www.ziyouz.com кутубхонаси
58
тушган бир парча муз кечадан бери эримай, вужуд-вужудини қақшатарди.
У уйга кириб тугун кўтариб чиқди. Ундан Бўрихоннинг гўдаклигида, болалигида кийган
кийимларини олиб қаради.
Илгари кампир баъзи-баъзида бу кийимларни ҳидлаб йиғларди. Энди кўксидаги муз уни
йиғлашга қўймади. У ҳовли ўртасига хазон тўплаб гугурт чақди. Гуриллаб ёнаётган гулханга
Бўрихоннинг кийимларини бирма-бир ташлай бошлади. Гулханда Бўрихоннинг болалиги
ёнарди. Қоракўз гулхан атрофида айланар, гоҳ аланга тафтига чидолмай нари кетарди. Бир
бўхча кийим зум ўтмай ёниб кулга айланди. Шамол куйиндиларни ҳовлининг тўрт тарафига
учириб кетди.
Қумрининг кўнгли бир нимани сездими, кўча бошига етмай машинадан тушиб қолди. Уйга
келганда, онаси кафтини иягига тираб, қимирламай ўтирибди. Қоракўз унинг хаёлларига шерик
бўлгандек, у ҳам олд оёқларига даҳанини қўйганча кўзларини юмиб, қимирламай ётибди.
Қумри у ёқ-бу ёққа қаради. Ҳовлидан куйган латта хиди келяпти. Қўшнилардан бирортаси эски-
тускиларни ёндиряпти шекилли, деб ўйлади. Ҳовлининг супрадек жойи қорайиб қолганини
кўриб ҳайрон бўлди. Яқин бо-риб қараса, қорайган ерда болалар кўйлагига қадаладиган ўн-ўн
бешта қовжираган тугма сочилиб ётибди. Қумри нима бўлганини билди. Ичидан зил кетди.
— Ойи, — деди у, — нима овқат қилиб берай? Эрталаб ҳам ҳеч нарса татимадингиз.
Бунақада толиқиб қоласиз-ку.
Кампир бошини сарак-сарак қилди.
— Иштаҳам йўқ, болам. Ичим тўла муз. Танамга аста тарқаляпти.
Қумри кўркиб кетди.
— Кўп куйинманг энди, бўлар иш бўлди. Худонинг иродаси бу.
— Э, қизим-а, бола туғмагансан-да, билмайсан!
Кампир қизига ҳеч қачон «туғмагансан» деб айтмаган. Айтса, таъна қилаётгандек бўларди.
Қизининг шундоқ ҳам дарди ичида. Бу гапни бегона айтса чидаш мумкиндир. Аммо ўз онанг
айтса, юрагингни кимга очасан? Қумри онасининг гапини малол олмади.
— Фарзанд доғи ёмон бўлади, болам.
— Ахир акам тирик-ку, шукр қилмайсизми? Кампир унинг гапини чўрт кесди:
— У йўқ энди!
Кампир сўзини охирига етказа олмай ёнбошига беҳуш йиқилди. Қоракўз безовталаниб
сапчиб туриб кетди. Кумри онасини кўтариб, кўрпача устига ётқизди.
Эшик тақиллади. Қоракўз дарвоза томон югурди. Қумри онаси билан овора эди. Ҳовлига
маҳалла мачитининг имом-хатиби билан мутаваллиси кирди. Кампирнинг аҳволини кўриб, бир-
бирига қараб олишди.
—Қизим, — деди мутавалли, — бемаврид келиб қопмиз. Онахондан суюнчи олмоқчи эдик.
Улар айвон олдига келишди. Сўнгги нафасини олаётган кампирга:
—Онажон, кеча муборак ҳаж сафаридан қайтдик.
Сизнинг ҳажингиз қабул бўлди, — дейишди.
Имом-хатиб Саодат аянинг «Ҳожи бадал» бўлгани тўғрисидаги ҳужжатни узатди. Кампир
қўлини кўтара олмади. Кўзини аранг очиб, ўзингга шукур, Аллоҳим, дея олди, холос. У қизига
бир нима демоқчи бўлган эди, тили калимага келмади.
Кумри унинг нима демоқчилигини билди. Югуриб уйга кирдию иккита оҳорли тўн кўтариб
чиқди.
— Ойим шу кунга атаб сақлаб юрган эдилар.
У шундай деб икковининг елкасига тўн ташлади.
Кампир икки кун шу алпозда ётиб, сал ўзига келгандек бўлди. Тилга кирди.
Аслини олганда, унинг умри тугаган эди. Бу хушхабар унинг тугаб бораётган умрига умр
улаган эди. Бу ҳол шамнинг ўчиш олдидан бир лоп этишига ўхшарди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |