www.ziyouz.com kutubxonasi
186
қоғозларингизга ёзилмабдими? Мавлон ака билан шу қиз ўқишга кираётганида танишганмиз.
Ажрашиб кетган бўлсалар ҳам болаларидан хабар олиб турардилар.
— Буни Эркаева билармиди?
— Билмаса керак.
— Билса... ғайирлиги келармиди, жанжал кўтарармиди?
— Буни ўзидан сўрайсиз.
— Биринчи хотин... албатта аламзада бўлади, кундоши ҳақида нима дерди?
— Биз ғийбат қиладиган даражада яқин эмасдик. Кейин... у хотиндан шубҳа қилманг, илтимос.
У фариштадек сабрли, покиза аёл. Очиғини айтсам, шундай хотинни хўрлагани учун Мавлон
акадан баъзан нафратланиб кетардим. «Сени яхши кўраман», деганларига ишонгим келмай
қоларди. Агар яхши кўриш керак бўлса, эркак одам «уйим-жойим, эрим-болам», дейдиган
ўшанақа хотинни яхши кўриши керак.
— Эркаева «уйим-жойим» демасмиди?
— Билмайман.
— Балки эрига кундошидан кўра меҳрибонроқ бўлгандир?
— Билмадим.
— Миркаримов хотини ҳақида ҳеч гапирмасмиди? Масалан, Эркаева бир нима баҳонасида
жанжал қилса, сиқилиб, сизга ёрилгандир?
— У киши ҳасрат қиладиган эркаклардан эмас эдилар.
— Эркаева эрининг сиз билан учрашиб туришини била туриб индамаган, деб ўйлайсизми?
— Буни ҳам ўзидан сўрайсиз.
— Миркаримовнинг ҳайдовчиси Эркаевага ким бўларди, билармидингиз?
— Ҳа.
— Синглисини бошлаб келиб, ғавғо кўтарар, деб чўчимасмидингиз?
— Йўқ.
— Нима учун?
— У йигит ўлгур қайноға эмас, малай эди. Малайнинг аҳволини ўзингиз биларсиз.
— Ҳар холда синглисининг тақдирига бефарқ қарамагандир?
— Бефарқ қарамагани аниқ. Калласи балодай ишлайди унинг. Ғавғо кўтарилса синглисига
қийин бўлишига ақли етарди.
— Синглисига... нега қийин бўлади?
Зарипова «шунга ақлингиз етмаяптими ё мени лақиллатиб ўтирибсизми?» дегандай Зоҳидга
тикилиб қаради. Зоҳид Ойсанам Эркаевага нима учун қийин бўлишини тахмин қилаётган бўлса-
да, чин сабабини рўпарасидаги маҳкума аёлдан эшитишни истади.
— Агар ғалва қилса, синглиси бой эрдан, ўзи ҳам бой куёвдан, ҳам ишдан ажралиб, қуруқ
қолиши мумкин эди.
— Сиз Миркаримовнинг яқин танишларини билармидингиз?
— Йўқ.
— Ҳеч гапирмасмидилар?
— «Кимлардан норози бўлиб гапирган?» деб сўрамоқчимисиз? Олдинги терговчи ҳам сўраган
буни. Жавобини айтганман: Мавлон аканинг нолийдиган одатлари йўқ эди.
Зоҳид стол устидаги қоғозга сўроққа берилган жавобларнинг мазмунини ёзгунича Зарипова
унинг бармоқларидан мўъжиза кутгандай тикилиб ўтирди. У ёзув ниҳоясига етиши билан сўроқ
ҳам тугайди, яна қамоқдаги жойимга қайтаман, деб ўйлаб янглишди. Зоҳид ёзувни тугатгач,
унга тикилди. Ана шунда Зарипова кутган мўъжиза юз бермади, балки кутилмаган савол
эшитилди:
— Ноил Зарипов укангизми?
— Ҳа... — Зарипова «Йигит ўлгурнинг фисқу-фасодига ишондингизми? Энди укамдан ҳам
шубҳа қиляпсизми? Уни ҳам қамадингизми ё энди олиб келасизми?» деган савол назари билан
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |