www.ziyouz.com kutubxonasi
202
бироқ, ўша килерлардан бирига мен ҳам дуч келарман, деб хаёл ҳам қилмаганди. Чунки у
хонадонини камбағал билан бойнинг ўртасида — «ўртаҳол» деб билар, назарида босқинчилар
фақат ошиб-тошиб ётганларнигина босишар эди. Дастлаб Хонгирейни ўшандай
босқинчилардан деб ўйлади, сўнг эса унинг юмшоқ оҳангда гапиришидан «милитсиядандир»,
деган фикр уйғонди. Лекин унинг бирданига қандайдир ўйнашдан бўлган ўғилга айланиб
қолиши аёлни таажжубга солди. «Бу бўҳтон нима учун керак экан?» деб ажабланди. Хонгирей
бу гапни аниқ бир мақсад билан эмас, шунчаки тилига келиб қолгани учун айтиб юборган эди.
Аёл қаҳва тайёрлаш учун ошхонага кирганида Хонгирей ўтирган ерида овозини баландлатиб:
— Тўртинчи қаватда бир хотин ўлиб, икки йилгача ҳеч ким билмабди, шу тўғрими? — деб
сўради.
— Ҳа, — деди аёл, — кампир ёлғиз яшарди.
— Ошхонага кирганида ўлибдими? — деб яна сўради Хонгирей.
— Ҳа...
Аёл шундай деди-ю, қўрқувдан баданига муз югурди: «Нега буни эслаб қолди, яна ошхонада...
Шу ерда ўлдирмоқчими мени?..»
— Ўлик сасиб кетарди-ку, ҳидидан ҳам билмадиларингми? — Хонгирейнинг навбатдаги саволи
уни бу хаёллар чангалидан юлиб олди.
— Дераза очиқ экан...
— Ҳа, ошхонанинг деразасини очиб қўйган яхши...
Бу гапдан кейин аёл беихтиёр деразага қаради. Ҳали болаларга қуймоқ пиширганда деразани
қиялатиб очиб қўйган эди. У энди эшик оғзида турган йигитга хавотирланиб қаради. Назарида
йигит чўнтагидан тўппонча ёки тиғ чиқаргандай туюлиб, қалтираётган оёқларини жон тарк эта
бошлади. Йигит унинг аҳволини сезиб:
— Деразани ёпиб қўяйми, совқотяпсизми? — деб сўради.
Аёл «ҳа», демоқчи бўлди-ю, аммо овози чиқмади, бош ирғаб қўя қолди. Йигит деразани ёпгач,
аёлга яқинлашди.
— Қаҳвангизни беринг, ўзим қайнатаман. Хўжайин менинг қаҳвамни яхши кўради.
Бу гапдан кейин аёл ўлмаслигини билиб, енгил тортди. Бироқ, саросимадан қутула олмай
рўпарада турган қаҳвани кўрмади, токчаларни тимирскилаб қидирди.
Хонгирей йигити тутган қаҳвани олиб ичаётиб:
— Онагинам, энди ичкарига кириб жиянларимга қаранг. Овоз чиқармай ўтиринглар.
Жиянларимга «олтин балиқча» эртагини айтиб беринг. Тешик тоғора билан қолиш жуда қизиқ,
а?
Орадан ярим соат ўтгач, эшик очилиб, аввал гул кўтарган Шарлотта, унинг изидан эса эри
кириб келди. Жувон саватдаги гулни кўриб, эрига савол назари билан қаради:
— Меҳмон бор шекилли? — деди эри ичкарига имо қилиб.
Катта хонага ўтиб, бемалол сигарет тутатиб ўтирган Хонгирейни кўришди-ю, бир-бирларига
савол назари билан қарашди.
— Кечирасиз, бу уйда чекиш мумкинмас, ёш болалар бор. Эрим ҳам балконга чиқиб чекади, —
деди жувон энсаси қотганини яширмай.
— Аввал саломлашиш керак, — деди Хонгирей пинагини бузмай. — Ундан ташқари мен сенинг
эринг эмасман, шу ерда чекавераман. Мен сенинг ўгай аканг-ман. Менинг отам сенинг
онангнинг биринчи ўйнаши эди.
— Нималар деб валдираяпсиз, эсингиз жойида- ми? — деди аёл дағал оҳангда.
— Менинг эсим жойида, сингилгинам, аммо сенинг эсинг кирди-чиқди бўлиб қолибди. Сен
қачон туғилганингни унутиб қўйибсан. Онагинам сени йигирма олтинчи июнда туққан эдилар,
а? Марк Абрамович, хотинингизнинг паспортига ҳеч қарамаганмисиз?
— Сиз кимсиз, сизга нима керак? — деди Марк кескин оҳангда.
Саволига жавоб ўрнига хонада икки йигит пайдо бўлгач, қўполлигидан афсусланди. Хотини эса
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |