www.ziyouz.com кутубхонаси
57
— Энди, ука, сўнг-сўнг ўйлаб қарасам, олиснинг паловидан, яқиннинг шўрваси яхши экан!
Котиб паловга тамшаниб-тамшаниб қаради.
— Ҳа-а-а! — деди котиб. — Олдигинангиздаги паловгинадан дейсиз-да?
— Шундай-шундай.
—Ўзгинангиз еяётган зиғир мойликкина паловгинадан дейсиз-да?
— Ўзимиз еяётган зиғир мойлик эмас, пахта мойлик палов.
— Ҳа-а-а!.. — Пахта мойликкина паловгинаям яхши...
— Шундай-шундай. Бай-бай-бай! Ўзиям, паловмисан-палов бўлибди-да.
Котиб бир тескари қараб олди.
— Ҳа-а-а-, майли... — деди котиб. — Икки йиллик томорқа солиғини тўламабсиз. Солиқчи бўлса
касал. Буёғи, раёндан бўл-бўл қиляпти. Шунга ўзим келиб эдим.
— Бинойи-да, бинойи, — деди отамиз. — Энди, ука, гапнинг ўнақайини айтсам, менда пул йўқ!
Менга пул нима керак? Адирда магазин бўлмаса, бозор бўлмаса...
— Унда қайтамиз?
— Пулнинг бари аёлимизда! Аёлимиз бир ёққа овул қидириб кетди. Овуллаб келсин,
оғзингиздан чиққанини беради!
Отамиз ошамни катта-катта олди.
Отамиз ҳадиксиради: катта халқи юзсиз бўлади, сурбет бўлади! Мабодо, котиб отдан тушиб,
индамай келиб ўтирса нима бўлади? Унда отамиз тобоқдан қўлини тортади! Дастурхондан
холисроққа бориб ўтиради!
Котиб тоифасидагилар билан бир дастурхондан туз емайди, бир тобоқдан палов емайди!
Марҳумлар ҳақини ейдиган одам билан бир тобоқдан палов еб бўладими? Бўлмайди, бўлмайди!
Макруҳ, макруҳ!
Котиб, амални пеш қилиш фойдасизлигини билди. Энди ўзга йўлга ўтди.
— Биласизми-йўқми, сағал уруғчилигимиз бор... — деди котиб.
— Биламан, ўнгирнинг учи...
— Ия, ўнгирнинг учиям уруғ-да!
Отамиз косадаги шакароб сувдан ҳўплади. Паловга янада иштаҳа билан қўл узатди. Ўзига ўзи
марҳамат этди:
— Катта-катта олинг-е, Қоплонбой-е!
Палов борган сайин камайиб борди.
Котиб елкасидан нафас олди, котиб қилтиллаб ютинди.
— Минг қилсаям, уруғ уруғ-да, қоплон ака,— деди. — Эт билан тирноқни айириб бўлмайди...
Палов бир чети жар бўлиб, шу тарафга ағнаб тушди.
Отамиз билагидан мой оқди. Билагини ялаб-ялаб, лабларини чапиллатди.
Котиб-да тишини сўриб, лабларини чапиллатди.
— Томир тортади... — деди.
Палов ўртасида иссиқ бўлди.
Отамиз паловни бармоқлари учи билан титиб-титиб ташлади. Табоқдан палов иси анқиди.
Ай, палов иси, палов ислари-ай!..
Котиб чуқур-чуқур нафас олди. Димоғи роҳатланди!
Пешонасини қашиган бўлди-да, бармоқлари орасидан паловга қаради.
Палов борган сайин озайиб борди...
— Бўлмаса, қоровул бўламан деганлар кўп эди, — деди котиб. — Барини қайтардим. Сизга хўп
дедим...
Отамиз пиёлага чулдиратиб-чулдиратиб чой қуйди. Иссиқ-иссиқ чой ичди. Хўр-хўр чой ичди.
— Эй, худо, ўзингга шукур-е! — деди.
Котиб тобоққа қаради. Табоқдаги паловдан асарда қолмади!
Отамиз палов тагида қолмиш мойни ичди. Тобоқни ялаб-ялаб қўйди.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |