www.ziyouz.com кутубхонаси
117
Раис ҳукмни ўқиди. Жиноятчини трест бошлиқлигидан бекор қилиб, бетончилар бригадаси
ихтиёрига юбориш, ундан талон-тарож қилинган қурилиш материаллари учун саккиз минг етти
юз сўм ундириб олиш ҳақидаги ҳукмни одамлар қарсаклар билан қарши олди.
Мунисхон беихтиёр билагидаги тилла соатини ушлади. Тўй куни эри совға қилган
бриллиант кўзли узугини бармоғидан чиқазди.
Бирпасда майдон бўшаб қолди. Жўрабек ҳаммадан кейин ўрнидан турди. Ҳеч қаёққа
қарамай аста-аста юриб майдончадан чиқди-да, худди маст одамдек гандираклаб кўчага
бурилди. Мунисхон унга эргашди. Кеч кириб, атроф қоронғилашиб қолган эди. Жўрабек кран
тепасидаги прожектор ёритиб турган ғишт уюми олдида тўхтаб, папирос тутатди. Мунисхон
қадамини тезлатиб унга яқинлашди.
— Жўрака!
Жўрабек қулоғига чалинган таниш овоздан сесканиб кетди. Қўлида ёниб турган гугурт
чўпини қаёққа ташлашни билмай эсанкиради. То Мунисхон етиб келгунча гугурт охиригача
ёниб қўлини куйдирди. Мунисхон чидаб туролмади, югурганча келиб Жўрабекнинг бўйнига
осилди. Жўрабек қалтирарди. Бу ҳаяжонданми, хўрликданми, билиш қийин эди.
Атрофни ларзага солиб келаётган бульдозернинг ўткир чироғи ҳар силкинганда уларнинг
соясини гоҳ баланд иморатларнинг учига, гоҳ тош, шағал уюмларининг дўнгига улоқтирар,
муюлишга келганда эса уларнинг жуфт сояларини атрофларида ярим доира қилиб
айлантирарди...
1948 йил.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
www.ziyouz.com кутубхонаси
118
БАҲОР СУВЛАРИ
Каравотга чалқанча ётиб, Тургеневнинг «Баҳор сувлари» китобини варақлай бошладим.
Китоб орасидан тўрт букланган қоғоз кўкрагимга тушди. Бепарволик билан қоғозни олиб, ётган
еримда ўқий бошладим. Оддий қора қалам билак жуда хунук ёзилган, баъзи жойлари ўқиб
бўлмайдиган қилиб ўчириб ташланган бу хат мени ҳайрон қилиб қўйди. Хат эгаси, уни ё
муттасил тебраниб бораётган трамвайда, ё тик туриб ёзганга ўхшайди. Бир чизиқли дафтар
варағидаги сатрлар бошида йўғон-йўғон ҳарфлар билан бошланиб, сатрнинг охирига етмай бир-
бирига мингашиб кетарди. «Нима бало, маст одам ёзганми буни», деб дилимдан ўтказдим.
Юқорисидан икки-уч сатр ўчириб ташланган хат шу ердан бошланади:
«...Уйингиздан бутунлай кетдим. Кутманг. Қайтиб келмайман. Бу хатни бутунлай, қайтиб
келмас бўлиб кетаётганимни сизга билдириб қўйиш учунгина ёзяпман. Сабабини билишни
истарсиз? Наҳотки ўзингиз билмасангиз? Қайси бир хотин қанчадан-қанча аҳду паймонлар,
орзу-умидлар билан кириб келган уйини ташлаб кетади? Мен ана шундай қилдим. Бу менинг
виждон олдидаги қарзим, ҳақоратланган, оёқ ости қилинган муҳаббатим олдидаги бурчим эди.
Эсингиздами, анҳор бўйидаги ағдарилган қари чинор танасига ёнма-ён ўтириб, юлдузларга
термилардик. Кўп ошиқлардан бева қолган ойнинг булутдан булутга сузиб ўтишини хўрсиниб-
хўрсиниб томоша қилардик. Сизнинг елкангизга суяниб, анҳор салқинидан сесканганимда
костюмингизнинг этагига мени ўрардингиз. Ўша кунлар ўзимни чинакам бахтиёр деб билардим.
Анҳорнинг нариги томонидаги янтоқлар орасида чириллаган чигирткаларнинг овози ҳам
қулоғимга ажойиб бир оҳанг бўлиб эшитиларди. Баъзан эл ухлаган сокин кечада асфальт кўча
бўйлаб олис-олисларга кетиб қолардик...»
Шу ерга келганда хатнинг кетма-кет уч сатри ўчирилган. Шунча уринсам ҳам ўқиёлмадим.
«...Баъзан артистларга раҳмим келади. Улар саҳнада ўз қиёфаларидан чиқиб, бир неча соат
бошқа одам бўлиб яшайдилар. Уларнинг маҳоратига қойил қолиб қарсак чаламиз. Ўйлаб
кўринг, бу улар учун жуда ҳам катта меҳнат, машаққат эмасми?
Сиз-чи? Сиз саҳнада эмас, ҳаётда артист бўлиб яшадингиз. Ўзлигингиздан чиқиб, бошқа
одам қиёфасига кирдингиз. Ўзидан, вужудидан, қалбидан, дунёдаги энг ярамас, ифлос нарсадан
жиркангандек жирканадиган одамгина шундай қилади. Бу жуда қийин иш-ку! Умр бўйи бир
танада икки киши бўлиб яшаш мумкинми, ахир! Шунинг учун сизни ташлаб кетдим. Ҳеч
қайтиб келмас бўлиб кетдим. Тўйимиз бўлган кунни бир эсланг. Қадаҳларнинг жаранги,
ҳофизларнинг хониши, дўст-ёрларнинг қалбни титратадиган табрик сўзлари... Ўша кунлари
чинакам бахтиёр эдим, худди булутлар орасида сузиб юргандек эдим, поёнига етиб бўлмас
орзуларим бор эди. Худди тўйимиз куни, эшигингиз — менинг янги уйимнинг эшиги олдида
боласини кўтариб турган хотиннинг ғазаб ва нафрат тўла кўзлари менга тикилганини, унинг
қалбида туғён қилаётган ҳисларни пайқамаган эдим. Чунки мен бахтиёр эдим. Бахтдан энтиккан
кишининг кўзига ҳамма нарса гўзал, ҳамма одам бахтли кўринишини билмаган эканман. Мен
бахтдан энтикардим, у бахтсизликдан пинҳоний фарёд чекарди. Мен бахтга етишган эдим, у
бахтини йўқотган эди. Энди ўйлаб қарасам, у бахтни эмас, бахтсизлигини йўқотган экан.
Негаки, сиз, ўзгага бахт беролмайдиган нотавон киши экансиз. Унинг юзларига бемаҳал тушган
ажинлар, қўнғироқ сочларга бемаҳал оралаган оқлар сиз келтирган «бахт» эканлигини энди
яхши биламан.
Ҳозир шу хатни ёзарканман, хотинингизнинг ўша машъум тўй кунидаги қиёфасини кўз
олдимга келтириб, қалам тутган қўлларим муштга айланганини билмай қолибман. Бирга юрган
кечалари ойга термилиб тонг оттирган пайтларимизда у мушфиқ хотиннинг дераза олдида
эшикка термилиб, маъюс, афтодаҳол ўтирганини ўйлаганимда, бутун борлиғим зирқираб
кетади. Сизни қарғаш учун олам бисотидан таҳқирлироқ сўз тополмайман...»
Хатнинг давоми бутунлай ўчириб ташланган. Чироққа яқинроқ бориб ўқишга уриниб
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |