www.ziyouz.com кутубхонаси
62
овозидан танишган. Лекин бизга яқин келишолмайди.
— Ука, йиғламасанг, сени олиб қоламан, — дебман шунда. — Майли, отилиб кетсам ҳам... Хўп
дегин. Сени қамаб қўяман. Кечаси чиқариб юбораман.
— Ялғон! Ялғон! Сизлар қонхўр! Сизлар — ўзбек эмас! — деб тағин бақиришга тушди.
Ҳа. Ўзим автоматни бўшатдим.
Шунда... яна тавба дейман, Дух ўлгур аллақаёкдан келиб, менга ташланиб қолди-ку! Мана шу
томоғимга интилади денг. Униям отдим.
Қабристониям шундай яқинимизда эди... Хотин, қиз, кампир дегани шу куни кечгача мозорда
ўтириб йиғлашди. Мен шундай ҳолатга тушдимки, ўзимни ўзим отиб қўйишимга оз қолди. Кечқурун
улар чарчаб уйларига кетишди.
Биз ҳам ётдик. Қизиқ, кўзимни юмсам, қайтага Ҳакимнинг қийшайганча дод солиб йиғлаётгани ҳам,
Духнинг бўйнимга сапчигани ҳам кўз олдимга келади. Уруғларининг бўзлаб йиғлаганлари эшитилади.
Охири туриб ўтирдим. Йигитлар уйғоқ, наша чекишаётган экан.
— Менгаям ўраб беринглар, — дедим.
— Чекмас эдингиз-ку?
— Шояд ухласам... Эй, болалар, «бизлар — босқинчи»ми, а?
Болалар миқ этмади.
— Наҳотки Ҳаким ҳақ бўлса?
Яна жимжитлик.
... Ўн йиллардан кейин уларнинг «дух»лари — босмачи эмас, биз — Совет аскарлари — ҳақиқий
босмачи эканимизни тушундим.
Биз ғафлатда қолган авлод эканмиз.
Ана бунинг учун йиғласа арзийди.
1988
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
63
ХОРАЗМ, ЖОНГИНАМ
Шоир укам Қадамбойга
Мен бир саёқ одамман, ака. Бугун бу ерда бўлсам, эрта Фарғонадаман. Индин сизнинг юртингизгаям
кетавераман. Мижозлар кўп! Мана, дафтарчамда, ҳей, ўнлаб тўйлар бор. Барининг куни аниқ. Рубоб
омон бўлса, овозни олмаса, энг муҳими — ўзбек халқи бор бўлса ошиғим олчи. Умуман, бизнинг
ашулани тожиклар ҳам, туркманлар ҳам яхши кўради... Чет элга борган ансамблларимиз ҳам жуда обрў
олиб келишади.
Лекин мен ўзимни катта санъаткор деб билмайман. Мендақалар Хоразмда сон мингта!
Энди, мен сал олғирроқман-да... Ўйинчи қизларниям жуда ҳалигидай кетворганларидан олиб
юраман. Ҳақиниям бас дегунча бераман. Шунинг учун «Ўйинчи қизлар» ансамблида ҳам,
филармонияда ҳам мен билан юришга ишқибоз қизлар кўп. Яъни, тўйга юришга-да... Йўқ-йўқ, мен
уларга синглимдай қарайман. Ҳа, энди, баъзан биронтаси билан, шундаям...
Хуллас, ака, аввало Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, мен учун бу заҳматкаш ўлканинг ҳар
бир қишлоғи азиз: ахир, қаерига бориб тўртта ашула айтсам — чапак, олқиш!
Ўзингники-да... Ҳали битта ёзувчи ёзганидай, илгари бўлинган эдик: ҳе, хонликлар замонида. Мана,
ҳозир биттамиз. Мен инқилобнинг мана шу томонидан розиман аммо. Ўзбек халқининг бошини
бириктирди. Ўзаро жанжалларга чек қўйди. Ҳозир ҳам баъзилар: «Биз бир миллат бўлиб
шаклланмадик», дейишади. Балки шу боисми, Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшаси ҳам — бизнинг ватан
деган гапга бироз панжа орасидан қарайдиган бўлганман.
Сабабки, ҳар биримизнинг ҳам туғилган маконимиз, киндик қони томган тупроғимиз бор-да ахир.
Уни отга ўхшаб айланиб-айланиб топар экан киши. От айланиб, қозиғини топади, деганларидек.
Хўш, бир бошдан айтаман.
Хоразмга туз ёғила бошлади. Ҳар квадрат метрига фалон кило. Деворлар зах тепгандек шишиб,
уваланиб тўкилишга бошлади. Мадрасалар, қалъалар ҳам шу аҳволда. Ҳавонинг ҳам мазаси қочди.
Буларнинг бош сабаби, албатта, Оролда... Ҳа-ҳа, буни ҳамма билади. Қорақалпоқда аҳвол бизникидан
ҳам ёмон. Туркманистоннинг кўп жойларидаям. Бухорода ҳам...
Пахтадан ҳам путур кетди. Ер, экиладиган ер касал, дабдаласи чиққан, банги. Химикатни
шимийвериб, наркаман бўлиб қолган... Энг ёмони — Оролнинг ҳалокати...
Бу тўғрида мендан ҳам яхши билсангиз керак: газеталар ҳар куни ёзишади.
Хуллас, ака, Хоразмда яшаш қийин бўлиб қолди.
Мен-ку онда-сонда бораман. Шунда ҳам меҳмон бўлиб... Лекин Хиванинг ўзида, Ичан қалъанинг
шундай ёнида ҳовлимиз бор. Катта ҳовли. Отам турарди унда...
Отам эскитдан рубобсоз эди. Шунақанги торлар ҳам ясардики, санъаткорлар уйимизга келиб, заказ
бериб кетишарди. Усталар ҳам ғалати бўлар экан-да: отам кўнглига ёққан санъаткорга соз ясаб берарди.
Кейин: «Хоразм мақомларини кўпроқ ўрган. Ўлиб кетмасин, қўшилиб қоришиб кетмасин», дер эди...
Хоразмни яхши кўрадиган у кишидек одамни ҳали учратмадим. Аммо менинг фожиам шундаки,
отамнинг туғилган юртга бунчалик ёпишиб олишини «эскича фикр, қарашлар оқибати», деб
ҳисоблардим. У кишини «кўнгли тор»ликда айблардим, ўзимча...
Ҳозир ҳам кўз олдимда турибди: мен у кишини кўргани борган вақтларимда гоҳо тонг саҳарда уйдан
тополмай қоламан. Кўчага чиқсам, пўстин эгнида, бошида чўгирма, кимсасиз, баланд кошоналар
орасида гангиб, бир куйга қулоқ солган каби юрган бўлади. Ғалати манзарада: ҳеч ким йўқ кўча. Карвич
деворлар баланд. Улар оша қадим гумбазлар кўриниб туради. Ўтмиш, ўтмишнинг ўзи... Шулар орасида
биров айланиб юрса! Тағин у одам гангиб-гарангсиб юрса! Томоша қилиб эмас, йўқ. Нима десам экан,
отам бундай кўчаларда қандайдир... мана шу манзара билан уйғунлашиб кетарди: унинг узвий бир
бўлагига айланарди.
Энди мени — соч қўйган, галстук таққан, костюм-шимдаги йигитни ўша кўчада тасаввур қилинг:
туристдан фарқим йўқ.
Шунинг учун гоҳо менга шундай туюлардики, мен ва менга ўхшашлар бу ерда муваққатмиз:
сайёҳлар каби келиб, тезда ғойиб бўламиз. Бу — минг йиллардан қолиб келаётган кошоналар, деворлар,
гумбазлар, тор кўчалар эса қолаверади.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |