www.ziyouz.com кутубхонаси
130
Қўқонда автобусдан тушдик. Остановкада мени кутиб турган шофёрим роса эшитадиганини
эшитди. Ғилдирак ел чиқазиб юборганини айтса ҳам қулоқ солмай сўкавердим. Муаззамга
ўзимнинг кимлигимни кўрсатиб қўйиш учун атайин шундай қилдим. Машинага чиқа туриб
Муаззамга қўл учини бериб хайрлашмоқчи бўлгандим, у гапим бор, кетмай туринг, деб қолди.
Аха, дедим ичимда, менга етказган озорларингнинг қасдини оляпман, деб ич-ичимдан
севиниб кетдим.
— Сизни кўриб қолганим яхши бўлди. Юринг, бир жойга бориб келамиз. Шофёрга жавоб
бериб юбораверинг!
Рози бўлдим. Икковлашиб пиёда кетдик.
— Йўлдан қолдирганим учун хафа бўлмайсиз-да. Атайин шундай қилдим. Одилжонни
кўриб келасиз.
Юришдан тўхтаб қолдим. Ўша ўзим ёмон кўрадиган Одилнинг олдига бораманми?
Калламни шартта кесиб ташласа ҳам бормасман.
— Юраверинг, юраверинг, сизни кўрса севиниб кетади.
У қўлимдан ушлаб судради. Беихтиёр юриб кетдим. Анча жойгача индамай бордик.
Муаззам йўл четида осилиб турган тол новдасидан кўм-кўк баргларини қисимлаб сидириб олди-
да, маъюс гапира бошлади.
— Биламан, мени ёмон кўрасиз. Одилжонни бўлса кўрарга кўзингиз йўқ. Ҳеч бўлмаса бирга
ўқиганимизнинг ҳурмати бордир. Биласизми, хафа бўлмангу, сизни ҳали ҳам унча хуш
кўрмайман. Кўнгил хушламаган, ҳар бир одам душман эмас-ку!
Ҳайронман, нима демоқчи, нима қилмоқчи? Шунақа тушуниб бўлмайдиган хаёллар билан
шаҳар касалхонаси яқинига келиб қолибмиз.
— Шу ерда бирпас кутиб тура туринг. Ҳозир чиқаман.
У шундай деди-ю, шошиб касалхона дарвозасига кириб кетди. Анча ҳаяллаб қолди. Пойлаб
ўтириб, зерикиб кетдим. Бу ерда мен нима қилиб ўтирибман, деб ўзимдан сўрайман. Мени ёмон
кўрадиган одамнинг кетидан нима қилиб эргашиб юрибман? Кета қолайми? Шу ўтиришда
Муаззамнинг мени хўрлаганлари кўзимга кўринаверди. Ўрнимдан турдим. Энди кетмоқчи
бўлиб турган эдим, Муаззам чиқиб қолди. Унинг кўзлари қизарган, бошидаги косинкаси
сирғалиб елкасига тушиб қолган эди. У олдимга келиб нимадир демоқчи бўлди-ю, гапиролмай
бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди. Нима дейишимни, нима қилишимни билмай серрайиб туриб
қолдим. Боя Одилнинг олдига олиб бораман деган эди. Демак, Одил касалхонада. Нима бўлди?
Тинчликмикан? Одилнинг танасида ёрилган бомбанинг парчаси бор, даволатмай юрибди,
дейишарди. Дарди ўшадир?
— Кетмоқчимисиз? Кетманг!— деди Муаззам ялинган оҳангда. — Кетиб қолсангиз ким
менга ҳамдам бўлади?
— Нима бўлди? Айт?
Муаззам энтикди, жиққа ёш тўла кўзларини жавдиратиб қаради.
— Эртага Одилжоннинг оёғини кесишмоқчи.
Титраб кетдим. Бугун Муаззамни кўрганимдан бери калламга келган қасос олиш нияти,
мақтаниш, унга ўзимни кўрсатиб қўйиш ниятларим бирдан қаёққадир учиб кетди-ю, вужудимга
ҳокимлик қилаётган ўша туйғулар ўрнини шафқат, одамийлик, ҳамдардлик эгаллаб олди.
— Олдига киринг, юпатинг, дармон бўлинг. Мактабдошини кўриб танасига қувват киради.
йўқ деманг!
Наҳотки йўқ десам. Наҳотки биргина боқишим, ёнида бир дам туришим ўлимни енгиш учун
куч бўлса-ю, йўқ десам. Мен ҳам одамман.
Врачлар мени Одилнинг олдига киритишмади. Чарчаган, операция олдидан дам олсин,
дейишди. Ўтириб хат ёздим. Қизиқ-қизиқ гаплардан ёздим. Университетда қилган қизиқ-қизиқ
ишларимизни, ўша пайтда айтган латифаларимизни ёзиб киритдим. Хат тагига имзо қўйдим.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |