www.ziyouz.com кутубхонаси
191
шиферни тешасан, тирмазак, деб уйигача қувиб боради.
Райком секретари бюро мажлисига келганда машинасининг ёғи тугаб қолган экан. Қўзибой
жиндек беринг, деб Отабойга худонинг зорини қилдиямки, бари бир кўнмади.
— Ҳой, биродар, менинг машинам ҳисобидан беринг. Эртага пиёда юрсам юрарман, келинг,
уятга ўлдирманг!
Отабой бари бир унамади. Унинг феълини секретарь ҳам билар экан, кулиб кўя қолди. Бир
амаллаб етиб оларман, деб жўнаб кетди. Шу воқеадан кейин одамлар секретарь Отабойни соғ
қўймайди, бир куни қасдини олади деб юришган эди. Аммо секретарь район пахтакорларининг
слётида Отабойни роса мақтабди. Қани энди, бошқалар ҳам колхоз мулкини Отабойдек тежаса,
дебди. Ана шундан кейин Отабой баттар бўлди. Симёғочга чиқиб электр тузатаётган
монтёрларга ҳам бақирадиган бўлди.
— Ҳай, эсинг жойидами, арра кавушингни секинроқ ботир, ходани тимдалаворасан!
...Қўзибой ана шундоқ одамга ош буюрадими? Коки-ла бу гапни ўйлаб гапирдими, йўқми!
Қўзибой ялинишга ўтди.
— Жон хотин, ҳеч бўлмаса битта чой дамлаб бер, идорада одамлар кутиб қолишди.
Кокила тикаётган ишини четга олиб қўйиб, чойнак кўтариб ҳовлига чиқиб кетди. Қўзибой
кўрпачага ёнбошлади. У неча йиллардан бери Кокила билан яшаб, ҳалигача унинг феълига
тушунолмасди. Бир қараса, ундан меҳрибон одам йўқ, бир қараса тепа тўнини тескари кийиб
олади. Шу топда қилиб ўтирган ишини қаранг! Механик Раҳматулла уйланаётибди, келинга
кўйлак тикиб ўтирибди. Чеварлигимни кўрсатиб қўяман, деб эрталабдан бери атласни олдига
ёзиб, у ёғидан ўлчайди, бу ёғидан ўлчайди. Яқинда ҳамма ёқни ивирситиб, ўн олтита атлас
кўйлак тиккан эди: ҳаваскор қизлар концерт кўйишар эмиш. Бу атласларни Отабойдан
ундиргунча нақ Қўзибойнинг она сути оғзига келди. Қўзибой ҳозир ён-бошлаб ётиб кўзи
илинган экан, Кокиланинг кулгисидан уйғониб кетди.
— Туринг, тура қолинг, раис бува, Отабой атайлаб бир тоғора сомса ёптириб бериб
юборибди.
Қўзибой қараса, столда буғи чиқиб турган бир лаган сомса.
— Тушимми, а! Шу ўзимизнинг Отабой юборибдими-а, йўқ-э!
Кокила кулиб юборди:
— Олинг, совумасин. Отабойдан қишда қор, ёзда офтоб сўрасангиз ҳам бермайди. Ўзим
ёпдим. Кеча, сомса егим келяпти, дегандай эдингиз.
Қўзибой тўйиб сомса еб бўлгандан кейин хотинини «дуо» қилди.
— Кружогингнинг ривожини берсин. Ўйинчи қизларинг Мукаррамхон бўлиб кетсин! Яша,
хотин, жуда бопта бўлди.
У шошилганича идорага югурди. Кўп одамларнинг ишини секретарнинг ўзи битказиб
юборибди. Бир тўда комсомол қизлар уни кутиб туришган экан, баравар чувиллашиб идорага
киришди. Яқинда комитет секретарлигига сайланган Анзират деган қақажон қиз бидирлаб
гапира кетди:
— Биласизми, биласизми, раис ака, янгича тўй қилмоқчимиз. Биласизми, Раҳматулла
Наимани оляпти. Танийсиз-ку!
— Ҳа, танийман. Хўш, нима қил дейсизлар!
— Биласизми, шу ҳалиги тўй харажатларини колхоз бўйнига олса, келин билан куёвнинг
сарполарини ҳам...
Қўзибой бошини қашиди. Илжайиб, энтикиб турган Анзиратга қаради.
— Хўп. Отабойга айтинглар, ҳамма нарсани тўғрилаб берсин.
Анзират тиззасига шапатилаб уриб, столга ўтириб қолди. Бошқа қизлар ҳам ҳафсалалари
пир бўлиб, бир-бирларига ер остидан қараб олишди. Анзират кўзларини пирпиратиб ўрнидан
турди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |