www.ziyouz.com кутубхонаси
215
боқди Таваккал. — Ўпкаласам арзийди! — дегач, яна аслига — шўхчанлигига қайтди. — Мени
уйларига таклиф қилдилар, раҳмат. Чой, кофе дамлаб бердилар, раҳмат, Аммо...
— Таваккал ака, — деди Гулсара оғриниб.
— Йўқ, тўғрисини айтишим керак-да.
— Хўп. Айтинг-айтинг.
Таваккал қўлларини ёзиб, жуда ҳайрон қолганини билдирди:
— Ётишга қўймадилар... Мен бечора мусопирди. Гастинсага ҳайдадилар. «Вой, мусулмон,
тегмайман сизга», дейман. Ишонмайдилар... Шунақа бўлди, Қувватжон.
Мен бундай гапларга ҳайрон қолмаслик лозимлигини тушунсам-да, уялдим ва Таваккалнинг «ўзига
ишончи» анчагина ошиб кетганини дилимда қайд этдим.
Кейин бу «очиқ гаплар» хонимга қандай таъсир этганини билиш учун унга қарадим...
Эътироф этаманки, илк бор тикилиб қарадим. Зеро одатим шу: бундоқ давраларда йигитлар аёллари
билан ўтирадими, бошқа таниш жувонлар биланми — эркаклар билан гаплашардим-у, аёлларнинг
саволларига жавоб берардим, холос.
Аммо хотинларга тикилиб қараш... йўқ. Бу — ўзбек одатиданми, табиий андишаданми —
билмайман.
Гулсарага тикилиб қарасам, у қандайдир асабий, ниманидир кутаётгандай, ўша кутгани содир бўлса,
шартта туриб кетворадиганга ўхшарди.
— Қани, олдик-е! — деб юборди шунда Таваккал — Майли, бу ёғига худо пошшо!.. Айтмоқчи, мен
Гулсара учун ичаман... Қувват, сиз ҳам хоним учун ичинг. — Ниҳоят, ийманиб жилмайди. — Мен
«номард» дедим бу кишини. Аслида хурсандман, худо уринсин-а... Зўр аёл экансиз. Чесни айтаяпман.
Гул, сиз учун!
— Қуллуқ-қуллуқ, — деди у.
Мен ҳам эркин нафас олдим.
— Раҳмат сизга, Таваккал ака, — дедим. — Гулса-рахон, омон бўлинг. Бизнинг ёзувчилар орасида
бир гап бор: «Феълинг ўзгармасин», дейдилар. Урисчасига: «Надо быть самим собой». Шундоқ.
— Тушунолмадим, — деб яна ёлғондакам ишшайди Таваккал. — Акамни остонадан ҳатлатманг,
демоқчимисиз?
Мендан олдин Гулсара эътироз қилди:
— Йўғ-е.
— О, раҳмат сизга, — дедим. — Ўзи, одатда, бунинг акси бўлади.
— Ана! — деди Таваккал яна талтайиб. — Демак, мен индамайгина чиқиб кетиб, тўғри иш қилган
эканман-да?
— Жуда, — деди Гулсара ва ҳаммамиз кулиб юбордик. Хонимнинг ҳурмати учун ўрнимиздан
турдик. Гул-сара ҳам ўрнидан қўзғалди-ю, «Тановар»га қулоқ тутиб, тек қолди.
Зал ўзбекча гумбир-гумбирга тўлиб, у-бу столдан, худди ўзлари буюртма қилгандек ўзбек йигитлар-
у аёллар қўзғала бошлаган эди.
Таваккал шоён хурсанд бўлиб:
— Олдик! Кейин — ўйин! — дея қадаҳни шартта бўшатди-да, курсисини орқасига қитирлатиб суриб,
четга чикди. Гулсара идишини лабига тегизиб, жойига қўйди.
Do'stlaringiz bilan baham: |