www.ziyouz.com kutubxonasi
190
Асадбек томонидан сўроққа тутилса, янги хўжайини ҳақида билганларини яширмай айтиши
аниқ эди. Бу одатини у «гап ташиш» деб эмас, хожаларига холис хизмат қилиш деб биларди.
Асадбек унинг айнан шу одатидан фойдаланиш учун вазифа топшириб турарди.
Ҳовлида Жамшиднинг овози эшитилиб, Асадбек дераза орқали ташқарига қаради. Ёмғир тиниб,
парча-парча булутлар ёруғидан қуёш кўринаётган эди. Шийпон зинаси ёнида келинаялари
билан суҳбатлашиб турган Зайнаб дарвозахонада туриб овоз берган Жамшидни кўрди-ю,
гапираётган гапини ҳам чала қолдириб, ошхонага йўналди. Бундан ажабланган келинлар овоз
келган томонга қараб, Жамшидга салом бердилару гап нимадалигини билмасалар-да, Зайнабга
эргашдилар.
Бу ҳолатни дераза орқали кузатиб турган Асадбекнинг кўнглига совуқлик оралади. Аёллар
ошхонага ўтиб, ҳовли бўшаган бўлса ҳам Жамшид ичкари томон далил юриб келмади. Уйдан
шошилиб чиққан Абдусамад қаршилагандан кейингина унга эргашиб, Асадбек ўтирган хонага
кирди. Хожаси билан кўришди-ю, «ўтир» деган таклифга жавобан:
— Кўчада Саматохун ака турибдилар, — деди.
— Бошлаб киравермадингми?
— Унамадилар. «Бек акамиз уйдамилар, аввал билиб чиқ», деб ажабланиб турибдилар.
— Нега ажабланади?
— «Илгарилари йигитлар кутиб олишарди, энди нега ҳеч ким йўқ», дейдилар.
— Бўпти, бор, чақир.
Башанг кийинган Саматохун ҳовлига кириб ҳам бир нарсадан чўчигандай атрофга олазарак
қараб олди. Ичкарига кириб тавозе билан кўришгач, Асадбек кўрсатган жойга ўтириб, узоқ дуо
қилди. Шундан сўнг гапни нимадан бошлашни билмай ўтирганида Асадбек болохонада
ўтирувчи йигитларга жавоб бериб юборганининг сабабини айтди. Бу гап Саматохуннинг
қулоғига етган, аммо ишонмаган эди. Сабабни Асадбекнинг ўзидан эшитиб, «дуруст бўлибди»,
деб қўя қолди. Бу орада Абдусамад чойнак кўтариб кириб пойгакка, Жамшиднинг ёнига
ўтирди.
— Куёв бола, тўйлар қутлуғ бўлсин, — деди Самат-охун унга қараб, сўнг чўнтагидан иккита
қутича чиқариб узатди: — Худойим ота юртимга боришни насиб қилган эди. Ўша ердаги
заргарлик дўконига кириб тилло исирғаларга ҳушим кетди. Қизларимга, келинимга атаб олиб
ташқари чиқдиму кўнглим бўлмай яна қайтдим. «Бахти кулганларга насиб этар», деган умидда
яна икки жуфтини олдим. Уйга қайтиб суюнчли хабарни эшитдиму қанот чиқариб сиз томон
учдим. Худонинг кўнглимга солганини қаранг, шу кунларда тўй қилишингиз менга номаълум
эди. Айниқса бирданига икки келин туширишингизни қаранг! Шу исирғаларнинг эгаси, бахти
кулган қизлар сизнинг келинларингиз экан. Оллоҳ муборак қилсин.
Саматохуннинг дуосидан сўнг Жамшид билан Абдусамад ўринларидан туриб, ташқарига
чиқишди.
— Ҳа, охун, машқингиз сал пастроқми? — деди Асадбек, ҳоли қолишгач,
— Машқим жойида, Бек ака... — Саматохун Асадбекнинг синчков нигоҳига дош беролмай
дастурхон устидаги пиёлага тикилди, — асли мақсад муборак бўлсин, деб кетиш эди. Бир гап
бор-у, ҳозир ўрни эмас, тўйдан кейин бафуржа гаплашармиз.
— Гапираверинг, тўй ўтгунча қийналиб юрасизми.
— Унчалик муҳим гапмас эди...
— Чайналманг, сизга дадил гапириш ярашади.
— Гап шуки... балки бизларга нотўғри хабар етгандир... Сиз Ҳайдаржонга ваколатни сал
каттароқ бериб юборганмишсизми?
— Ҳа, шунга яқин гап бўлди. Касаллик мени анча толдириб қўйди. Ҳайдар бегона одам эмас,
ташвишланманг.
— Шунақа дейсиз-у, бегонадан ўзингники ёмон чақади.
— Сиз чақдириб юрманг-да. Уни бугун кўриб турибсизми, қилиқларини биласиз-ку?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |