www.ziyouz.com кутубхонаси
61
йигитчалар ура қочишди.
— Хозир қувиб бориб қулоқ-чаккасига тарсаки туширсам бўлар эди-ю, лекин одам ҳар
ёғини ўйлаб андиша қилади-да, — деди терлаб кетган ҳайдовчи. — Бир чеккаси, йўловчиларга
ҳам осон тутиб бўлмайди. Ҳаво мунақа. Транспортнинг аҳволи маълум. Одам кўп. Сменани
топширгунча ийиғим чиқиб кетади-е!.. Метро қурилса биз ҳам сал енгил тортармидик, дейман-
де!
— Енгил тортишингиз аниқ, — деди Сагтор. — Метронинг ҳузурини ҳамма кўради. Ер
остида қиш-у ёз баробарлигини айтмайсизми!
Розия Москва метросида Саттор билан бирга юрганларини эслади-ю:
— Ҳақиқатан, метронинг қор-ёмғир билан ҳисоблашмаслиги ҳам яхши-да, — деб қўйди.
Машинанинг бир бурчагида ўғлини олдига олиб ўтирган Ойшахон Саттор билан Розиянинг
қандайдир сирли бир муносабатлари борлигини тобора аниқ пайқамоқда эди. Бу икковининг
орасида катта бир ижодий мехнат ва жозибали мақсаддан ташқари, улкан бир туйғу ҳам
борлигини, Саттор билан Розия бир-бирига жуда муносиб кўринишини Ойшахон рашк оловида
ўртаниб ҳис қилди-ю, бунга қарши исён кўтаргиси келди.
— Қор-ёмғир дейсиз! Ҳозир бизнинг гулхонага боринг. Қаҳратон совуқларда ҳам гуллар
очилиб ётибди!
Ойшахон бу гапларни Розияга қараб, «биз сиздан кам эмасмиз» деган бир писанда билан
айтди. Кутилмаган бу писандадан Розия эсанкираб қолди. Саттор ўриндиққа чап қўлтиғини
таяб, Ойшахонга ўгирилиб қаради. Унинг лаблари алам билан титраётганини кўрди-ю сабабини
сезиб, кўнглини кўтариб қўйгиси келди.
— Ойша ҳозир шаҳарнинг энг катта гулхонасида ишлайди, — деди Саттор Розияга. — Ўзи
қишлоқда ҳам гулчиликни яхши кўрар эди. Бу ерда машҳур бир гулчига шогирд бўлиб олди.
Устозинг ким эди?
— Шафоат Розиқовна! — деди Ойшахон ифтихор билан. — Газеталарда суратлари чиққан.
«Янги Тошкентни гулбоғ шаҳарга айлантирамиз!» деб сўз берганлар!
— Ҳа, эшитувдим, — деди Розия Ойшахондан кўзини олиб Сатторга қараркан.
У Ойшахоннинг ишга қандай кирганини Саттордан эшитган эди. Қўни-қўшнилардан бири
Ойшахонни тикув фабрикасига ишга таклиф қилган, бошқа бири уни заводга олиб борган,
учинчиси комбинатга одам кераклиги ҳақидаги эълонни олиб келиб кўрсатган эди. Ҳамма
жойда: «Ўз ҳисобимиздан ўқитиб, истаган ҳунарингизни ўргатамиз, кейин бизда ишлайсиз!»
дейишар эди. Ишлайдиган одамга талаб бу қадар катталиги, меҳнаткаш киши бу даражада азиз
экани Ойшахонга жуда ёқиб тушган эди. Бироқ у ҳовлига ўргангани учунми, тўртинчи
қаватдаги квартираларида ўтиравериб сиқилиб кетар, кўкаламзор жойларни қўмсар эди. Буни
сезган Саттор янги Тошкентни гулзор, кўкамламзор қилиш учун жонкуяр одамлар кераклигини
ўйлади-ю, Ойшахонни шаҳар гулхонасига олиб борди. Ойшахон улкан оранжереяларда
Ўзбекистонда бор энг ажойиб гуллар ва кўркам ўсимликларни ўстириш мумкинлигини кўриб,
бу ишга астойдил қизиқиб қолди. Ҳозир у ҳам янги Тошкентда гуллар ва боғларни мумкин
қадар кўпайтириш иштиёқи билан ишлаб юрибди.
Розия шуни сезди-ю, Ойшахоннинг севган иши бутун ҳаётига яхши таъсир кўрсатиши
мумкинлигини ўйлади. Қачондир бир вақт Ойшахон ҳам орадаги мураккаб муаммони ўзича
мустақил таҳлил қиладиган ва адолатли ҳукм чикарадиган бўлишини истади. Розия шу истак
таъсирида Ойшахонга мулойим бир назар ташлади-да:
— Ишингиздан хурсанд бўлсангиз... биз ҳам сиз учун хурсандмиз, — деди.
Розия Ойшахоннинг бояги писандасини кўнглига олмай, бу қадар мулойим жавоб қилгани
ғалати эди. Ойшахон унинг нега бундай деганини тушунолмай юзига тикилиб колди. Шунда
бирдан кўз-кўзга тушди. Розиянинг кўзлари ҳамма воқеадан хабардор эканини айтиб турарди.
Ойшахон буни пайқаб, юраги орқасига тортиб кетди. Саттор Ойшахондан ажрашиб, шу қизни
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |