www.ziyouz.com кутубхонаси
131
ўхшаб кўринади. Чунки лентамиз рангли лента-да.
— Унда, қандай атлас яхши бўлади?
— Жуҳуди атлас яхши бўлади! Экранда турли рангда товланиб кўринади. Жуҳуди атлас
ранг-баранг-да.
— Еврейский атласларингиз борми, Хурсандой ва Норгулой? — деди Идеология.
Теримчилар ердан кўз олмади. Калиши учи билан ер титкилади. Бош ирғади — йўқ
ишорасини билдирди.
— Ўзларида бўлмаса, бошқаларда бордир? — деди Жингаласоч. — Шундай катта колхозда
жуҳуди атлас топилмайдими?
— Еврейский атлас топиш қийин. Бу атлас ҳам яхши-ку? — деди Идеология.
— Тўғри, яхши атлас. Аммо гап бошқа ёқда. Биласиз, фильмимиз Иттифоққа чиқади,
Иттифоққа! Ундан чет элларга! Фильмимизни бутун жаҳон кўради, бутун жаҳон! Экранда сап-
сариқ чит кўйлакни кўрганлар нима дейди? Қаранглар, бечора ўзбек совет хотин-қизлари чит
кўйлак кийиб пахта тераяпти, демайдими? Дейди! Ўзбек совет хотин-қизлари кийгани кийимга
зор экан, демайдими? Дейди! Идеология афтодаҳол-афтодаҳол бўлди.
— Виноват, виноват... — деди.
— Ахир, чет элларда Боймирза Ҳайит, Вали Қаюмхон, Булоқбоши каби буржуа-мафкуравий
душманларимиз қадамимизни санаб юрибди! Буржуа-мафкурачиларимиз экранда чит кўйлак
кийган ўзбек совет хотин-қизларини кўрса нима дейди? Совет Ўзбекистони оч-юпун,
демайдими? Дейди! Ана, ўзбек совет хотин-қизлари чит кўйлак кийиб пахта термоқда,
демайдими? Дейди!
Идеология бенаво-бенаво бўлди.
— Биз... атлас... — дея ғулдур-ғулдур этди. —Биз еврейский атлас деганда — ўзбек хотин-
қизларини тушунамиз, ўзбек хотин-қизлари деганда — еврейский атласни тушунамиз!..
Раисимиз Идеология жонига ора кирди.
— Мунча теримчига жуҳуди атласни қаердан топамиз? — деди раисимиз.
— Ҳаммасига эмас, — деди Жингаласоч. — Мана шу икковига бўлса бўлади. Шу иккови
йирик планда кўринади! Қолганлари шунчаки — фонда кўринади!
— Ҳа-а, иккита денг, иккита топилади, — деди раисимиз. — Қани Хурсандой, Норгулой,
буёққа юринглар, қани. Холиқул, машинани ўт олдир!
Раисимиз Хурсандой билан Норгулойни машинасига миндирди. Пичир-пичир тайинлади.
— Зув этиб бориб-зув этиб келинглар! — дея эшик ёпди. — Раис айтди, десаларинг, бизни
аёл ҳам, Чори мудирни аёли ҳам йўқ демайди!
26
Режиссёр тишлари орасидан чирт-чирт тупурди.
Режиссёр напиросини тутатиб бўлди. Папирос қолдиғини чертиб ташлади.
Шундай чертди-шундай чертди — кўзим илашмай қолди! Папирос қаерга тушди —
билолмай қолдим!
Шундай бўлса-да — папирос учмиш ёқ алағда бўлиб бордим. Эгат оралаб қарадим —
тололмадим.
Кафтларимни тиззаларим тираб қаради — тутун пайқамадим. Ҳали ўчмагандир дея, ҳаво
искадим — ҳид олмадим.
Ғўзаларни бир-бир қарадим. Шохларини қайириб қарадим. Баргларини кўтариб қарадим.
Папирос бир оппоқ чаноқда илашиб турди. Билинар-билинмас тутаб турди.
Мен апил-тапил ғўза учидан силкидим — папирос эгат тушди.
Папиросни товоним билан эзғилаб-эзғилаб ташладим. Ер кўмиб-ер кўмиб ташладим.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |