www.ziyouz.com кутубхонаси
49
1
Толтуш эмиш...
Олапар тут соясида олд оёқларига тумшуқ қўйиб сувга термулар эмиш.
Девор ёқалаб оқмиш ариқда бир қизил олма бир кўриниб, бир кўринмай оқиб келармиш.
Олапар қулоқларини диккайтириб, олмага ажабланиб қарармиш.
Еб бўлмаслигини билармиш-да, тағин оёқларига тумшуқ қўярмиш.
Олапар қабатида қизалоқлар давра бўлиб ўтириб босмалим ўйнар эмиш.
Бир қизалоқ гилосдай-гилосдай бешта тош иккитасини ўнг, иккитасини чап тарафига қўярмиш.
Қўлида қолмиш бир тошни осмонга отармиш. Кафти билан ерга бир шапатилармиш-да,
осмондан келмиш тошни қўли юзаси билан илиб олармиш. Қўли юзасидан ғоят нафис, ғоят
эпчиллик билан қўли кафтига олармиш...
Қизалоқ... онамиз қизи эмиш!
Онамиз... қизи отини билмасмиш!
Қизи босмалим ўйнай берармиш-ўйнай берармиш! Босмалимнинг ёвғон турини ўйнаб бўлиб,
даҳмана, улуғ, эшала, эшонқўзим, шовдир, кичикқон, каттакон, култепа, ер шапиллатар, қайи-
рув, келин турларини-да ўйнармиш.
Ўйин якунловчи келин турига яқинлашган сайин мураккаблашиб борармиш.
Қизи тошни турли-туман ўйнатиб-ўйнатиб илиб олармиш. Шу тур номини ўйин нағмасига
монанд бот-бот айтар эмиш:
— Келиним бир, келиним икки, келиним уч...
Қизи кўп турларни уч маротаба ижро этибди. Улуғ, каттакон деган турларни олти маротаба,
эшонқўзим турини тўққиз маротаба такрорлабди. Тошни тур охиригача ерга туширмай
ўйнабди. Хатоликка йўл қўймай ўйнабди. Борди-ю, бирор тошни номаъқул илиб олса, ё,
адашиб илиб олса, босмалим ўйнаш гали ёнидаги қизалоққа...».
Темир сўрида ётмиш Оймомо онамиз сесканиб уйғонди. Қораялангбош туриб ўтирди. Болишда
ёйилиб ётмиш рўмолини ёпинди. Тиззаларини кўрпа сиртидан қучоқлади. Уйқули кўзларини
уқалади. Теваракка аланглади.
Ой қоронғи бўлди. Юлдузлар сийрак бўлди.
Робия ҳамсояси гўдаги биғ-биғ йиғлади.
«Келиб-келиб шу маҳалда-да йиғлайдими... — дея ўкинди онамиз. — Ўзи, ҳали нима кўрди?
Ўғил кўрдими, ё, қиз кўрдими? Қиз кўрди, қиз! Босмалим ўйнади-ку...».
Онамиз эснаб-еснаб минғиллади:
— Қиз бўлса-да майли... — деди.
Қабатида ётмиш отамиз-да уйғонди.
— Нима бало, эловраяпсанми? — деди.
— Йўқ, Робиянинг чақалоғи уйғотиб юборди.
— Шунинг чақалоғи ёмон йиғлоқи бўлди-да.
— Айтгили йўқ.
— Ёт энди, ёт.
Онамиз ётиб, кўзларини юмди.
«Ҳали тонг олис, — умидланди онамиз. — Тушимнинг охирини кўраман. Шунда, қизимнинг
отини билиб оламан...».
2
Кузда майиз қилиш бошланди.
Отамиз аввал ўз томорқаси майизини қилди.
Ҳосил яхши бўлди. Беш юз килоча майиз олди.
Ўзи тўқимиш иккита қўлсаватчани эгар қошига қистирди. Колхоз майизига йўл олди.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |