www.ziyouz.com kutubxonasi
62
— Қайси тўйни айтяпсиз?
— Машҳур ҳофиз Элчинни куёв қилди-ку?
— Ҳа... сиз ҳам борувдингизми?
— Фақир киши панада, дейишади-ку, бир четда ўтириб маза қилганмиз. Демак, эсладингиз.
Асадбек ака келиб турармидилар?
— Йўқ, у киши келмасдилар. Балки ўғилчамизнинг тўйида келгандирлар. Нима, ўша кишидан
гумонингиз борми?
— Бе, шундай улуғ одамдан гумонсираймизми? — Зоҳид шундай деб кулимсиради. — Шунчаки
сўрадим, қўйдим, Мендан олдин сизникига милитсиядан Илёсов деган одам келган. Ўша одамга
«ҳеч кимдан гумоним йўқ», дебсиз. Ростданам гумонингиз йўқми?
— Кимданам гумон қилардим?
— Ҳайдовчидан... — Зоҳид «ўйнаш» демоқчи бўл-ди-ю, жувонга бу сўз ёмон таъсир қилиши
мумкин-лигини англаб, юмшоқроқ тарзда: — яна бир таниш аёл, — деди.
— Аёлни билмайман, — деди Ойсанам, — лекин ҳайдовчи деганингиз... акамдан қанақасига
гумон қилишим мумкин?
Бу гапни эшитиб Зоҳид сергак тортди:
— Нима, акам дедингизми? Ўз акангизми?
— Ҳа,— жувон шундай деб ажабланиб елка қисди,— туғишган акам. Сиз нимага ҳайрон
бўляпсиз?
— Илёсовга ҳам айтганмидингиз буни?
— Эсимда йўқ... айтгандирман.
— Акангизнинг фамилияси?..
— Мен биринчи эримнинг фамилиясида қолганман.
Бу янгилик Зоҳид учун кутилмаган жумбоқ бўлди.
VI б о б
I
«Англашилмовчилик бўлибди»?!
Асадбек қулоқларига ишонмади. «Уйқусираяптими бу малла капитан ё кечаси билан отиб
чиққан бўлса калла карахтми?»
Четдан қараган кишига милисахона навбатчисининг дарчасига тирсагини тираб турган
Асадбек гап уқмас бўлиб кўринарди. Бу хонада капитандан бошқа четдан қаровчи одам йўқ
эди. Унга эса Асадбек айнан шундай кўринди.
— Тушунмадингизми? — деди у энсаси қотган тарз-да.
— Тушунмадим, — деди Асадбек.
— Нимасига тушунмайсиз? Англашилмовчилик бўлибди, — деди капитан. — Милитсия номидан
узр сўраймиз. Ўғилларингиз ҳозир чиқишади, олиб кетаверасиз. Юкларингизни қараб,
текшириб қабул қилинг.
Неча хил ўй-хаёл, неча хил режа билан бу ерга келган Асадбек учун буниси сира кутилмаган
«совға» бўлди. У аввалига тўғри Хонгирейга учраб «талабингни айту болаларимга тегма»,
демоқчи бўлди. Лекин бу аҳди қатъийлашмади. «Хўп, бордим, айтдим, — деб ўйлади у, —
«ўғилларингни мен қаматмадим», демайдими? Дейди. У хунаса чақалоқлигида тулкининг
сутини эмиб катта бўлган. Ўзини билмаганга олади. «Ия, шундай бўптими?» деб ачинади.
Кейин менга марҳамат қилади. Э, йўқ, менга у харифнинг марҳамати керакмас. У менинг бош
эгиб кириб боришимни жуда-жуда истаяпти...»
Асадбек йўқотилган бойликнинг ўрнини тўлдириш мумкинлигини, йўқотилган номусни эса асло
тиклаб бўлмаслигини яхши билгани учун ҳам Хонгирейнинг ҳузурига бормади.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |