www.ziyouz.com кутубхонаси
116
Мунисхоннинг кўзига эри Жўрабек кўриниб кетди. Наҳотки у ҳам чаён бўлса?! Наҳотки у
ҳам одамларга ниш урмоқчи бўлса?
Бу асаби қайнаган йўловчилар учун Жўрабек билан бояги буқабўйиннинг қандай фарқи бор?
Иккови ҳам бир эмасми?! Йўқ! Жўрабек адашган, у чаён эмас, чаён эмас...
Мунисхон минг азоб билан бир умр келмас бўлиб кетган уйининг остонасига қадам қўйди.
Эрининг фарзандсиз бева аммаси уни жуда совуқ кутиб олди. Кўз қарашларидан:
севинганингдан келдингми, унинг ҳолидан кулгани келдингми, деган маъно англашиларди.
Мунисхон уйга кирди. Бир вақтлар ёғ тушса ялагудек топ-тоза уй ниҳоятда бесаранжом,
файзсиз эди. Кулдон папирос қолдиқларига тўлиб кетибди. Каравотнинг бош томонида полга
жуда кўп кул тўкилган. Кўп чекибди, кечаси ҳам чекадиган бўлиб қолибди, деб дилидан ўтказди
Мунисхон.
У бир вақтлар ёшликнинг қайноқ муҳаббати ёритган уйда шу кўйи узоқ кезиб юрди. Оҳак
чўткасининг деворд-ги билинар-билинмас излари унга шу уйда ўтирган келинлик дамларини,
электр симларининг бурамалари шифтга қараб сурган ўйларини, ҳозир чанг босган рамка ичида
жилмайиб турган қўнғир соч Жўрабекнинг сурати тўй олдидаги ваъдаларни эслатарди.
Мунисхон уни қандоқ севарди! Қани у эҳтирослар, қани у эркаланишлар! Уни бу ерга на ёшлик
хотиралари, на эҳтирос, на дилни эркаловчи ошиқона сўзлар бошлаб келди. Мунисхонни
дўстлик, қадрдонлик, қолаверса унинг биринчи қалб ёлқинини олиб қолган, илк севгисини, сиру
сеҳрга тўла қайноқ муҳаббатини бағрига яширган, бир вақтлар энг азиз, энг яқин, ҳозирда эса
бегона бўлиб кетган кишисининг бошига тушган мусибатга ҳамдард бўлиш, одамлик қилиш
ҳисси бошлаб келган эди. Ким билади, ўчган ўт қайта ёнарми-кин. Агар у кулга айланмаган
бўлса, ёнмоғи мумкин.
Мунисхон хаёллар, хотираларга берилиб Жўрабекни кутди. У келмади. Иш вақти тугаганига
ҳам бир соатдан ошди. Ҳамон ундан дарак йўқ эди. Мунисхонни ваҳима босиб, ҳовлига чиқди.
Кампир ҳам безовталаниб, тиқ этса эшикка қарарди. Мунисхон кўчага югурди-ю, дуч келган
«такси»ни тўхтатиб, Жўрабекнинг ишхонасига қараб кетди. Қурилиш майдонида одам кўп эди.
Қандайдир йиғин бўляпти. Мунисхон одамларни оралаб ичкарига интилди.
Президиум столи атрофида ўтирганлар орасида Жўрабек кўринмасди. Мунисхоннинг юрак
ўйноғи баттар ошди. Нафасини ростлаб ёнидаги йигитдан сўради:
— Мажлис бўляптими?
— Йўқ, ўртоқлик суди бўляпти. Бошлиғимизни суд қиляпмиз. Ҳу, анови чап томонда
орқасини ўгириб ўтирган киши, ўзи яхши одам эди-ю, улфатлари расво қилишди-да, қозонга
яқин юрсанг, қораси юқар, деб шуни айтадилар-да!..
Бирдан ғовур босилиб, майдон сув куйгандек жимиб қолди. Сўнгги сўз айбдорга берилган
эди. Жўрабек бошини эгиб, халойиққа қарамай, оғир қадамлар билан стол олдига келди.
Мунисхон титраб кетди. Эри анча озиб қопти. Кўзи ич-ичига ботиб кетибди. Жўрабек бир
ютиниб олди-да, бошини кўтариб ғамгин юз билан гап бошлади:
— Мени ёмон улфатларга қўшилиб шундай бўлди, дединглар. Тўлаганнинг, Орифнинг
гапига кирди, дединглар. Тўғри, шундай бўлди. Нега улар бошқа одамни йўлдан урмай, мени
йўлдан уришди? Бўш дарахтни қурт ейди. Мен бўш дарахт эканман. Мустаҳкам чинорларга
қуртларнинг тиши ўтмайди. Қуртларни йўқотишдан аввал қуртларга ем бўладиган дарахтни
қирқиш керак. Менга қўйилган айбларнинг ҳаммасига иқрорман. Мен қилган иш хато эмас,
жиноят. Хато тузатилади, жиноятчи жазоланади. Менга жазо беринглар. Мен бир марта
жазоланган одамман, кўзим очилмаган. Севган хотиним ташлаб кетган. Шунда ҳам йўлимни
топиб олмаганман. Энди менга каттароқ жазо беринглар.
Жўрабек бошқа гапирмади. Яна бошини эгиб, жойига бориб ўтирди. Суд ҳукмга кирди. Яна
одамларнинг ғовур-ғувури бошланди. Мунисхон одамларга орқа ўгириб ўтирган эрининг
елкасидан кўзини узмай, ҳамон тик турганича қимир этмасди. Суд ҳайъати яна минбарга чиқди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |