www.ziyouz.com кутубхонаси
37
кўзлари анча азоб тортганини, йиғлаганини билдириб турарди.
— Йўқ, ўхшамайсиз, — дедим жилмайиб.
— Хўш, нима гап? Қосим акамникига бордингизми? Мен ҳаммасини айтиб бердим.
Ойпопук яна хомуш бўлиб қолди. Кўзлари деразага қадалди, рангсиз лаблари ниманидир
шивирлай бошлади.
— Йўқ! — деди у бир маҳал қатъий оҳангда. — Дадамларнинг айблари йўқ. Бу туҳмат.
Дадамларда айб йўқ.
— Ким билади, — дедим мен. — Айблари бўлмаса қамашмасди.
Бу гап, шу биргина шафқатсизлик билан айтилган гап мени умрбод бадбахт қилди, ҳамма
нарсадан азиз ва қимматли бўлган одамимдан жудо қилди. Нега шундай дедим, нима мажбур
қилди, ҳозиргача билолмайман.
Ойпопук менга ялт этиб қаради. Унинг бу қарашини мен сира ёдимдан чиқара олмайман.
Унинг кўзлари худди ғазабга келган шернинг кўзларидек ёнарди.
— Нима?! — деди у бўғилиб ва яна нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади, лекин айта
олмади. У титрарди.
— Кетинг, — деди у бир маҳал босиқ овозда. — Кетинг бу уйдан.
— Ойпопук, ахир мен...
— Кетинг деяпман! — У кўзларини юмиб, мендан юзини ўгирди.
Чиқиб кетдим. Нега чиқиб кетдим. Нега қолиб юпатмадим, кечирим сўрамадим? Ахир ҳар
қандай бағритош одам ҳам бундай қилмайди-ку! Энди ўйлаб кўрсам, мен ўшанда
«ҳақоратланибман», ҳа, унинг «кетинг» деганидан ҳақоратланибман. Эҳ, бачкана ғурур,
пасткаш одам!.. Мен Ойпопукдан хафа бўлибман-у, аммо ўзим уни ҳақоратлаганимни, ипакдек
нозик қалбига бир гап билан ханжар санчиб қўйганимни сезмапман.
Уйга келганимда доктор ухлаб ётарди. Мен ҳам ётдим. Аммо уйқу келмади. Миямда минг
хил фикр, лекин нималигини билмасдим. Фақат бир нарсани, тузатиб бўлмайдиган ҳодисанинг
юз берганини ва бунга битта ўзим айбдор эканлигимни аниқ ҳис қилардим.
Орадан кўп вақт ўтмади. Дераза секин-секин тақиллай бошлади. Очдим. Фарида эди.
— Нима гап? — сўрадим ундан.
— Попук йўқ, — деди жавдираб. — Сиз кетганингиздан кейин, бир айланиб келаман, бошим
оғрияпти, деб чиқиб кетувди, ҳалиям келмаяпти.
Деразадан сакраб кўчага тушдим. Нима қилишимни, қаёққа боришимни билмасдим.
Юрагим дукуллар, дам йиғламсираб турган Фаридага, дам кўчага қараб аланглардим. Кейин
дарё томонга югуриб кетдим. Барглари тўкилиб, яланғоч бўлиб қолган олмазордан ўтиб,
харсангтош ёнига бордим. Ойпопук йўқ эди. Қирғоқ бўйлаб чойхона томонга чопиб кетдим. У
ерда ҳам йўқ эди. Орқамга қайтиб, узумзор томонга югурдим. Бир марта шу ерда айланган эдик.
Йўқ, кўринмади. «Ойпопук, Попув-в!» — деб қичқирдим. Ҳеч қандай жавоб бўлмади. Қўрқиб
кетдим. Қишлоққа югурдим. Ойпопукларнинг уйи одамга тўлиб кетган эди.
— Йўқми? — сўради Саксонбой ота.
— Йўқ, — дедим.
— Қаёққа кетдийкин?
— Қидирамиз! — деди Ҳайдарали ака.
Ҳамма ҳар тарафга тарқалиб кетди. Мен ҳам кетдим. Бирга бўлган жойларимизни
бошқатдан айлана бошладим. Ойпопук йўқ эди. Ҳаммаёқ жимжит. Фақат олис-олислардан:
«Попув-в! Попув-в!» деган бўғиқ товушлар эшитиларди...
Тонгга яқин Яккачинор ўсган қоя тагида Ойпопук топилди. Аммо у... жонсиз эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |