www.ziyouz.com кутубхонаси
122
да — шундоқ яқин масофада ётиши ва уларнинг пинҳона алоқаларидан айрим кишилар бохабар ҳам
эканлиги, бироқ одамларнинг бу ҳолга панжа орасидан қарашлари ҳақида ўйлаб, ўзимча шундай
хулосага келдим: ўша вақтларда турмушнинг изми шу экан-да? Раислар халойиқнинг, дейлик,
маломатидан, қўрқмас эканлар-да!
Ўзим ҳам сезардим: булар икковлон Улкан қишлоғининг хонлари — беклари эди!
Шунинг учун улар оддий одоб-андиша деганларидан ҳам устун туришарди чоғи...
Ҳақиқатан ҳам халқ булардан зирилларди. Оқбойнинг машоқ терган, қорни учун ғалла ўғирлаган
болаларни ҳам Раис бобонинг қамчилаб уриши ҳақидаги гапи ҳақ эди.
Бундай иш, мен ишонаманки, онамнинг ҳам қўлидан келарди. Оддий одамларга шунақаям дўқ қилиб
юборардики...
Узр, сал ўтлаб кетдим.
...Сўрадилар, сўрадилар кечаси. «Нима қилдинг? Кимлар билан ўйнадинг? Дарёга боргансан...»
«Бордим. Узоқдан томоша қилдим Оқбой билан, — деб жавоб бердим онамга. — Лекин Жўра билан
гаплашганим йўқ. Оқшом дастурхон устидаям кўрдингиз-ку?»
— «Ҳа, сенга ҳўмрайиб-ҳўмрайиб қаради... — деди онам. — Шундан ҳам билавер. У сенга
душман...»
Эртаси Раислар ишга кетиши замон биз Жўра иккимиз яна дарёга отландик.
— Нон-пон оламизми онангизга?
— Тушдан кейин, — деди Жўра. — Дайро ёқасида шотутлар бор. Яқинда каллаклаб кетишган эди...
Шу кунлар яна пишиб қолгандир...
— Ўшандан ҳам терамиз-а?
— Ҳа..
Кун бирон терак бўйи кўтарилмасдан биз дарёнинг «юқори» томонига бориб қияликдан эндик. Бу
жойдаги жарлик томонга оқаёттан сув кичкина кўприкнинг остидан шовуллаб ўтар ва ёйилиб кетар, сув
остидаги барча тошлар баралла кўриниб турарди.
Гапнинг қисқасини айтсам, пешингача сузишни анча ўрганиб олдим. Тағин сув остидаги силлиқ
тошларга оёқни қўявермасликни ҳам...
Дарё(ча)ни сузиб-кесиб ўтишга тўғри келса, албатта, оқимга қаршироқ юриш лозим экан. Чунки
оқим барибир сени суриб, кўзланган жойингга етказмайди. Шунчаки сувни кечиб ўтаётганингда ҳам
ҳадеб оқим бўйлаб қарайверсанг, бошинг айланар экан...
Сув остида кўзни очиб юриш...
Дафъатан кўзни очганингда, қаршингданми, ён-верингданми кўзингни нимадир босар экан: сув
албатта! Кейин чаккаларинг сал-пал оғрир экан. Сўнгра...
...қизиқ, мавҳум-хаёлий бир оламда сеза бошлар экансан ўзингни.
Аста-секин оёғинг остидаги тошчаларни ҳам кўрар экан. Улар қандайдир япасқидек! Қўлингни
узатсанг, бармоқдаринг ҳам калта-калта бўлиб «қоларкан». Ҳатто оёқларинг ҳам маймоқланиб
кўринаркан.
Пакана-хунук бир маҳлуққа айланар экансан.
Орадан беш-олти кун ўтди.
Камина бирон дақиқалар нафас олмай — сув остида сузадиган бўлиб қолди.
Кўз деганингиз ҳам сув тагида нарсаларни балодек кўради. Бу жараёнда ҳалигидай ҳайратланишлар
ҳам йўқ бўлди; қиёфамга кўникдимгина эмас, кўзнинг ўзиям ҳалиги босимга ўрганди чоғи —
чаккаларимнинг лўқиллаши ҳам қолди.
Биз ҳар куни ё тушгача, ё тушдан кейин лопиллаган осма кўприкдан ўтиб, Жўра аканинг онасидан
хабар олгани борардик: ул-бул егулик билан...
Кейин ўша айланма йўлдан юлғунзор соҳилга тушардик. Табиий: болалар-қизлар қатори ўзимизни
«дайрога ташлардик», молтиб юрардик...
Жамол ўқтин-ўқтин мени мақтаб ҳам қўярди: «Қўрқмасанг бўлди. Дайро ўзимизники...»
Қизалоқлар ҳам мендан кулишларини бас қила бошлаган, аммо кўзи сузук, яноғи чиқиқ ўша
қизчагина қувлигини ташламас, туриб-туриб: «Отимни айтмайман!» деб қоларди.
Нимагаки, биродар, мен ҳали ўша ийримнинг тагига шўнғиб етиб боролмас эдим!
Рост, бир-икки марта яқинлашгандек бўлдим. Аммо нимадир бир куч мени қаёққадир суриб
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |