www.ziyouz.com кутубхонаси
43
Иккинчидан, биз хўжайинга хийла ёқиб қолган «одобли бола»миз. Бу гал ўтган галгидек қийналмасмиз.
Кейин, «хўжайин» ҳар куни шу йўлдан қатнайвермас...
Кўнгилга таскин бериб довонга етиб келдим. Қарасам, ДДН пости берк. Инспектор йўқ. Ҳа,
«чақириб олгандир-да», деб ўйладим. Ахир, мелисалар, ҳам у кишининг югирдаги эди-да!
Нишаб йўл. Анчагина тезлик билан тушиб кетяпман. Лекин бутун вужудим кўз-қулоқ: тағин бир
бурилишда чиқиб қолса, биласиз-ку, ундай одам еб турган таомига ҳам тупуради...
Тушиб кетяпман, кетяпман. Тинчлик. Баҳор авжида. Яна булбуллар сайраб ётишибди.
Йўлда иморатлари тошдан ясалган кичкина бир қишлоқ бор эди, ундан ўтгач, кабоб пишириладиган
кафе келади. Шу қишлоққа етдим деганда, ўша инспекторни кўриб қолдим. У мени анча нарида
эканимда кўрган шекилли, таёғини чўзиб турибди.
Машинани тўхтатдим. Ҳар эҳтимолга ҳужжатларни олиб чиқдим. Инспектор ўрнидан жилмади.
— Ассалом алайкум, — деб олдига бордим.
— Нега тез келяпсиз? — деди у. Чест бериш қаёқда! Мени танимагандай.
— Йўқ-э, ана спидометрни кўринг, — дедим.
— Кўриб турибман. Уч сўм, — деди.
— Хўп-хўп. Пулни тўлаб:
— Хўжайин яхши юриптиларми? — дедим. У афтимга энсаси қотгандек қараб турди-да:
— Хўжайин ке-етди, — деди.
— Қаёққа?
— Кетадиган жойига... Тушундингизми? Кеча партиядан ўчирилди. Бугун ишдан олинди.
— Сабаб?
— Халқ... Ҳамма сизга ўхшаган «одобли бола»ми?
Шу гап менга таъсир этиб кетди денг: худди ўша кунги одобли эканимни таъна қилган эди.
— Ўзлариям одоб масаласида каминадан қолишмас эканлар, — дедим. Ва яна сўрадим: — Наҳотки?
— «Ака»лари кетган одам кетади-да, — деди у. — Бошқа «ака»ларга ёқмай қоптилар. Бу ёқда халқ
турибди, тишини қайраб... Гўё халқнинг ёнини олишди улар... Энди йўлдан қолманг, домла. Йўғасам,
одобда сиздан қолишмаслигимни...
У бир нима деб пўнғиллади.
Мен машинани миниб жўнадим. Ҳам хурсандман, ҳам куламан ҳам: «Ўл, — дейман ўзимга. — Куни
битган экан-ку? Нега ўша куни мунча қўрқдинг? Хотининг, болаларинг олдида шарманда бўлдинг?
Қанча асабинг кетди? Ванғиллатиб ўтиб кетмайсанми, номард!» дейман.
Ул одамнинг партиядан ўчгани, ишдан олиб, қамалганини эшитгандирсиз? Эшитмаган бўлсангиз,
ўзингиз билган шундай «диктатор»ни эсланг: уларнинг ҳам бошига шундай кун тушади? Балли... Ўзи бу
ҳол — жамиятимиз учун истисно ҳол эди-да. Аммо бундан кейин ҳам ўйлатадиган ҳол...
Энди бу ёғини эшитинг: ўзимни сўкиб, номарддан номардга солиб, табиий равишда энди ўзимни
мард чоғлаб кетаётсам, ишонасизми, кафедан ўтган жойдаги бурилишдан шундай қайрилган эдим,
шундай чап тарафдан — сув сизиб оқаётган қир оралиғидан битта... яшил «Нива» ғув этиб тушди-да,
йўлнинг чети билан секин кета бошлади.
Шундай тормоз берибманки, бошим ойнага урилди.
«Худо урди, инспектор мени алдаган бўлса-чи?», деб ўйладим. Яна «Жигули»мни секин ҳайдаб, у
билан изма-из кета бошладим. Бояги мардлигим қаёққа кетди денг?
Тезроқ юрса — тезлашаман, секинлашса-секин. Қадамига қараб, ичимни мушук таталаб, «Яна
кечикадиган бўлдим-да!» деб бораётиб эдим, «Нива» бирдан тўхтади-да, эшиги очилиб, битта рус
боласи бошини чиқарди.
— Ҳа? — дедим. Машинамни сал илгари ҳайдаб, бу томоннинг ойнасини туширдим.
— Чё тн преследуеш? — дейди.
Қотиб қолдим.
— Извените, извените, — деб машинасига зеҳн солсам, анча эски машина.
Ўтиб кетдим. Яна куламан: «Ўл сен ваҳимачи! — дейман. — Қўрққанга қўшалоқ кўринади, дегани
шу экан-да... Дадил бўл-э! Одамсан-ку, анави «диктатор»лар пайдо бўлишидан олдин ҳам бор эдинг-ку?
Халқдан ибрат олмайсанми? Халқ уйғонаётир-ку...»
Ана шундай қилиб, йўлда давом этдим. Шаҳарга кириб келдим.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |