www.ziyouz.com kutubxonasi
204
— Маматбей тўғри қилибди. Сен бу ердаги ишингни қойиллатсанг ҳам катта гап, — деди. Кейин
биринчи донани бўш катакка жойлаб туриб, қўшиб қўй- ди: — Масковда сенга пишириб
қўйибдими?
Бу гапдан Кесакполвоннинг ғазаби қайнаб, ҳозиргина қўлига олган нард тошчаларини Селимга
қаратиб отди.
— Сен бола, ҳаддингдан ошма! Худонинг ўзидан ваколатинг бўлса ҳам бир кунмас бир кун
мендан тепки еб қоласан. Ўладиган дунёда сени би-ир тепиб ўларман, — Кесакполвон бу сафар
аламини нард тахтадан олди — қаватларини шарт ёпиб, четга улоқтирди.
Селим Кесакполвоннинг важоҳатидан астойдил қўрқди, чегарадан чиққанини англаб, гўё ўзини
ҳимоя қилишга шайлангандай ўрнидан турди.
— Жаҳлинг чиқмасин, бу менинг гапларим эмас. Мен ҳам бормоқчийдим, Маматбей менга
шундай жавоб қилди.
— Сенга жавоб қилган бўлса, бу сассиқ гапни ўзинг ҳазм қилиб юравермайсанми? Менга
дастурхон қиласанми, сўтак! Сенинг боришинг бошқа, менинг боришим бошқа. Сен фотиҳа
баҳонасида болаларингни кўриб келмоқчи бўлгансан. Улар аҳмоқми, буни тушунишмайдими?
— Болаларимни соғинсам, улардан сўрамаёқ бориб-келавераман.
— Энди бу ёғи чўпчак бўлиб кетди, ошна.
— Маматбейнинг нимадан аччиқланганини сезмабсан.
— Сен сездингми, қани айт-чи?
— Юборган одаминг ишнинг ишкалини чиқарган. Мол қўлдан кетган.
Бу янгилик Кесакполвонни таажжубга солмади. «Красноярга одам юбориш керак»,
дейишгандаёқ, ишдан куйган латта иси келаётганини сезган эди. Лекин ўйиндаги калтакнинг
бир учи барибир ўзининг бошига тегажагини эса ҳисобламаганди.
— Красноярда одамингни ментлар кутиб туришган экан, — Селим айтган янгилигига шундай
изоҳ киритди.
— Қаерда, самолётдан тушадиган жойдами?
— Козловнинг уйида бўлса керак.
— Унда мен бу ишда фариштадек оппоқман. Агар одамимни аеропортда кутиб олишса-ю, у
дипломатни «Мана, Селим афандим бериб юборди», деб топширса мен айбдор бўлардим.
— Бу ишкалнинг тагига етишади ҳали. Нима бўлганда ҳам иккаламиз ўйиндамиз.
Харажатларнинг бир улуши бизнинг бўйнимизга илинади. Шу билан қутулсак катта гап.
— «Қутулсак» дема, «қутулсам» деявер.
— Сен Хонгирейни яхши билмайсан. Маматбейнинг янги буйруғини ҳам билмайсан. Аслида
сени шунинг учун чақирувдим.
— Қанақа буйруқ? — Кесакполвон унга сергакланиб қаради.
— Хонгирей банк очмоқчи экан.
— Банк? — Кесакполвон ажабланди. — Банкни нима қилади?
— Буни ўзидан сўрайсан. Лекин сўрашдан аввал битта лимонни тайёрлаб қўй.
— Нимага?
— Банкка қўясан ёки актсияларини сотиб оласан.
— Маматбейнинг гапими бу ё сендан чиққан ақлми?
— Бу Хонгирейнинг буйруғи. Ҳамма йигитларингга солиқ солинган. Энг ками уч юз минг. Ҳисоб-
китобини қилиб менга берасан, мен йиғиб, эгасига узатаман.
— Менга «лимон»ми? Сенга-чи? Ё бунақа солиқдан озодмисан? — Кесакполвоннинг ўткир
нигоҳига Селим дош беролмай, ерда сочилиб ётган нард доналарига қаради. Аслида Маматбей
ҳар икковининг бўйнига беш юз мингдан илган эди. Маматбей воситачи эканидан фойдаланиб,
ўзининг ҳиссасини ҳам Кесакполвонникига қўшиб қўя қолган эди.
— Сен даллоллик қилма, мен боллардан йиғиб, Маматбейга ўзим етқизаман.
Бир миллион пул беражагини эшитиб, сал гангиган Кесакполвон дарҳол ўзини ўнглаб ололди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |