www.ziyouz.com кутубхонаси
16
оламни тасаввурда яратиб, Идеал бир гўзаллик ишқида ёниш бўлган. Одамнинг асрлар
давомида абадий ҳаёт, руҳнинг ўлмаслиги ҳақида ўйлаб келган армонлари, ривоят-асотирлар бу
беҳудуд романтик олам уфқини кенгайтирган. Шу боис, умрида тасаввуфнинг бирор расмий
қоидасини бажармаган, яъни расман сўфий бўлмаган Алишер Навоий мазкур таълимотни
маслак, мафкуравий эътиқод сифатида қабул қилиб, ўзининг инсоншунослик, ҳақпарастлик ва
адолатпарастлик ғояларига бўйсундирган эди. Шоҳ ва шаҳзодаларни инсофга чақириш, риёкор
шайхлар, бетавфиқ сўфийларни фош қилишда ундан фойдаланди. Шоирнинг ижоди ана шундай
мураккаб ва кўп қиррали, ибора-образлари кўп маъноли, теран. Унинг ҳар бир асари устида
тўхталганда, бу хусусиятни албатта эътиборга олиш лозим.
«АХТАРИН АШК ЭТТИЮ СОВУҚ НАФАСНИ ОҚ СУБҲ»
Тўққиз байтли бу ғазал рамали мусаммани маҳзуф баҳрида ёзилгап (фоилотун, фоилотун,
фоилотун, фоилун). Мазмунига кўра ошиқона, яъни ошиқнинг ҳижрондаги изтиробларини,
кечинма-ҳисларини ифодалайди. Шу жиҳатдан уни шарҳи ҳол усулида ёзилган асарлари
сирасига киритиш мумкин. Аммо зоҳирий маънолари билап ошиқона бўлиб кўринган ушбу
газалда орифона (тасаввуфий) маънолар ҳам ифода этилади, умуман, Алишер Навоийнинг аксар
ғазалларида зоҳирий ва ботиний маъно, «дунёвий» ишқ билан «илоҳий ишқ», бошқача айтганда,
«мажозий» маънолар билан «ҳақиқий» маъио бирга қўшилиб, бири иккинчисини тақозо этиб
келади. Икки маънолилик, икки йўналишли тасвир мазкур ғазалга ҳам хос, шунинг учун унинг
шарҳи ҳам ана шу икки жиҳатии очиб беришга хизмат қилиши керак. Ғазалда бошдан
охиригача иккита образ — тонг ва тун (ёки шом) тимсоли қарама-қарши қўйилиб, қиёсланиб
борилади, ташбиҳ ва истиоралар шу йкки тимсол — образ атрофига уюштирилган. Ошиқнинг
ҳижрони, айрилиқдаги ҳолати — тун, висол дамлари — тонг, ёруглик. Ошиқ инсон ҳижрон,
айрилик тунидан қутулишга ва ёр дийдорига мушарраф бўлиб, фараҳ топишга талпинади,
ҳижрондаги азобларидан зорланади, охирида эса тонг отиб, васл умиди шуъласи кўринади.
Демак, ғазал ягона мавзуга бағишланган, тасвир мантиқи байтлар аро вобаста бўлиб, бир
силсилани ташкил этади. Энди байтлар шарҳига ўтамиз.
Ахтарин ашк эттию совуқ нафасни оҳ субҳ,
Бўлди гўё шоми ҳажрим ҳолидин огоҳ субҳ.
Аввало нотаниш сўзларга изоҳ берамиз: ахтар — юлдуз, ашк — кўзёши, еубҳ — тоиг.
Матлаъда ҳазрат Навоий ажойиб шоирона тасвир яратган: тонг (субҳ) жонлантирилиб, унга
одам хусусияти сингдирилган. Тонг ғира-ширасида юлдузлар кўзёшидай омонат милтиллайди,
тонгнинг салқии шамоли эса, дардманд ошиқнинг оҳидай совуқ. Яъни тонг ошиқ аҳволига
ачинади, ғамгин бўлади ва кўзёш тўкиб, совуқ оҳ тортади. Лирик қаҳрамон ўз ҳолати билан
отаётган тонгни қиёслаб, тонг менинг айрилиқ шомидаги азобларимдан хабар топиб, салқин
шабада уфуриб, оҳ чекди, дейди. Эрталабки салқин шабада дард зўридан оҳу нола қилган
одамнинг нафасига ўхшатилган, совуқ оҳ эса бу ўринда афсус ва ачиниш, ожизлик нишонаси.
Байтнинг насрий мазмуни: «Тонг гўё менинг ҳижрон тунидаги аҳволимдан хабар топгандай,
юлдузларни кўзёши қилиб, совуқ шамоли билан оҳ уриб етиб келди». Бу — байтнинг
«дунёвий», ошиқона шарҳи. Байтнинг ботиний, орифона маъносини тушуниб олишимиз керак.
Чунончи, тонг (субҳ) — «ваҳдат нурининг таралиши» («Шарҳи Гулшани роз», 583-бет), илоҳиёт
тажаллиси; у олами ғайбдан нузул этиб, таайюнот (аён нарсалар дунё ғоялари) зулумотини
ошиқ кўнгли саҳифаларидан сидириб ташлайди. Оҳ — ишқ ғулғуласининг тил билан ифодалаб
бўлмайдиган авж лаҳзаси. Шом — ваҳдатга қарама-қарши касрат (кўплик) мартабалари,
Алишер Навоий ғазалларига шарҳлар
Do'stlaringiz bilan baham: |