www.ziyouz.com кутубхонаси
9
экансиз. Жуда яхши. Яккачинорда боғ кўп, аммо қаровнинг мазаси йўқ. Энди йўлга тушади.
Нима дейсиз?
Бирон нарса дейишга ожиз эдим, жилмайиб қўя қолдим.
— Мен ҳам янгиман бу ерда, — деди Усмон ака ўнғайсизланганимни кўриб. — Фақат бир
йил бўлди келганимга. Илгари районда ишлардим. Бир боғдорчилик билан шуғуллангим келиб
қолди.
Шу пайт эшик тақиллади. Секретарь қиз кириб келди.
— Ойпопук чақиряпти. Чой тайёрмиш, — деди у.
— Жуда яхши. Бугун мириқиб чой ичсак бўлади. Қани, юринг.
Усмон ака эътирозимга қарамай уйга бошлади. Ростини айтсам, ўзим ҳам шунчаки номига
эътироз билдирдим. Аслида, Ойпопукнинг исмини эшитишим билан яна бир марта кўришни
истаб қолган эдим.
Уй олис эмас экан. Бирпасда етдик. Пахса девор билан ўралган ҳовлига кирганимизда:
— Попук-к! — деб чақирди Усмон ака. — Меҳмон олиб келяпман. Бу ёққа чиқ!
Айвонга чиққанимизда ичкари эшик очилиб, Ойпопук кўринди. У ироқи дўппи кийиб,
сочини чамбарак қилиб танғиб олган, нўхат гулли кўйлаги баданига ёпишиб турарди. Салом
бердим.
— Таниш, — деди Усмон ака менга ишора қилиб. — Янги агрономимиз.
Ойпопук жилмайди.
— Танишмиз, — деди секин менга ер остидан қараб қўйиб.
— Танишмиз? — ҳайрон бўлди Усмон ака. — Ахир, кеча келдилар-ку, қаёкдан танийсан?
Гапга аралашдим.
— Кеча кечқурун мактабда танишдик, — дедим. — Доктор таништириб қўйди.
— Э, бундай денг! Жуда яхши, — деди Усмон ака қизига ўгирилиб. — Сен ҳам ўйнадингми?
Ойпопук бош силкиди.
— Аттанг, мен бўлмадим-да, — деди Усмон ака. — Нимага ўйнадинг? Яна «Тановар»гами?
Нега уяласан?
Ойпопук қизариб, ичкарига кириб кетди. Усмон ака кулди.
— Буни қаранг, мендан уялади. Ҳалигача унинг ўйинини кўрганим йўқ. Ҳамма кўрди, фақат
мен кўрганим йўқ.
Мен жуда яхши ўйнадилар, демоқчи эдим, демадим. Уялдимми, ё сир тутгим келдими,
билмайман.
Кўп ўтмай, Ойпопук ичкаридан чиқди-да, айвонга дастурхон ёзди ва ўзи ҳам ўтирди. Лекин
ҳеч нарса емади. У ўнг чаккасидан тушиб турган бир тутам сочини ингичка бармоқлари билан
ўйнаб лабларига теккизар, баъзи-базида отасига қараб қўйиб, олдидаги совиб қолган чойни
эрин-чоқлик билан қулт-қулт қилиб дори ичгандай ичарди.
У менга эрка кўриниб кетди. Якка қиз бўлгандан кейин шу-да. Истаганини қилади. Лекин
эрка бўлса нега қишлокда қолади, колхозда ишлайди? Наҳотки, бу ҳам эркалик бўлса? Мен
тушунолмадим. Аммо секин-секин аччиқ кўк чойни ичар эканман, ундан кўзимни узолмасдим.
Буни сездими, бир маҳал ўрнидан туриб, ичкарига кириб кетди.
Нонушта қилиб бўлиб, кетай деб турганимизда у эшикдан мўралаб отасини имлаб чақирди
ва нимадир деди. Ус-мон ака кулди.
— Майли, олиб чиқ бўлмаса, — деди у кулги аралаш. Ойпопук кўп ўтмай, ичкаридан янги
қўқон дўппи олиб чиқди ва отасига кийгизиб қўйди.
— Раҳмат, қизим, раҳмат, — деди Усмон ака қизини бағрига босиб. Кейин менга ўгирилди.
— Ўзи тикди!
Ойпопук қизариб кетди.
— Кечга нима қилай? — сўради кўзларини мушти билан яшириб.
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |