www.ziyouz.com кутубхонаси
188
ажабтовур мос келаётгани ва бундан пинҳона қувонаётгани бунга боис эди.
Шунинг учунмикан, энди унинг назарида, бу тоғу тошлару арчазорлар, сойлар, кўкатлар, кенг
осмон-у ёрқин қуёш нурлари ўзгача яқин-у азизликда кўринар, бу ҳолни шундай изоҳлаш ҳам мумкин
эди: унинг, ҳув, қишлоқ четидаги яланг қирда уйи бор, қўраси бор, боғчаси бор, бироқ булар — бу
кенгликлар-да уники, демак, унинг меҳрига шерик, қаровига умидвор, демак, булар ҳам ўзиникидирки,
бунча «нарса»ни қалбга сиғдириш учун энди бошқачароқ бўлиши, бошқачароқ ўйлаши лозим.
... Ниҳоят, қариянинг фотиҳаси, яъни:
— Омин, мурод-мақсадларингга етинглар. Юртимиз тинч, бой-бадавлат бўлсин, илойи. Озоддикнинг
нашидасини, сизлар айтгандек, суриб юрайлик бизлар ҳам... — деганидан кейин саёҳатчилар
қўзғалишди.
Гулханни ўчириб, машина ёнига тушишаркан, Мансур қафасни Ўтбосарга берди.
— Эсдалик.
— Ў-ў, зўр гап, — деди Ўтбосар. — Эшқувват, муни бўлажак музейга қўямиз.
Уларнинг гурунги машина устидаям давом этди: Ўтбосар Шотўра муаллимнинг мачит-пачитга
бориш-бормаслигини сўрагач: «Мен ҳам учрамоқчиман имомга, — деди. — Шу атрофда тўртта
қабристон бор экан. Мол оралаб юради... Атрофини симтўр билан ўраб қўймоқчиман. Эшқувват сурпга
ёздириб келди: «Эй, инсон! Келадиган жойинг шу ер экан-ку оқибат. Топтама!» Ахир, бу
қаровсизликлар ҳам кеча атеист бўлиб юрган кунларимиздан мерос...»
Шотўра муаллим вазмин бош ирғаб, унинг қарорини маъқуллади.
Кейин мактабда миллий созлар-асбоблар етишмаслиги, харид қилишга куч йўқлигини ҳасрат
қилганди, ёш бизнесмен унинг белидан қучиб қўйди: «Бўлади. Бир-иккита жўраларим бор. Мард
йигитлар. «Туман газетасини оталиққа оламиз», деб юришипти. Уларга айтаман... Ака, ҳамжиҳатлик,
ўзаро ишонч керак, холос».
— Ҳамжиҳатлик...
— Мана, бизам ҳамжиҳат бўлдик, — деб Эшқувватнинг биқинига тирсаги билан туртди Абулқосим.
Эшқувват эса:
— Ўҳ, — деди. — Яна бир турт. Бортдан учиб тушасан!
Тенгқурлар кулишди.
— Эй, юртимиз кенг-а! — деб қолди Олимбой. — Муни қаранглар!.. Ўтбосар, шу-у америкаликлар
демакратмиз дейди. Қаерда бир уриш чиқса, ҳозиру нозир — гижгижлайди. Отадай... Аммо ўзларининг
шиори бор: «Прежде всего — Америка!»
— Ҳа, — деди Ўтбосар манглайи остидан теваракка боқиб. — Биз ҳам шундай бўлишимиз керак.
Ахир, ҳар биримиз ҳам, аввало, Мансур акага ўхшаб уйим-жойим деймиз-ку? Бу табиий йўл. Демак,
ҳаммамиз учун Ўзбекистон ягона ватан. Прежде всего... Бошқаси — кейин.
— Юнонларнинг Лукиан деган ёзувчиси ўтган. Эрамиздан аввал. Унинг «Ватан шаънига» деган
асари бор. Ундаги биринчи жумла шундай экан: «Ўз она-отасини севмаган фарзанд ўзга ота-оналарни
ҳурмат қила билмайди. Ва ўз ватанини севмаган киши ўзгалар ватанини ҳурмат қила олмайди!»
— Уҳ, зўр айтган экан. Ёзиб оламан. Шиор қилиб, қоқиб қўяман, — деди Ўтбосар.
Мансур ўз-ўзича тамшанар, ютинар, ички-азобли бир шодликдан кўнгли тўлиқиб-тўлишиб кетаркан:
— Эй, биродарлар, — деди овози бирдан хира тортиб. — Ўғри ўғрининг қўлига сув қуяр экан. Улар
бир-бирини қоронғида топар экан. Ахир, бизлар тўғри одамлармиз-ку? Нимага ўшалардай дўст,
ҳамфикр, ҳамжиҳат бўлмаслигимиз керак? Иўқ, кечирасизлар, шундай бўляпмиз-у...
— Бу ўзимизга боғлиқ, Ўтбосар. Аммо, ака, сиз ҳам ўткир гап қилдингиз.
— Бугун ўзи фақат ақлли гаплар айтиладиган кун экан, — деб тўнғиллади. Абулқосим. — Лекин бир
кишидан ақлли гап чиқмади-да, а, Эшқувват?
Эшқувват уни қисиб-қучоқлаб олди.
— Отвораман!
Машина секинлади.
Шунда мутлақо кутилмаган мўъжиза содир бўлди: машина ортидан учиб, аммо бир сония ҳам
тўхтамасдан чуриллаб келаётган бир каклик (какликлар одатда шерикларини ҳам хавфдан огоҳ этиш
учун, айниқса, ердан кўтарилганда жуда қаттиқ овоз чиқаришади ва қанотларини ҳам беҳад қаттиқ
қарсиллатишади) машинадагиларни ўзига қаратгани ҳолда келди, келди, келди-ю... бортга пасайди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |