www.ziyouz.com кутубхонаси
32
— Турманг, — деди Мавлон. — Бугун шу ерда ётинг.
— Ҳа, шу ерда қолинг, — дедим мен ҳам.
— Қаёққа борасан? Шўтта қол! — деди Шаҳодат хола.
— Шу ерда қол, — деди Ҳайдарали ака ва менга ўгирилди. — Эрталаб идорага йиғилайлик.
— Хўп, — дедим мен.
— Энди ётинглар, ҳали эрта, — деди Ҳайдарали ака. — Барибир фойдаси йўқ.
У кетди. Лекин ҳеч қайсимиз мижжа қоққанимиз йўқ.
Тонг отиши билан идорага бордим. Усмон аканинг кабинети одамлар билан лиқ тўла эди.
Кўп ўтмай Саксонбой ота билан Ҳайдарали ака ҳам келишди. Ҳамма негадир жим, ҳеч ким
гапни нимадан бошлашни билмасди. Бу аянчли сукунат анча давом этди. Ниҳоят, Саксонбой
ота чидай олмади шекилли, мендан сўради:
— Ойпопукка нима қилибди, ётибдими?
— Ётибди, мазаси йўқроқ, — дедим мен.
— Нима қиламиз? — деди Ҳайдарали ака ҳаммага бир-бир қараб чиқиб. — Бир нарса қилиш
керак.
Ҳеч кимдан садо чиқмади.
— Мен кечаси бутун ишларимни хомчўт қилиб чиқдим, — деди Ҳайдарали ака. — Колхозда
чатоқлик йўқ. Бошқа иш бўлса керак, чамамда, фақат Усмонжоннинг ўзига алоқадор бўлган иш.
— Нима иш бўлиши мумкин? — сўради Саксонбой ота. — Доим катта-катта ишларда ишлаб
келган. Доим мукофотланиб юрган.
— Билмадим, — унинг гапини бўлди Ҳайдарали ака. — Менимча, қандайдир
англашилмовчилик бўлса керак.
— Ишқилиб, шундай бўлсин-да, — деди кимдир енгил хўрсиниб, — яхши одам эди.
— Ҳа, тилла одам Усмонжон, менимча бундай қилсак... — деди Ҳайдарали ака бир оз
ўйланиб. — Раис ўрнини билинтирмай ишлайверамиз. Ваҳимага тушиш керак эмас. Икки-уч
киши районга борайлик. Ҳар ҳолда, у ерда билишса керак. Нима дейсизлар?
Ҳамма бу таклифни маъқуллади.
— Қизи нима бўлади? У ёлғиз-ку! — деди кимдир.
— Нима бўларди? — қизишди Ҳайдарали ака. — Ҳеч нарса бўлмайди.
— Фарида билан туради, — деди Саксонбой ота. — Ё бизникида, ё ўзиникида.
— Уч-тўрт кунлик гап бу, — деди Ҳайдарали ака. — Ҳеч нима қилмайди. Усмонжон
келгунча Саксонбой ота айтгандай туратуради. Хўп, райкомга мен бораман. Яна ким боради?
— Мен! — дедим ўрнимдан туриб.
— Бўлмаса кетдик. Икки киши бўлади.
Ҳайдарали ака одамларга баъзи топшириқларни берди-да, эшикка чиқди. Кетидан мен ҳам
чиқдим. Шу заҳотиёқ районга жўнадик.
— Жуда эрта кетяпмиз, — деди йўлда Ҳайдарали ака. — Райкомда ҳеч ким бўлмаса керак.
Лекин бундай бўлиб чиқмади. Машинамиз гулзор ёнида тўхтаганда Қодировнинг ўзи чиқиб
келаётганини кўриб қолдик.
— Жуда яхши бўлди, — деди Ҳайдарали ака. — Ўзини учратиб қолдик.
Қодиров бизни кўриб, қаршимизга юрди.
— Ҳа, бунча саҳарлаб юрмасаларинг? Салом, — деди у қўлини омонатгина чўзиб.
— Усмонжон кеча қамалди, — деди Ҳайдарали ака.
— Ҳа, эшитдим, — деди Қодиров. — Яхши бўлмабди.
— Сабабини билсангиз керак? — сўрадим мен.
— Афсуски, билмайман, — деди у бош чайқаб. — Билмайман.
— Нима қиламиз энди? — сўради Ҳайдарали ака.
— Сизлар қишлоққа кетаверинглар, — деди Қодиров. — Суриштирамиз. Уч-тўрт кун сабр
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |