www.ziyouz.com kutubxonasi
193
индамай туролмади. Ичини қизиқиш ўти куйдириб Асадбекникига ошиқди. У дарвозахонада
Жамшидга рўпара келиб:
— Акахонинг уйдами? — деб сўради.
— Уйдалар, — деди Жамшид.
— У ёқ-бу ёққа кетвормадими?
Жамшид бу савол замирида заҳар яширинганини фаҳмлаб:
— Ҳозир сизга хабар бергани кетаётувдим, — деди.
Кесакполвон Жамшидга ўқрайиб қараб, сўкинди. Бу сўкиниш Кесакполвон тилидан ўзимизнинг
сўзлашув тилимизга ўгирилса тахминан «Бу хабарингни энди бир нарсага қўшиб пишириб е!»
деган «ширин» маъно келиб чиқади. Жамшид Ҳайдар акасининг тилини таржимасиз ҳам яхши
тушунгани учун «илтифотингиз учун раҳмат», дегандай ўнг қўлини қорни устига қўйиб
жойида қотиб тураверди.
Кесакполвон Асадбек ўтирган уйга кириб саломлашгач, тўрдан, дераза томондан жой олди.
— Ҳа, баҳай? — деди у фотиҳа қилишни ҳам унутиб. — Саёҳатчи қурбақага ўхшаб жойингда
ўтиролмай қолдингми?
Бу гап Асадбекка ёқмай, юзи учди. Кесакполвон илгарилари ҳам шунга ўхшаш қуюшқонга
сиғмайдиган гапларни айтиб турарди. Лекин унда Асадбек — хўжа-йин, илтифот қилиб
Кесакполвон — хизматкорининг бу қилиғини кечирарди. Агар бу гап ўша дамларда айтилса
Асадбек «Атрофимда шиллиққуртлар ғашимга тегди, бир айланиб келай», деганга ўхшаш
илмоқли жавобни ҳаяллатмасди. Ҳозир бундай дегиси келмади. Қурбақага ўхшатилганидан
оғринса-да, аламини ичига ютиб, Тбилисига қандай мақсадда кетаётганини айтди.
— Телеграмма бериб қўя қолмайсанми? — деди Кесакполвон.
— Биласан-ку, грузинлар нозик бўлишади. Айниқса оқсоқол жуда иззатталаб. Зайнабнинг
тўйида хафа бўлган эди. Бу сафар ҳам бориб айтмасам «Ўзбеклар оқибатсиз экан», деб юради.
— Шунақа дардинг бор экан, олдин менга айтмайсанми?
— Сени телефонда қидиравериб қўлларим қавариб кетди-ку. Хотинингдан сўраб кўр-чи?
Таъбинг жуда нозик бўлиб кетибдими, а?
— Гап унда эмас, бир бўтқа билган нарсани мен билмай лаллайиб ўтирсам алам қиларкан.
— Алам қилмасин, майда-чуйда ишларни сенга айтмасам дарров жириллама.
Бу танбеҳдан сўнг Кесакполвоннинг ҳовури сал босилди. Бўтқа келгач, Асадбекнинг эътирозига
қарамай кузатгани чиқди.
3
Тбилисида учоқдан тушган Асадбекни бу ерларда «Анаконда» лақаби билан донг таратган
Анзор кутиб олди.
Асадбек дастлаб Гуржистонга келганида Сулико уни ўғрилар оламида танила бошлаган дўсти
Анзор билан таништирган эди. У дамларда Асадбекка «ўқилон» деган лақаб берилмаган, Анзор
эса «Анаконда» сифатида қулоч ёймаган эди. Шундай бўлса-да, Асадбек отасини минг тўққиз
юз қирқ тўққизинчи йилнинг сўнгги кунида уйдан олиб чиқиб кетганлардан бирининг изини
Еревандан топгач, ҳукмни ижро этишда айнан шу Анзор ёрдам берган эди. Суликонинг
хотинини қиморда ютиб олган бу ўзбек йигитнинг мардлиги Анзорни ҳам қойил қолдириб, «Сен
фахрий грузинсан!» деган эди. Ўшанда ҳаяжон билан айтиб юборилган бу гап Асадбек учун
унвон бўлиб қолди.
Зинадан тушиб Анзор билан қучоқлашиб кўришаёт-ган Асадбекнинг кўзлари Иликони қидирди.
Буни сезган Анзор «Илико шу ерда», деб уни тинчлантирди.
Улар учоқдан юз қадамча нарида турган, ойнаклари қорайтирилган оқ «Мерседес» томон
юрдилар. Машина эшиги очилгач, орқа ўриндиқда ўтирган Илико кўринди. «Бу ҳам ўзининг
соясидан қўрқиб қолганми?» Асадбек кўнглидан шу гапни ўтказиб, Иликонинг ёнидан жой
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |