www.ziyouz.com кутубхонаси
52
Чим-чим чақмиш ари бўлдими ё чибин бўлдими?
Билолмади, отамиз билолмади!
Отамиз кайфияти шу қадар таранг бўлди! Эркаклар пешин чоғи узум узишни бўлди қилди.
Пайкаллардан чиқиб келди.
Аёллар эркакларни кўриб, у ёқ-бу ёғини тузатган бўлди, ўзига қараган бўлди.
Айрим узум доналари кесак орасида қолиб ё сув тегиб, чириган бўлди.
Аёллар ана шу чирикни майизжой бир четига олиб бориб ёйди.
Офтобда очиқ қолиб, пўла бўлиб қолмиш узумлар-да бўлди. Бу узум офтоби майиз бўлди.
Офтоби майиз бутун ёзи билан саратон офтобини олиб пишди. Шу боис, кўп шифоли
бўлди.
Аёллар ана шу офтоби майизни алоҳида ёйди.
Майизжой четида улкан дашт ўчоқ бўлди. Ана шу ўчоққа ўт ёқилди.
Отамиз чопони ўнгирини қайириб, белбоғига қистирди. Зинадан ўчоққа кўтарилди.
Қозондаги сувга ишқор билан оҳак солди.
Дашт-биёбонларда бир ўт ўсади. Майизчилар шу ўтни териб, тўда қилиб куйдиради. Ўт куя-
ётиб, ундан чакиллаб-чакиллаб суви томади. Сув кул билан қўшилиб, чўқир тош мисол қотади.
Ўзи кулранг, ўткир ҳидли бўлади.
Ишқор ана шу бўлади!
Майиз қозон қайнади.
Отамиз чўмич билан қайнаган сув тиниғини олди-олди, бир тоза идишга солди. Қозонни
тозалаб ювиб олди.
Кейин ишқор билан оҳак сувини тағин қайтариб қозонга солди.
Ўтёқар тинмай ўт ёқиб турди.
Аёллар қўлсаватларга узум солиб берди.
Бўзболалар қўлсават боғичидан кўтариб, отамизга олиб келиб берди.
Отамиз оёғини ўчоқ лабига тиради. Сават боғичидан авайлаб ушлади. Билқиллаб қайнаб
турмиш қозонга пишиб-пишиб олди.
Узумлар сап-сариқ бўлди.
Отамиз саватни тағин бўзболага узатди.
Бўзбола остидан ишқор ҳам оҳак суви шўр-шўр оқиб турмиш қўлсаватни майизжойга ташиди.
Аёллар узумларни ёйиб-ёйиб турди. Жовузни алоҳида, ҳусайинини алоҳида, кишмишини
алоҳида ёйди.
Боиси, ҳар майизнинг ўз таъми бўлади, ўз-мазаси бўлади.
Ана энди узумлар офтобда ҳафта деганда қурийди, сап-сариқ майиз бўлади!
5
Ишдан қайтар чоғларида бригадир келди.
Отамиз бригадирни холисроққа етаклаб борди. Ниятини айтди.
Бригадир ажабланди. Боисини сўради.
Отамиз жавоб бермади. Кўзларини олиб қочди. Ўзича бош ирғади. Кўнглида: «Eл-юртга
аралашмайин дейман, ука, тилим қисиқ... Вақтлироқ келганингда, тепадаги гапларни эшитган
бўлардинг...» деди.
Отамиз ўз кўнглида айтмиш гапини бригадирга айтдим, дея ўйлади.
— Шундай, бригадир ука, шундай... — дея тағин бош ирғади.
— Майли, қоровуллик бўлса қоровуллик-да. Омбор бўладими? — деди бригадир.
— Йўқ, дала бер, ука, дала бер.
— Майлингиз, унда, Камарга борасизми?
— Йўқ, бизга Сайрак адирни бер, ука. Аёлимиз билан икковимизга-да. Аёлимиз ўрнига-да ўзим
тура бераман. Аёлимиз овқат пишириб бериб туради.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |