www.ziyouz.com кутубхонаси
42
Шундай қилиб, яшил «Нива» йўлга тушиб олди-да, жуда секинлаб кета бошлади. Албатта ўшанинг
машинаси бу. Ён-веридан антенналар чиқарилган, демак, ичида рацияси ҳам бор. Машинанинг ўзи денг,
яп-янги. Лекин ён-бағирдан чиқиб келди-ку, орқа ойнаси лой эди, шунинг учун ичкарида неча киши
ўтиргани кўринмасди.
Жуда имиллаб кетяпти.
Мен ҳам тезликни камайтирдим. Нима қилай? Ўтиб кетайми? Бе, ўша куни институтдан думимни
тугдиради: бунақа воқеалар бўлганда, айримлар эҳтиётсизлик қилиб ўтиб кетиб балога йўлиққанлар.
Ўзи, мен сизга айтсам, бундақа ўзига хон — ўзига бек арзандалар илгари ҳамма жамиятларда бўлган
ва, қизиғи шундаки, улар бари бир-бирига ўхшаган. Бироқ бизнинг жамиятимизда уларнинг пайдо
бўлиши... истисно ҳолдирки, бу кишини жуда ўйлатади...
Биз ҳам «Нива»нинг оёғига қараб кетяпмиз.
Бир маҳал ўғлим инжиқлик қила бошлади: «Ада, ўтайлик. Ўтиб кетайлик!» Нариги текис йўлда
юришимга ўрганган-да. Бу ердаги баҳор манзаралари уни яна кўтарди. «Хўп, — деиман. — Ҳозир
ўтамиз», дейман. Кейин хотинимиз ҳам хархаша қила бошлади: «Нима бўлди сизга? Мундай имиллаб
қолдингиз? Йўл кенг-ку, абгон қила қолинг, адаси».
Менинг ҳам дардим ичимда: институтга тезроқ етиб олишим керак. Бу юришда, ким билади...
Хуллас, кетяпмиз. Тавба, дейман. Гоҳо «Нива» тўхтаб-тўхтаб қолади. Гўё «ўт, ўтавер», дегандай.
Ўтиб бўпман: мен ҳам «Жигули»ни тўхтатиб қоламан.
Кетавердик, кетавердик.
Табиатдан завқ олишнинг ҳам расвоси чиқди. Ўғил тағин хархаша қилади, хотин минғирлайди.
Қизалоқ ҳам онасининг гапини такрорлай бошлади.
Ана томоша!
Ҳе, гапнинг қисқасини айтсам, бир ярим ёки икки соатлар унинг орқасидан эргашиб юрдим: сал
тезласа-тезлайман, секинласа-секинлатаман, тўхтаса-тўхтаб қоламан.
Баримиз бўлганимизча бўлдик: ўғил йиғлай бошлади, хотин биз билан гаплашмай қўйди, қизалоқ
хўмрайган. Ўзим-чи? Менга зарил кептими шу юриш?
Институтдаги дарс ҳам барбод бўлди: довондан ошгандан кейин ҳам камида икки соат юришим
керак.
Соат ўн иккига яқинлашганда, қўлларим қалтираб, машинаям қизиб кетиб, довонга чиқишимизга
бир чақиримлар қолган эди, «Нива» бирдан бурилиб, чап тарафга ўтди-да, шундай тик қирга зинғиллаб
чиқиб кетди. Хаёл қилдим: самолётнинг мотори ўрнатилган. Қирдан ошиб гойиб бўлди.
Шукр қилиб, ёқаларга «туф-туф»лаб тезликни оширдим. Довонга чиқдик.
Шундай четда ДАН пости бор. Қарасам, таниш инспектор йўлга чиқиб келяпти. Ола таёғини шундай
чўзди. Тўхтадим. Хурсанд бўлган чоғда яна юрак уришини кўринг. «Йўлда бирон ножўя ҳаракат
қилдимми?» деб ўйлайман. Инспектор ҳам — «диктатор»га қарашли одам-да! Рация орқали бир нима
деган бўлса, праванинг ўн жойидан тешади. Бу йўлни бир умр орзу қилмайдиган бўламан.
Ҳужжатларни олиб чиқдим.
— Ассалом алайкум.
Сержант чест берди-да:
— Буларни жойига соп қўйинг, домла. Хўжайин «жуда одобли бола экан» дедилар, — деди
кулимсираб.
Карахт бўлиб қолдим.
Биз болакай «одоб юзасидан» у кишини йўлда қолдириб ўтиб кетмаган эканмиз!
Вой, муттаҳам-е...
Ҳа, ундан қутулганимизга минг бор шукр қилиб, йўлда давом этдик. Ҳадемай хотиннинг ҳам
чеҳраси очилди, ўғилчамиз ҳам отасини танигандай бўлди, қизалоқ ҳам йиғидан тўхтади. Лекин
бизнинг ишимиз расво бўлган эди: дарс ўтилмай қолди...
Орадан икки кун ўтган эди денг, бу ёқдан телефон бўлиб қолди. Ҳа? «Тезда етиб келинг, Вильнюсга
жўнайсиз, ўзбек санъати тарихидан маъруза ўқиб келасиз».
Бизнинг институт билан уларнинг институти орасида шундай — ўқитувчиларни айрибош қилиш,
бир-бирининг санъати ҳақида маъруза ўқиш анъанаси бор эди.
Яна йўлга тушдик. Энди довондан тушадиган бўлдик. Биринчидан, вақтли етиб боришим керак.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |