www.ziyouz.com кутубхонаси
58
суймаслигини пеш қилиб, ўзини ундан олиб қочиб юрди. Одам одамга дўст, ғамхўр, деган
тушунча каёкда қолди? «Мен илғорман, сен орқада қолгансан, нари тур!» деб итариб ташлаш...
Йўқ, Саттор бундай қилолмайди. Аммо, бу боши берк кўчадан қандай чиқиш мумкин?
Ойшахонни бу ерда қолдириб кетса-ю, турмушлари аввалгидай давом этса, яна шу ота-она
билан қайнонанинг таъсири ўзини кўрсатаверади. Ҳеч нарса ўзгармайди. Агар уни Тошкентга
олиб бориб, бирга яшаса, Ойшахон тезроқ ўзгариши мумкин, Сатторнинг кўнглини тезроқ
тушуниши мумкин. Бироқ бунга Саттор бардош бера олармикин? Кеча дарёда Ойшахон уни
бўйнидан қучоқлаб, чўктириб юбораёзгани Сатторнинг эсига тушди-ю, эти жунжикди.
Ойшахон мана шунақа қилиб унинг бутун орзуларини чўктириб юбормасмикан? Саттор
Розиядан маҳрум бўлиб армон қилиб юрмасмикан?
Бироқ Розиянинг ўзи: «Менга сўз беринг, биз ҳеч кимга ёмонлик қилмайлик!» демаган
эдими? Энди Саттор бошкаларга ёмонлик қилмаслик учун бутун оғирликни ўзига олса нима
деркин? Ўзини қандай тутаркин? Наҳотки, шу ҳолатда ҳам Розия Саттордан юз ўгириб кета
олса?
Нима қилиш керак? Саттор не вақтгача ёлғиз ўзи ҳовли билан битта бўлиб ўй ўйлайди-ю,
охири яна Ойшахонга рўпара бўлди:
— Таваккал! — деб гўё ўзига-ўзи далда берди. — Мен сени Тошкентга кўчиртириб кетсам...
борасанми?
Ойшахон Сатторга «синаб кўряпсизми ё чини биланми» дегандай, кўзларини катта-катта
очиб тикилди. Саттор унга изтироб билан қараб турибди. Ойшахоннинг «ҳа» дейиши
кўнглининг аллақаерига оғир зарба бўлиб тушадигандек.
Ойшахон унинг кечаги гапларини эслади-ю, иккиланди:
— Борсак қаерда турамиз?
— Кузда уй берадиган бўлган.
— Бизга-я?
— Ҳа, сен ҳам рўйхатда борсан.
— Бориб яна... ортиқча юк бўлсак...
— Бу ёғи ўзинга боғлиқ. Ишга кирарсан.
— Ундай бўлса, майли... Бораман!
Кеч кузда Саттор уйга ордер олди-ю, Ойшахонларни кўчиртириб кетди.
15
Қиш жуда қаттиқ келди. Февраль охирлаб қолаётган пайтда ҳам Тошкентда қор белга урар
эди. Қаҳратон совукқа чидаб бўлмайди. Кўчалар тойғоқ, машиналарнинг ғилдиракларида
занжирлар шақирлайди. Шаҳарда бор бульдозерлар, скреперлар ишга солинган бўлса ҳам,
устма-уст ёғиб турган қордан кўчаларни тозалаб улгуришолмайди. Бундай пайтда троллейбус,
трамвайларнинг юриши қийинлашади, бекатларда одам ҳаддан ташқари кўпайиб кетади.
Саттор ишдан чиқиб боғчага борса, Ойшахон Мухторни кийинтириб олиб чиқаётган экан.
Учовлари трамвай бекатига келиб узоқ туришди. Уларнинг трамвайлари қаердадир қорга
тиқилиб, тўхтаб қолган эди. Кечки изғиринда боланинг юзи кўкариб кетди. Саттор унинг қалт-
қалт титраётганини кўрди-ю, кўчадан ўтаётган машиналарга қўл кўтара бошлади.
Ҳозир таксининг бўши анқога шафе. Қўл кўтарувчилар беҳисоб. Одамлар ҳатто, кабинаси
бўшроқ юк машиналарига ҳам қўл кўтаради.
Таксининг орқа ўриндиғида хомуш келаётган Розия йўлда қўл кўтариб турган Сатторни
кўриб қолди. Ҳовурдан хира тортган дераза орқали унинг ким билан турганини кўзи илғаганича
бўлмай, таксичига:
— Тўхтатинг! — деди.
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |