www.ziyouz.com кутубхонаси
23
Ана шунда денг, оқшом маҳали Эшвой қоровулхонага ҳовлиқиб келиб қолди.
— Ака?
— Ҳа, ука, — деб чиқдим.
У бошини эгиб, қандайдир ҳазинлик, яна кинояга ўхшаш бир ҳолатлар бутун қиёфасида акс этганча
турди-да, бурнида кулиб:
— Тавба, — деди.
— Қулоғим сизда!
— Ҳе, қизиқ... Бугун ҳали... денг, сизни мақтаб қолдилар, — деди энди чеҳраси ғалати бир тарзда
очилиб. У бу ишдан хурсандми, ғашми — билиб бўлмас эди. Лекин қаттиқ ҳаяжонда! — Ҳа, ака, мақтаб
қолдилар, — энди йиғлайман деб туриб кулган кишининг тўлғокди оҳангида давом этди: — Ўша мен
сизга айтган нарсаларни айтдилар. Сувга сакраганингиз борми, анави икки пиёнистани ётқизиб
қўйганингиз борми... «Сиз шундай қилоласизми? Ҳечам қилолмайсиз-да», — дейдилар. Мен ҳайронман.
— У қандайдир жиддийлашди. — Ҳар кимнинг ўз вазифаси бўлади, масалан, сизнинг ҳам, тўғрими,
ака? Спортчининг ҳам...
— Албатта, албатта, — дедим. — Мен, масалан, ҳинд тилидан дарс беролмас эдим.
— Балли. Раҳмат. Шундайки, мен ҳам...
— Фаррошлик қилолмайсиз. У қийналиб кулимсиради.
— Детдомда қилганмиз. Етимхонада... ер супурар эдик. Девор урар эдик...
Мен унга ачиниб кетдим: демак, бу йигит етим ўсган... «Нега бунга азоб беради, а, у? Бошида тожи
борми! Уни деб чет элга боришдан қолипти. Энди бориб ялинсаям юборишмас... Уни... Сени деб
ўқитувчилик қилиб юрипти! Фалон сўмга қаноат қилиб... Шошма, қандоқ одамсан ўзи? Болаликдан
севар экан сени! Мундай йигитни... дорига топиб бўлмайди. Нимангга ишонасан? — Э, тоза қизишиб
кетган эдим. Гўё у жонон билан олишардим. — Ўзингизам сал демаса, қари қиз бўлиб қопсиз, хоним!
Эрта-индин бозорингиз касод бўлиб, хотин қўйган ўрта яшар кишигаям тегишга жон дейдиган бўп
қоласиз... Ё шунчалик мағрурмисиз? Шошманг...»
Назаримда, қизнинг бошқа йигити бор-у, Эшвойни лақиллатиб юргандай туюлди.
Кейин бу гапга чиппа-чин ишониб қолдим: «Бошқача бўлиши мумкин эмас!»
— Эшвой жўра, — дедим. — Мен сиздан катта эмасман. Келинг, жўралашамиз.
— Э, йўғ-э...
— Э, тузук туринг-е! Минғирламанг... Кечирасиз, бу яхши одат эмас. Нимадан ҳайиқасиз?.. Мард
бўлинг-э! Одам бир марта дунёга келади. Кўкракни кериб юрмайсизми!
Мен шунақа қилиб сайрар эдим. У менга сезиларли ҳурмат билан, айни чоқда «Бу гапингизни
биламан, тушунаман, ака» дегандай бир камтарона хайрихоҳлик билан эшитарди.
Нима демоқчи эканимни унутиб қўйдимда:
— Келинг, бир ўтиришайлик. Биздан нима кетди! — дедим. — Хоҳласангиз, мен ташкил қиламан.
Лекин пулим йўқ.
— О, о, о! — худди бир ерига қайноқ сув қуйилиб кетди-ю, мендан кўра у кўпроқ азоб чеккандек тус
олди. — Менда бор... Узим... Нега шундай дейсиз? Пул...
— Бўпти. Эртага кечки пайт.
— Э, эртага суриб нима қиласиз? — деди у. — Шу оқшом... Мана, бирон соатдан кейин. Мен у
кишини таклиф қилсам, хонамга келадилар...
— Олам гулистон! — Лекин ичимда: «Тавба, — дедим. — Хонасига келибам лақиллатиб ўтирса
керак».
— Соат, соат...
— Еттидан кейин, — деди. — Меҳмонам келмайди. Келсаям қабул қилмаймиз. Сестра хозяйкалар
кетиб бўлади.
— Бўлмасам, ярим соат қопти.
У илиққина илжайиб, тез қайтиб кетди.
Мен унинг нима қилишини ўзимча тасаввур этардим: шошилади, нималарнидир тушириб юборади.
Анави суратни нима қилар экан? Ўша ерда тургани маъқул.... Қиз халқига таъсир этади. «Мени севар
экан», дейди. «Расмимга қаноат қилиб юрган экан, бечора», — дейди.
Алқисса...
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |