www.ziyouz.com кутубхонаси
128
тортиб машинагача — ҳамма-ҳамма нарса муҳайё!
— Деҳқонқул ака, мана, сиз шу хонадон соҳиби экансиз, ноўрин саволим учун афв этасиз:
иш вақтида уйда нима қилиб ўтирибсиз?
— Соат эндигина саккиз ярим бўлди, — дедим. — Иш бошланишига ҳали ярим соат бор.
— Демак, ишларингиз тўққизда бошланар экан-да?
— Ҳа, ишимиз роппа-роса тўққизда бошланиб, роппа-роса олтида тамом бўлади.
— Демак, ҳозир...
— Ҳозир оила аъзоларимиз билан маданий ҳордиқ чиқариб ўтирибмиз.
— Далага бораверсак ҳам бўлар, боргунимизча иш вақти ҳам бўлиб қолар?
— Иш вақтига ҳали ярим соатча бор-у, майли, бир марта эртароқ борсак борибмиз-да!
Аппаратлар дарвозадан чиққунимизга қадар сурат олди.
22
Машиналар далалаб келди.
Онамиз қалб амри билан пахтакорларга ёрдам бергич онахон бўлиб сурат тушар бўлди.
Режиссёр онамиз билан хўп ҳам кўп машқ олди.
Онамиз кўрак тергич онахон бўлиб йўл белида турди.
Жингаласоч чучуксўз-чучуксўз бўлди:
— Субҳидам!.. Оппоқ сочлари ўзига ярашған мунис онахон йўл бўйлаб келмоқда. Бўйнига
этак боғлаб олган. Энгашиб, тупроқдан бир нималарни олади, пуф-пуфлаб, хас-чўплардан, чанг-
ғуборлардан тозалайди. Сўнг, онахонларга хос бир меҳрибонлик ила этагига авайлабгина
солади.
— Ассалому алайкум, онахон! Йўл бўлсин, онахон?
Мунис онахон она ердан, она тупроқдан бир дам бўлса-да, кўзларини узмади. Етмишни
қоралаган, аммо чарчаш нималигини билмаган қадди-қоматини кўтарди. Енги ила юзларидаги
ҳалол меҳнат терини артди. Меҳнат гаштидан теваракка завқ ила боқди. Мунис кўзлари
порлади.
— «Оқ олтин» тераяпман!
Мунис онахон ғурур ва фахр ила шундай деди-да, яна йўлдаги трактор изларини титкилади,
тупроқ ковлади.
— Онахон, исми шарифингиз, касб-корингиз? Онахон камтарлик ила жавоб берди:
— Исми шарифим — Пахтахон! Пахтаой десангиз ҳам бўлади! Касб-корим — пахтакор!
— Пахтахон! Пахтакор! Мунис онахон бу гапи ила ўзини жисман ҳам, исман ҳам—
пахтаман, демоқчи! Нақадар доно ўхшатиш!
Пахтакор онахон жиддий бўлиб қўшиб қўйди:
— «Оқ олтин» нондек табаррукдир. Нон ушоғини ерда қолдирмаганимдек — бир тола «оқ
олтин»ни ҳам ерда қолдирмайман!
23
Режиссёр ўнгён чўнтагимлаб «Правда» солди, чап-ён чўнтагимлаб «Совет Ўзбекистони»
солди. Рўзнома номларини кўз кўринарли-кўз кўринарли этиб жойлади.
Режиссёр тап-тап елкам қоқди.
— Барра калла, барра калла! — деди. Елкамдан гуп-гуп чанг ўрлади. Елкамдан оппоқ-оппоқ
чанг ўрлади.
Режиссёр афт бурди, режиссёр кафт билан чанг қувди.
— Фу, фу!.. —деди.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |