www.ziyouz.com kutubxonasi
192
кўрсатмайсанам. Сендақа сингилни бобовларга бериб юбориш керак, — Асадбек бу гапларни
меҳрибон аканинг гинали оҳангида айтди. Бу билан собиқ аъёнининг оиласига қадрдонлиги
сақланганини билдириб қўймоқчи эди. Унинг режаси жуда содда бўлишига қарамай, амалга
ошиши ишончли эди. Яъни, меҳрибонлик билан айтилган гаплар хотинга мойдек ёқиб, эрийди.
Бу меҳрибонликни икки-уч карра бўрттириб эрига таърифлайди. Сергак душмандан кўра
ғафлатдагисини маъқул кўрувчи Асадбекка бу ҳам керак.
Бир оздан сўнг Жамшидни чақириб, сафарга кетаётганини билдирди.
— Бир ўзингизми ё Расул биланми? — ажабланиб сўради Жамшид.
— Бўтқа кузатиб қўяди. Сен уйдаги ишларга қараш, зийрак бўлгин.
— Ёлғиз бормасангиз бўларди.
— Тбилисида Илико кутиб олади, ёлғиз эмасман. Ҳа, айтмоқчи, сен Жалил акангга учрашгин.
Муҳиддин акани олиб келинглар. Ота қадрдонимиз тўйга бош бўлиб турсинлар. Кейин Жалил
аканг билан Самад бориб Абдураҳмон табибни тўйга айтиб келишсин. Тўй куни табибга
мошина юборамиз.
Жамшид топшириқларни олаётганида мутелик ҳолатида турди. Бирон нарсани аниқлаштириш
мақсадида қўшимча савол бермади. Асадбекка унинг айнан шу фазилати ёқарди. Чувринди ҳам
шунақа эди. Ҳозир Жамшидга қараб аъёнини эслади-ю, юраги бир ўртанди. Айни дамда
Жамшиднинг ўйчан боқишлари Чувриндининг қарашларига жуда-жуда ўхшашлигини кашф
этди. Назарида аъёни бу дунёдан барвақат кетарини билиб, яхши фазилатларини унга
сингдиргандай эди. Балки... ўшанда «мендан кейин Бек акамга хизмат қилади», деб ўлимдан
олиб қолдимикин?..
Асадбек шуларни хаёлидан ўтказиб, ўзича «Худо асрайман, деса мендақадан мингтаси даф
қилсин, ҳеч қанақа бало урмайди. Худо менинг раҳмимни еб бунинг жонини сақлаб қолган
экан. Бунинг жонига қўшиб мени катта гуноҳдан ҳам асрабди...» деб қўйди.
— Ўтир, нимага тикка турибсан? — деди Асадбек, меҳрибонлик билан.
— Агар хизмат бўлмаса, бора қолсам... Қози билан учрашадиган ваъдам бор эди.
— Қози билан анча чиқишиб қолдиларингми?
— Эски қадрдонлармиз-ку?
— Қанақасига?
— Бирга ўтирганмиз.
— Эсимда йўқ экан. Ҳайдар аканг топган майда ўғрилардан, деб юрарканман. Нимага
қамалган?
— Ўзининг айтишича, ҳазиллашиб туриб, ўртоғини сувга итариб юборган экан. Мен чиқадиган
пайтимда битта болани ҳазиллашиб сўйиб қўювди. Шунақа ҳазиллари бор. Уни Ҳайдар акамга
мен рўпара қилувдим.
— Эҳтиёт бўл, яна сенга ҳам ҳазил қилиб қўймасин.
— Бек ака, Селим қайтиб келибди.
— Ким дединг? Селимми? Фарғонадаги анави турк-ми? Нимага қайтибди? Ҳозир қаерда?
Фарғонадами?
— Йўқ, шу ерда? Ҳайдар акам билан олди-бердиси борга ўхшайди.
— Унинг олди-бердиси нималигини биласанми?
— Сал-пал биламан.
— Билсанг, уни назардан қочирма. У ўзича қайтиб келолмасди. Балки... Хонгирей юборгандир?
— Асадбек саволни ўртага ташлади-ю, Жамшиддан жавоб кутмай унга ижозат берди: — Сен
боравер, чойхонада Ҳайдар акангни кўрсанг, кетаётганимни айтиб қўй. Яна жазавага тушиб
қолмасин.
Кесакполвон бу пайтда Асадбекнинг кетаётганини Бўтқадан эшитиб улгурган эди. У «нега
менга айтмай кетяпти, тўй қилаётган одамга Тбилисида нима бор экан? Майли, индамай турай-
чи, борса бориб келсин», деб ўзича аразлагандай бўлди. Лекин бу араз узоққа чўзилмади,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |