www.ziyouz.com кутубхонаси
12
кулгисини тўхтатди. Ноқулай аҳволдан қутулишни ўйлаб, савол ташладим.
— Нима ўқияпсиз?
— «Денгиз сирлари»ни, — деди Ойпопук ҳозиржавоблик билан. Афтидан, у ҳам бу
аҳволдан мени қутқармоқчи эди. — Ўқиганмисиз?
— Йўқ, — дедим пушаймон билан. Ўқиш у ёқда турсин номини ҳам эшитмаган эдим. —
Сир кўп эканми денгизда?
— Билмадим, — деди у жилмайиб. — Энди бошладим. Лекин ҳалитдан ёқмаяпти. Уруш
ҳақида бўлса керак. Урушни ёмон кўраман.
Ойпопук бирданига жиддийлашди. Лаблари юмилиб, чап кўзи сал қисилди:
— Ким яхши кўради урушни? — дедим мен. — Ҳамма ёмон кўради.
— Ҳеч ким менчалик ёмон кўрмайди, — деди Ойпопук эътироз билдириб бўлмайдиган
оҳангда. Кейин бирдан кулиб юборди. — Сиз яхши сузар экансиз!
Қулоқларим яна қизариб кетди.
— Кулманг, — дедим ялингансимон.
— Кулаётганим йўқ, — деди Ойпопук. — Чиндан айтяпман. Ҳув анави ерда сузганингизни
кўрдим. Мен сира шундай сузолмайман.
— Ўргатиб қўяйми? — дедим гапим унга қандай ботишини ўйлаб ўтирмай.
— Раҳмат, — деди у ва негадир қизариб кетди. — Боринг, совуқ қотгандирсиз.
Кетгим келмаса ҳам унинг сўзини қайтаролмадим. Бунинг устига вақт ҳам бўлиб қолган эди.
Шундай бўлса ҳам:
— Шу ердалигингизни билсам, чўмилмасдим, — дедим уни гапиртириш учун.
— Нега? — ҳайрон бўлиб сўради у.
— Яна куласиз-да.
Ойпопук кулди. Мен ҳам унга қўшилдим.
— Боринг, совуқ қотиб кетгандирсиз.
— Кулмайсизми?
— Йўқ, кулмайман.
Мен бир шўнғиб сузиб кетдим.
— Бизникига келинг! — деб қичқирди анчадан сўнг орқамдан у.
Қўл силкидим.
— Талқон еб сизни сувга юборадиган экан! — деди Мавлон чойхонага келганимда. — Қани,
манави пиёзни тўғранг.
У қўлимга иккита тухумдек пиёзни тутқазиб, ўзи ошхонага кетди.
Кўп ўтмай, қип-қизил қилиб, бутун-бутун қовурилган балиқлар келтирилди. Мавлон ўзида
йўқ хурсанд эди.
— Энди бу ёққа қаранг! — деди у пиёзга мурч сепиб аралаштиргач. — Тобингиз қалай?
— Нимага? — дедим мен.
— Мана бунга-да, — у ҳовуздан атир шишага ўхшаган идишни тортиб олди ва сирли
оҳангда деди: — Қўлбола. Тўқсон олтиталикдан.
Иштаҳа билан овқатландик. Мавлон озгина ичиб олиб, одатдагидек гапга тушиб кетди.
— Бу ерда нима бор бизга? Ишми? У ҳам сизда бор, менда йўқ. Олинг, тузук-тузук олинг. Ё
кетаман, ё бошқа ишга ўтиб кетаман. Бу ер менга тўғри келмайди. Қалай, балиқ тузукми?
Бош ирғитиб, мақтаб қўйдим. Мавлон яна гапга тушиб кетди. Аммо нима деганини
эшитмадим. Хаёлим дарё лабида бўлган учрашувда эди, қулоғим остида ҳамон «Бизникига
келинг!» — деган қўнғироқ овоз жарангларди.
— Ойпопукни бугун кўрдингизми? — сўрадим бирдан доктордан.
— Қаерда? — деди у. Дарёга ишора қилдим.
— Йўқ.
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |