www.ziyouz.com кутубхонаси
126
— Бола бола-да, кўнгли кетади...
— Катта меҳмонлар инсофли бўлади, эна. Назари тўқ одамлар бўлади. Барини еб қўймайди!
Дастурхонда қолдиради! Меҳмонлардан қолса — болалар ейди-да!
Гапим маъқул бўлди шекилли — онамиз ўғлимизни ичкари етаклаб кетди.
Мен хурмоларни енгим билан артиб-артиб олдим. Жойига олиб бориб қўйдим.
Жовуз доналарига қараб ўтириб-ўтириб... оғзимни суви қочди! Беихтиёр қўл узатдим.
Узумдан беш-олти дона олсам — узумбош лош-лош бўлиб қолади. Узумбош чумчуқ
чўқилаб ташламишдай-чумчуқ чўқилаб ташламишдай бўлиб қолади.
Оқибат — меҳмонлар олдига қўяр ҳоли қолмайди.
Мен узумдан қўл тортдим.
Ошхонани ташқаридан қулфладим.
Очиқ деразадан ичкари мўраладим.
Ўғлимиз уйқуда бўлди. Бурунлари тиқиғлиқ оппоқ дока қип-қизил бўлди.
Ўғлимиз оғзини каппа-каппа очиб энтикди. Бир чапи ўнгарилди, бир ўнги ўнгарилди.
Кўрпасини тепкилаб-тепкилаб туширди.
— Хурмо, ота, хурмо!.. — дея уйқусиради.
19
— Шу... меҳмонлар неча киши ўзи, раис бова? — дедим.
— Ҳозир санаймиз-да. Битта режиссёр, иккита оператор, битта комментатор. Жами бир
машина. Аммо одатимизни биласиз: юқоридан бир машина катта келса, пастдан икки машина
катта ҳамроҳ бўлиб келади.
— Ўйнаб қўяй, меҳмондан, ўйнаб қўяй. Масаласи осон экан. Шу... бозордан қўй гўшт олсам
бўлмайдими, раис бова?
— Ажаб одамсиз-да, Деҳқонқул ака. Киночилар бизни олдимизга очидан ўлиб келаётгани
йўқ. Меҳмон ош деб келмайди. Қўй обрўй-да. Кимсан — катта бир хўжаликни машъал
бригадири! Семизликни қўй кўтаради, Деҳқонқул ака.
— Чин — қўй кўтаради. Чин — мен кўтараман.
— Сиз ҳам семизликни кўтаринг-да.
— Кўтараман, раис бова, кўтараман. Семизликни—қўй кўтаради. Семизликни — мен
кўтараман.
— Ҳа, бали! Қўй нима деган гап?
— Чин, қўй қўй-да. Шу, болаларни қишга уст-боши йўқ эди, раис бова. Борлари-да йиртиқ-
ямоқ эди. Шу қўйни боқиб-боқиб, болаларга уст-бош олиб берсам деб эдим. Қўйда ҳали
сўйгулик ҳол йўқ.
— Майли, майли! Қўй сўйилди оти бор, қўй сўйилди! Болаларга уст-бошни эса... давлат
пахта терим учун мана-мана пул бераман, деяпти. Ана шундан олиб берасиз.
— Майли, раис бова, майли. Қўй бўлса қўй-да.
— Ҳа, яшанг! Ким айтади сизни ўзбак деб? Ўзбак ўзи емайди, ўзи ичмайди — бор
топганини меҳмони олдига қўяди!
— Майли, қўй бўлса қўй-да, майли.
— Авлод-аждодлар... урф-одатлар... ўзбакчилик... дегандай. Ўзбакни қониқиб меҳмон
кутгани — подшо бўлгани!
— Хўп, раис бова, хўп.
— Кино бўласиз, кино! Тарихда қоласиз, тарихда!
— Тавба қилдим, раис бова, тавба қилдим.
— Ўзбакни қониқиб меҳмон кутгани — подшо бўлгани! Бир подшо бўлинг, Деҳқонқул ака!
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |