46
Базмнинг эртасига Миразим кеч уйғонди. Ўшандаям уни
хизматкори уйғотиб, зарур гап билан муовини йўқлаганидан хабар
берди. Миразим бошини ёстиқдан аранг узиб, Алимқулга “Айт,
кирўвурсин”, деди-да, яна ўзини жойига таппа ташлади. Зум ўтмай
эшик тақиллади:
— Мумкинми?
— Кирўвурмийсанми?
— Ассалому алайкум!
— Ваалай... Нима гап? — Миразим қўзғалиб, ёстиқни қўлтиғи
остига тиққан кўйи ёнбошлади.
— Хўжайин. Узр, безовта қилдим. Тепадан икки-учтаси келиб,
сизни сўрашди. Ҳозир қоғозларни титиб ўтиришибди. Телефон қилиш
ўрнига ғизиллаб кеп қўя қолдим.
— Нима гапакан? Мундоқ одамга ўхшаб гаплашдингми?
— Гаплашдим. Бу гал жиддийга ўхшайди, хўжайин. Бозорда анча-
мунча ўзгаришлар бўлади, раҳбарнинг ўзи келиб кўради, дейишвотти.
— Қанақа ўзгариш? — Миразим ўрнидан туриб ўтирди.
— Билмадим, ўша учун олдингизга келдим-де, хўжайин...
Миразим кўнглига ғулғула тушиб, дарҳол Саидга сим қоққан эди,
у чиқиб кетган экан. Иш жойига қўнғироқ қилишга ботинмади.
Ҳарҳолда нозик жой... Яхшиси, кечқурун уйига бора қолади... Шу
хаёллар билан кийинди. Муовинининг машинасида жўнаётиб эди,
кичик қизини боғчага кузатиб қайтаётган Заҳрога кўзи тушди.
Муовин Заҳрога салом берди, Миразим бошини қимирлатиб қўя
қолди. Бирон нарса деб қўйиш кўнглига сиғмади ҳам.
Миразимнинг хавотири ҳам ўринсиз, ҳам ўринли чиқди. Ўринсиз
жойи шунда эдики, тафтишчилар махсус топшириққа биноан бозорда
назорат ўрнатиш учун ташриф буюришган эса-да, Миразимнинг
мансаб курсисига дахл қилишмади. Ўринлиси шу эдики, қўл остидаги
раҳбарларнинг анча-мунчаси алмаштирилди, айрим иш ўринлари
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
116
қисқартириб ташланди. Назорат кучайтирилди. Ёймачилар кескин
камайтирилиб, ўрнини ҳар бири касса аппаратига эга бўлган ва
давлатга ўз вақтида солиғини тўлаб бориши мўлжалланган дўконлар
эгаллади. Айрим ашёлар савдоси Миразим раҳбарлик қилаётган
бозорда тақиқланди, айримларига кенг йўл очилди. Хуллас, Миразим
учун эски бозорда янги одамлару янги тартиб-интизом пайдо бўлди.
Буларнинг барчасига кўникиб олиш унга баъзи ўнғайсизликларни
туғдирарди. Аввало, Миразим ҳар ҳафтанинг охирида “ўз оёқлари”
билан уйига кириб келадиган каттагина улушини тағин йўлга қўйиб
олиши керак бўлади. Айни пайтда у энди анча ҳушёр бўлиши
зарурлигини яхши тушунгандай эди. Буни Саид ҳам такрор-такрор
айтди. Ҳадеб маишатга муккасидан кетиб, ҳали у мамлакатга, ҳали
бунисига чопавермай, гоҳ қизил, гоҳ момиқдек оқ бадан қизларнинг
қучоғида ётавермай, мундоқ атрофдан, бўлаётган ўзгаришлардан
бохабар бўлиб туриш кераклигини, йўқса, кимсан — Саид Азимнинг
дўсти эканлиги ҳам қўл келмай қолиши мумкинлигини эслатиб,
қаттиқ танбеҳ берди.
Миразим иккала қўли кўксида дўстини эшитди, гўё бу ишларнинг
бошида Саид турган каби унга тазарру айтди ва энди бошқача бўлиши
ҳақида ваъдалар берди...
Уйга келасолиб эса кечаги базм баҳонасида тушган тўёналарни
илк марта ўзи санай бошлади. Одатда бу ишни Заҳрога топшириб
қўяқолар, долларларни сейфга ташлаб, сўмларини алмаштиргани олиб
кетарди. Бу гал терлаб-пишиб санаб чиққунча бўғилиб, қийналиб
кетди. Шу тобда унга пул санаш дунёдаги энг оғир иш бўлиб туюлди.
Қанча минг доллар устига неча миллион сўм тушибди. Миразим
лапанглаб пулларни жойларкан, уларни қаерда сақлашга боши қота
бошлади. Ахир, бошқаларга қўшиб униям ишдан олишса бу тўёна
эгалари нима қилишади. Куйишди ҳам деяверинг, бозорда бундан
буён назорат ўрнатилди. Миразим уларнинг ҳожатини қачон ва қай
даражада чиқариши энди даргумон. Ҳатто бундан буён унинг ишлаш-
ишламаслигини ҳам худо билади. Шундай экан, фурсат борида бор
маблағларни йиғиштириб, кўздан нарига яширмоқ даркор. Миразим
шундай ўйлар билан боши ғовлаб турганда Заҳро овқатга чақириб
келди. У шундагина саҳардан бери туз тотмаганини эслади.
Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
117
Do'stlaringiz bilan baham: |