www.ziyouz.com кутубхонаси
80
Шундай кунда рамазон келди.
Eл рўза тутишини-да билмади, рўза тутмасини-да билмади. Рўза тутайин деди, кун кўз
очирмади, кун нафас олдирмади. Рўза тутмайин деди, мўмин-мусулмон учун рўза қарз-да
бўлди, фарз-да бўлди.
Отамиз билан онамиз ўйлаб-да ўтирмади. Кун офтоб тугул, олов пуркасада, рўза тутарман
бўлди.
Боиси, эл-юрт олдида ўзларини қарздор билди, эл-юрт олдида ўзларини айбдор билди...
Қола берса, отамиз бир умиди Лайлат ул-Қадр бўлди...
6
Eмишки, йил, мелодий олти юз ўнинчи йил бўлди. Ой, Рамазон ой бўлди.
Оллоҳи таолонинг Жаброил отли бир фариштаси бўлдилар. Оллоҳи таоло ана шу фариштасини
ҳузурларига чақирдилар. Жаброил фариштасидан Муҳаммад алайҳиссаломимизга ваҳий
юбордилар.
Бу амал Қуръони карим оятлари ёддан айтила бошламиш илк кечада содир бўлди.
Оллоҳи таоло ана шу тариқа-ана шу тариқа, Муҳаммад пайғамбаримизга ваҳий йўллай-ваҳий
йўллай бердилар.
Мелодий олти юз ўттиз иккинчи йилгачайин ана шундайин ваҳий йўллаб турдилар.
Eмишки, Қуръони карим ана шундай бино бўлди!
Шу боисдан Рамазон муқаддас ой бўлди.
Қуръони каримдай мўтабар ҳам табаррук китоб бино бўлди, муқаддас бўлади-да!
Шу боисдан Рамазонда мўмин-мусулмонлар рўза тутди.
Ойдин бўлдиким, Лайлат ул-Қадр оллоҳи таоло Муҳаммад расулуллоҳимиз учун яратмиш кеча
бўлди.
Арабча «лайл» сўзи ўзбекча «кеча» демакдир. Арабча «қадр», ўзбекча «тақдир» демакдир.
Ойдин бўлдиким, Лайлат ул-Қадр, «тақдир ҳал бўлажак кеча» демакдир.
Жумлайи мўминларга аёнким, йиллар ҳисоб-китоби Қуёш Ер гирдида айланмиш даврига қараб
саналади. Шунга биноан ҳар келажак янги йил эски йилга нисбатан ўн кун-ўн кун олдин
келади.
Рамазон ҳижрий-қамарий йиллар тўққизинчи ойи бўлади.
Демак, Лайлат ул-Қадр ҳар йили бир вақтда келмайди. Турли кечаларда келади. Рамазон ойи
охирги тоқ кечаларида келади. Хусусан, ўн еттинчи, ўн тўққизинчи, йигирма биринчи, йигирма
учинчи кечаларда келади. Кўпинча, рамазоннинг йигирма еттинчисида келади.
Лайлатул-Қадр келажак кеча мўмин-мусулмонлар ниманики тиласалар, тилаклари бажо
бўлади. Орзу-умидлари ушалади.
7
Отамиз-да, онамиз-да, Лайлат ул-Қадрни... улуғ бир зот, дея ўйлади!
— Лайлатул-Қадр ҳар бандасиникига-да кела бермайди, момоси, — деди отамиз. — У киши ўз
суйган бандаларникига келади. Кимда-ким бус-бутун рўза тутса, ана шу бандасиникига қадам
ранжида қилади.
Отамиз рамазон кечаларини санаб рўза тутди.
Неча-неча кечалар бедор ўтди.
Отамиз кўз илмаяжак кечалар бўлди.
Онамиз киприк қоқмаяжак кечалар бўлди.
Ўзлари тўшакда бўлди, бор вужудлари ташқирида бўлди. Қулоқлари динг бўлди.
Лайлатул-Қадрни чўчитиб юбормасинлар учун йўталмай ётди.Оҳиста-оҳиста гапиришди. Тиқ
этмиш товуш чиқаришмади.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |