www.ziyouz.com кутубхонаси
22
Котиб куюнди:
— Қачон жиловлаб қўйилади бу иғвогар, ғаламислар-а?! Қачон бартараф бўлади, бу
анонимчилар-а?! Аввал солиқ масаласи эди, энди бу! Раҳмат, мухбир ака, ҳақиқатни тиклагани
келибсиз. Умид қиламанки, ҳужжатларимизни кўриб чиқиб, ўша фисқ-у фасодчиларнинг
ёзганига яна қайтиб ишонмайсиз!
Бегона овоз сўради:
— Холлиев Жўра!
Котиб жавоб берди:
— Бор, Вахшиворда яшайди!
— Саидов Олим!
— Бор, Зардақулда истиқомат қилади!
— Каримов Холбек!
— Ҳаёт! Лўккада қарилик гаштини суриб юрибди!
— Илтимос, шу одамни бир чақиринг. Бир гурунглашайлик.
— Энди, мухбир ака, Лўкка олис, ҳа, олис! Буёғи, Лўккасойдан сел чиққан! От ўтолмайди!
— Хўп, Тўраева Менгсултон!
— Бор!
— Қаерда?
— Хўжасоатда! Қарилик нафақасини ўз вақтида олиб туради!
— Хў-ўп. Исломов Бўрибой!
— Ҳ-е, бу анави чинорлик дала қоровули! Куни далада ўтади! Бўри акани эрталаб бекатда
кўриб эдим! Йўл бўлсин, десам, Денов бораяпман, нос тамом бўлди, деб эди!
Қоплон кўзларини бир юмиб очди. Оёқ учида ташқарилади, тағин отланди. Жиловни қўйиб
юборди. От ўз ихтиёрида қадамлади.
Қоплон эгар қошига тикилиб борди-борди-да, бирдан бошини кўтарди. Шунда, қўлида жилов
йўқлигини билди. Узалиб, от бошигача сурилиб бормиш жиловни тортиб олди.
От сесканди, олд оёқларини хиёл кўтарди, йўлга бел бўлди.
Қоплон отни чапдаги эчки сўқмоқдан солди.
Сойда сатил кўтариб юрмиш аёллар олдидан ўтди. Адирлаб, отига қамчи босди.
От ғарқ терга ботди, оғир-оғир нафас олди.
Қоплон адир нариги бетида отдан тушди. От арқонини тошга ўради.
Майдароқ бир тошга чўнқайиб ўтирди. Тиззаларини қучоқлади. Пешонасини билакларига
қўйдида... ҳўнграб йиғлаб юборди!
У йиғлади... инсон, ўғри бўл, ғар бўл, эви билан бўл-да. Шундан кўра ўлганинг яхши эмасми.
Имон қани, одам деган номинг қани, инсон... дея йиғлади.
У йиғлади... инсон, сенга пул керак, инсон. Пул деганлари бир қоғоз-ку, инсон. Қоғозни деб
шунчаликка бордингми, инсон... дея йиғлади.
От қулоқларини диккайтириб-диккайтириб хўжасига қаради.
Қоплон йиғлай берди-йиғлай берди. Қизимиш бадани совиди, тўлмиш ўпкаси бўшади.
Отни хиёл йўлгача етаклаб борди. Кўзларини желаги ўнгири билан артди. Хўрсина-хўрсина,
отланди. Чайқала-чайқала, ёқасига туфлади.
Мухбир сўрамиш, котиб айтмиш ўша бандаи мўминлар кўз ўнгидан бир-бир ўтди: Холлиев,
Саидов, Тўраева...
Бу бандайи мўминлар... бу бандайи мўминлар бундан беш-олти йил муқаддам... раҳматлик
бўлиб эди...
Do'stlaringiz bilan baham: |