www.ziyouz.com kutubxonasi
91
ҳолидан кулгандай туюлиб, оёқларидан қувват кетгандай бўлди. Беморни кузатиб чиққан
Моштабибнинг хушчақчақ овозини эшитмаганда юрмоғи қийин эди. Икки эшик орасидаги йўл
Зоҳид учун ғоят узун туюлди. Моштабибнинг ичкарига кириб кетмай кутиб туриши ҳам Зоҳидга
далда берди. Моштабиб унинг саломига алик олгач, жилмайган ҳолда:
— Келинг биродар, хизмат? — деб сўради.
— Дадам отдан йиқилибдилар. Вақтингиз бемалол бўлса олиб кетсам девдим.
— Олиб кетмайсизу, бирга бориб келамиз, — деди Моштабиб кулиб.— Мен қиблагоҳимга айтиб
чиқай.
— Унгача машина топиб келаман.
— Топиб нима қиласиз? Мана мошина, — деди Моштабиб эшик яқинидаги кўк «Жигули»ни
кўрсатиб. Зоҳид бу машинани бирорта беморники деб ўйлаган эди. Моштабибнинг дарровгина
кўниши унинг ақлини шоширган бўлса, бу марҳамати янада лол қолдирди. У сўз айтишга
улгурмай Моштабиб ичкари кириб кетиб, дам ўтмай қўлида қутича ушлаганича қайтди.
Лой кўчалардан ўтишаётганда Зоҳид бир оз хижолат бўлганича:
— Узр ака, борадиган жойимизни айтмовдим, сал узоқроқ, — деди.
— Узоқ дейсизми? Хиротда эмасдир? — деди табиб кулиб.
Унинг хушчақчақ табиати Зоҳидни туни билан қийнаган уятли ҳолатдан қайтарди. Уйқусиз
тунда моштабибга учрашишнинг бир неча шаклини мўлжал қилган эди. Охири «Бораману
тўғрисини айтаман, олти-етти йил аввал кўчангизда пойлоқчилик қилган милиса мен бўламан.
Лекин сизга ёмонлигим йўқ эди», демоққа қарор қилганди. Бироқ, Моштабибнинг «келинг
биродар» дейиши бу хом қарорини йўққа чиқарди. Йўлда кетатуриб ўша пойлоқчилик
воқеасини тилга олиб узр сўрамоққа тараддудланди, аммо бунга ҳам журъати етмади. «Узр
сўрайдиган одам бошига ташвиш тушгунича олти-етти йил кутармиди», деб ўзини ўзи койиди.
Моштабиб Зоҳидни турли хаёллар қийнаётганини сезгандай ўзи гап бошлаб қолди:
— Биродар, йўлимиз узоқ экан, жим кетишни жиним ёқтирмайди. Хўп десангиз, мен сизга бир
нима айтиб бераман.
— Яхши бўларди, — деди Зоҳид, сўнг узрли оҳангда қўшиб қўйди: — Мен асли гапга
нўноқроқман.
— Гапга нўноқмасдирсиз. Ҳозир адангизнинг аҳволларини ўйлаб, ташвишланяпсиз. Одам
ташвишланганида тилига гап келмайди. Энди эшитинг: Фаридуддин Аттор ҳазратларида ривоят
бор: эмишки, мамлакатда одам роппа-роса ўн йил подшо бўларкан. Ўнинчи йилнинг сўнгги
куни адоғига етгач, подшони тахтдан тушириб, қайиққа ўтказишаркан-да кимсасиз оролга олиб
бориб, қип-яланғоч ҳолида ташлаб келишаркан. Шу ривоятни эшитганмисиз?
— Йўқ, — деди Зоҳид айбдор одам оҳангида.
— Унда диққат билан эшитинг: бунақа ибратли ривоятларни қадимги мактабларда ўқитишган
экан, ҳозиргилар билишмайди. Менинг бахтим чопиб, бир ақлли одамдан сабоқ олганман.
Бўлмаса камина ҳам омилигича қоларди. Хуллас, навбатдаги одам подшо бўлиб тахтга ўтиргач,
юм-юм йиғлармиш. Вазири ажабланиб: «Шоҳим, нега қайғурасиз?» деб сўрабди. «Нега
йиғламай, ахир менинг ҳам қисматим салафларим кабидир. Ўн йил ўтгач, мени ҳам кимсасиз
оролга қўйиб келадилар. Ўн йиллик кайфу сафо эвазига азоб-уқубат чекаман. Оқибатда илон-
чаёнларга ем бўламан.» дебди. Шоҳнинг бахтига вазири доно экан. У дебдики: «Eй, зукко
шоҳим, ҳамонки шунга ақлингиз етибди, энди бир иш қилинг: ўзингизни беҳуда кайфу сафодан
ти-йингда бунинг эвазига ўша кимсасиз оролни обод этишга киришинг. Дарахт экинг, боғ
қилинг. Шунда сизни азоб эмас, роҳат кутажак». Бу маслаҳат подшоҳга маъқул келибди.
Ривоятга тушундингизми?
— Ҳа, — деди Зоҳид.
— Йўқ, ҳали тўла тушунмадингиз, — деди Моштабиб унга қараб олиб. — Бу ривоятнинг асл
мазмуни руҳга тааллуқли, жуда чуқур. Аттор ҳазратим айтмоқчиларки, ҳар бир одам ўзига ўзи
подшоҳдир. Румий ҳазратларида зўр бир фалсафа бор: «Киши тушида ўзини шоҳ сифатида
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |