган токсик моддаларни нотоксик маҳсулотларга айлантириб, ўсма ҳосил бўлиш жараёнига тўсқинлик қилади.
Одам организмидаги аутохтон микроблар бошқа факультатив микроорганизмлар, айниқса патоген турлари учун юқори антагонистик хусусиятга эга. Масалан, бифидум ва лактобактериялар кислота, спирт, бактериоцин каби моддалар ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, нормал микрофлора эгаллаган шиллиқ қаватларга бошқа микроорганизмлар (масалан, ичакнинг мукоз флораси) адгезия қила олмайди.
Нормал микрофлоранинг асосий вазифаларидан бири бу иммун системани қувватлашдир. Микроорганизмларнинг антигенларига нисбатан организмда маълум даражада иммун жавоб ривожланади. Нормал тана микроорганизмларининг одам учун аҳамиятини ўрганиш мақсадида биология фанида гнотобиология (юн. gnаtos — аниқ, bios — ҳаёт) йўналиши юзага келди. Бу фан ёрдамида алоҳида ҳар бир нормал микроорганизмнинг макроорганизмдаги аҳамиятини ўрганиш мумкин.
Нормал микрофлоранинг сифат ва миқдор жиҳатидан чуқур ўзгариши “дисбактериоз” деб аталган. Бундай жараён кўпгина омиллар ҳисобига юзага келиши мумкин, лекин асосийларига антибиотикларни нотўғри қўллаш, иммун тизимнинг етишмовчилиги, нурланиш, куйиш, заҳарланиш, экологиянинг ўзгариши, стресс кабилар мисол бўла олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |