www.ziyouz.com kutubxonasi
90
Шунда ҳам мардлари ташлайди ўша сўмни. Бир танга ташлаб кетадиганларни ўзим кўрганман.
Ғаламисларга шуни айтсам ишонишмайди. Уларнинг назарида бу хонадонга бош уриб келган
одам борки бир-икки мингдан ташлайди.
— Белгилаб қўйган нархлари йўқми?
— Қанақа нарх? — Нозир шундай деб унга «есинг жойидами, ука?» дегандай қараб қолди.
— Чиққанни солишга бунча, синганга мунча, — деб изоҳ берди Зоҳид.
— Э, — Темиров ҳафсаласи пир бўлиб қўл силта-ди. — Баъзи бир хил дўхтирларда бўлади
бунақа гаплар. Табиб берганни олади. Дўхтурга ўхшаб минғирламайди, аксинча, шифо тилаб
дуо қилади.
Зоҳид бу ерда кун бўйи келиб-кетувчиларнинг саноғига етмай қолди. Кунига шунча одам майиб
бўлади, дейилса ишонмаслиги тайин эди. Агар бошқа даҳаларда ҳам табиблар мавжудлиги,
дўхтирхоналарга ҳам мурожаат этувчилар сони ҳисобга олинса, одамнинг ҳайрат тўрига ўралиб
қолиши тайин.
Капитан Темиров моштабибларнинг тарихи, таърифу тавсифини ўзи билгани қадарли айтиб
тугатгач, «Eнди ука, менинг бир зарур ишим бор, ров бораману ров келаман», деб кетди. «Ров
бориб-келиши»ни Зоҳид узоғи билан ярим соатли муддат деб ўйлаб янглишган эди. Кун
тиккага келиб, ташналикка қўшилган очлик забтига олганда ҳам Темировдан дарак бўлмади.
Шунда Зоҳид бу кўчада беҳуда пойлоқчилик қилавериб безган нозирнинг аҳволини тушунди.
Очлик, ташналикка ҳам чидаш мумкин эди-ку, бироқ ўтган-кетганларнинг назарларига тоқат
қилиш қийин кечди. Кун пешиндан оққан маҳалда капитан қоғоз халтада сомса, шишада
маъданли сув келтирди. Зоҳид таомланиш учун ҳам бу кўчани тарк этмоққа ҳаққи йўқлигини
билиб, ортиқча савол бермади.
— Тўхтатмай олаверинг, мен қозонбошида тўйдим,— деди Темиров шишанинг тунука
қопқоғини очиб.
Капитан олиб келган сомсанинг номи кўп эди. Айримлар лўнда қилиб «қулоқ-бурун-бўғиз» деб
сомсанинг нималардан тайёрланганини таъкидлашса, баъзилар пичинг оҳангида улуғлаб
«думба-жигар» дер, бировлар эса кулки оҳангида «итларнинг қувончи» деб таъриф қилар,
бошқалари оддийгина «тўрт тийинлик» деб қўя қолишарди. Зоҳид бугунги аҳволига қиёсан
сом-санинг қувончга тааллуқли таърифи тўғрироқ, деган тўхтамга келиб, тақдирига тан
берганича нозирнинг «зиёфати»дан баҳраманд бўлди...
Ўша куни беморларни кузатиб чиққан Моштабиб улар томон қараб-қараб қўйди-ю, эътибор
бермагандай ичкари кириб кетаверди.
Отасининг отдан йиқилиб елкаси сингани ҳақидаги нохуш хабардан гангиган Зоҳиднинг
ташвиши Моштабибни топиб, қишлоққа олиб бориш топшириғини эшитгач, ўн карра ошди.
Ихчам чўққи соқолли, кўк духоба дўппи кийган, қотма, серғайрат Моштабибнинг қиёфаси кўз
олдига келиб, вужуди ҳолсизланди. Назарида Моштабиб «Ҳа, ўзинг ҳам келаркансан-ку»,
дегандай бўлди. Фотиманинг «Шунақа одам борми, эшитганмисиз?» деган саволи уни эзувчи
хотиралар оқимидан қутқарди. Фотима эрининг «ҳа», деган маънода бош ирғаб қўйишига
қаноат қилмай, саволини яна қайтарди:
— Танийман, — деди Зоҳид истамайгина. — Эрталаб учрашиб кўраман. Узоққа бориш-
бормаслигини билмайман.
— Боргиси келмаса индамай орқангизга қайтмасдан, прокурорлигингизни айтинг-да.
— Прокурорнинг бошида шохи борми?
Минғирлаб айтилган бу гапга жавобан Фотима бир нима дейишга оғиз жуфтлади-ю, эрининг
авзойини кўриб, оқила аёлнинг ишини қилди — тилини тия қолди. Аммо «Менга нима, азоб
чекаётган ўзингизнинг отангиз-ку» деган маънода лабини буриб қўйишдан ти-йила олмади.
Зоҳид жиянига «Сен кетавер, мен табибга учраб кейин ўтаман» деб уни кузатиб қўйгач, ёшлик
йилларидан нохуш хотира бўлиб қолган ўша эски шаҳарнинг эски кўчасига борди. Пойлоқчилик
қилган муюлишдан ўтаётганида беихтиёр тўхтади. Оқлаб қўйилган кесак девор назарида унинг
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |